samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

МИЛЛИЙ МАҚОМ САНЪАТИ ДУНЁНИ ЗАБТ ЭТАДИ

Чоп этиш

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йилнинг 6-10 сентябрь кунлари Шаҳрисабз шаҳрида илк бор Халқаро мақом санъати анжумани ўтказилади.

Айни пайтда юртимизда ушбу мусиқа байрамига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

Самарқанд ихтисослаштирилган санъат мактаби (собиқ Самарқанд санъат коллежи) жамоаси ҳам мазкур анжуман доирасидаги тадбирларда ўз дастурлари билан иштирок этиши режалаштирилган.

— Миллий мақом санъати халқимиз маданий меросининг ажралмас қисми ҳисобланади, — дейди Самарқанд ихтисослаштирилган санъат мактаби катта ўқитувчиси Ҳусан Файзуллаев. —  Бу санъат ўзининг бой қадимий тарихи, теран фалсафий илдизлари, бетакрор бадиий услуби ва ижодий анъаналари билан миллий мусиқа маданиятимизнинг асосини ташкил этади. Афсуски, биз ана шу маданий меросни ўрганиб, кенг тарғиб этиш ўрнига уни унутиш даражасига келиб қолган эдик. Мустақиллик туфайли юртимизда миллий мақом санъатимизни ўрганиш, уни тадқиқ этиш имконияти пайдо бўлди.

Билим юртимизда ушбу соҳа бўйича ўқувчиларга сабоқ бериш, кадрлар тайёрлаш учун роса елиб-югурганмиз. Ниҳоят 1991 йилга келиб, бу ҳаракатларимиз ўз самарасини бериб, халқ чол­ғу асбоблари бўлими қошида мақом йўналиши ташкил этилган эди. Ушбу йўналиш бўйича ўқувчилар вокал ва халқ чолғулари бўлимларидан саралаб олинди. Ўша пайтда мақом ансамбли учун ўқувчилар етишмаслиги сабабли ўқитувчилар ҳам хонанда ва созанда сифатида жалб этилган эди. 1992 йилда билим юртимизда анъанавий ижрочилик бўлими ташкил этилгач, ўқувчилар сафи кенгайиб борди. 1995 йилда ушбу бўлимни биринчи қалдирғочларимиз — 12 киши битирди. Эътиборлиси, уларнинг уч нафари билим юртини битириш арафасида Юнус Ражабий номидаги республика танлови ғолиби бўлди. Айни пайтда ана шу 12 кишининг барчаси таниқли хонанда ва созанда бўлиб етишди. Давлат мукофотлари билан тақдирланди. Улар орасида "Шарқ тароналари" халқаро мусиқа фестивали иштирокчиси ва совриндори бўлганлар ҳам бор.

Бугунги кунда анъанавий ижрочилик бўлими муассасанинг энг кўп ўқувчи ўқийдиган, асосий бўлимларидан бири ҳисобланади. Мазкур йўналиш ўқувчилари республика ва халқаро танловларда иштирок этиб, юқори натижаларга эришиб келмоқда. Ўқувчилардан иборат ансамбль эса ҳар йили ҳисобот концерт бериш билан бирга, вилоятда ўтказилаётган байрам тадбирларида фаол иштирок этиб келмоқда. Яқинда Шаҳрисабзда ўтказиладиган Халқаро мақом санъати анжумани учун ҳам улар ўз дастурини тайёрлаган.

— Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги "Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори  мақом санъатини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, унинг ўзига хос ижро мактаблари ҳамда анъаналарни янги босқичда равнақ топтириш, халқаро нуфузини оширишга хизмат қиладиган тарихий ҳужжат бўлди, — дейди Ҳусан Файзуллаев. — Қарор асосида ўзбек миллий мақом санъати маркази, жойларда ҳам шундай марказ ва намунали мақом ан­самбл­лари ташкил этилиши кўнглимиздаги иш бўлди. Шунингдек, эндиликда педагогик олий таълим муассасаларининг мусиқий таълим йўналишида мақом санъати махсус фан сифатида ўқитилади. Болалар мусиқа ва санъат мактаблари, ихтисослаштирилган санъат мактаблари ва академик лицейларда мақом санъатини ўқитиш бўйича бўлимлар фаолияти янада кучайтирилади. Бунинг учун зарур дарслик, ўқув қўлланма ва илмий-услубий адабиётлар яратилади. Тўғриси, бу чора-тадбирларни биз йиллар давомида орзу қилганмиз. Бугун эса орзуларимиз рўёбга чиқаётганини кўриб, кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшилмоқда. Мазкур қарор асосида бу йил биринчи марта ўтказилаётган ва келгусида ҳар икки йилда анъанавий ташкил этиладиган Халқаро мақом санъати анжумани ҳам дунё миқёсидаги нуфузли фестивалга айланиши шубҳасиз. Миллий мақом санъатимизнинг бой тарихи ва серқирралиги бунга тўла имкон беради.

 

Муаллиф: Ғ. ҲАСАНОВ

31.08.2018 187 67 Маданият
окна фотограф html php памятники знакомства