samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

МЕТИН ИРОДА СОҲИБИ

Чоп этиш

Уруш — бегуноҳ инсонлар қони, кўз ёши тўкилишига сабаб бўлган, беғубор болалиги, навқирон ёшлигини ўғирлаган, тириклар юрагида эса битмас яралар қолдирган машъум воқелик.

Унинг дастидан ҳали ёр васлини кўрмаган, мўйлови энди сабза урган йигитлар увол кетди. Ота меҳрига тўйиб улгурмаган болалар етим қолди, орзу-ҳаваслар ила бунёд бўлган оилалар пароканда бўлди, ёш-ёш келинчаклар бева қолди.

Эътибор берганмисиз? Умрида кўп қийинчилик кўрган, ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиган инсонлар меҳрибон, ҳокисор, шу билан бирга, метин ирода соҳиблари бўлишади. Биз, асосан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларида шундай сифатларни кўп кузатганмиз. Йўқчилик, очарчиликка тўла машаққатли болалиги, ёшлиги қонли уруш кулфатларига боғланиб кетган бундай инсонлар жамиятда тутган ўрни, фарзандлар тарбиясидаги масъулиятлари билан кўпчиликка намуна бўла олишади.

 Зоир бобо Муродов ҳам ана шундай ҳаёти ибратга тўла инсонлардан биридир.

Зоир бобо ўша қонли урушни хотирлаганда кўзига беихтиёр ёш олади. Чунки, тинчликсевар халқимизга хос фазилатларга эга инсонлардан бири бўлган ёш йигит учун, одамлар қони тўкилаётган ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш жуда оғир эди. Аммо шундай бўлса-да Ватан учун, халқ учун, ортидан бўзлаб қолган оила учун курашиши, жасорат кўрсатиши керак.

Хизматнинг илк кунларидаёқ мина портлаши оқибатида ўнга яқин сафдошининг ўлимига гувоҳ бўлган Зоир Муродовнинг ўзи ҳам оғир яраланади. Шундан сўнг у бироз вақт даволаниб, яна ўша қонли уруш ўчоғига ташланади. Минскдаги жангларда бошидан яралангач, кўп ўтмай ўз хоҳиши билан жангга киради.

— Жангларнинг бирида 5 нафар сафдошимиз билан қуршовда қолиб кетдик, — дейди Зоир бобо уруш даҳшатларини ёдга олар экан. — Шунда барча бирдек жасорат кўрсатиб, жанг қилди. Бир сафдошимиздан айрилдик, аммо душман қуршовидан қутулиб чиқишга муваффақ бўлгандик.

Ҳар қадамда ўлим шарпаси, танкларнинг шовқини, бомбалар портлаши, вайрон бўлган шаҳарлар, қишлоқлар, яраланган жангчиларнинг қулоқни қоматга келтирувчи нолалари... Шу каби манзаралар ичра кўпчилик қатори Зоир бобо ҳам Германиягача боради. Берлиндан 200 километр беридаги жангларнинг бирида яна оёғидан оғир яраланади.

— Оёғимдан яраланганимдан сўнг Воронежга юборишди. У ерда бироз даволандим. Яна жангга қайтиш истагини билдирганимда "Ўзбекистонга кетасан", дейишди.

Бугунги кунда "Боғисарой" маҳалласида истиқомат қилиб келаётган Зоир Муродов урушдан қайтганидан сўнг соғлигини тиклаб олгач, оила қуриб, майиз заводига ишга кирди. Бу ерда у 51 йил меҳнат қилди. Фарзандларини ҳалол меҳнати билан вояга етказди. Эл корига ярайдиган инсонлар қилиб тарбиялади.

Қизлари Саида ўқитувчи, Майсара кутубхона мудираси. Фарида эса уй бекаси. Ўғли Олимжон қурилишда ишлайди. Қосимали эса халқнинг оғирини енгил қилувчи касб — ҳайдовчилик билан шуғулланган. Ҳозир нафақада.

15 нафар невара, 25 нафар чевара, 4 нафар эваранинг бобоси бўлган Зоир Муродов бир умрлик орзуси муқаддас Ҳаж амалини адо этган ҳожи боболардан ҳисобланади.

— Мустақиллик йилларида биз, уруш фахрийларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик кун сайин ортиб бормоқда, — дейди З. Муродов. —Хукуматимиз томонидан ҳолимиздан хабар олиш, яшаш шароитларимизни яхшилаш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан сов­ға-саломлар, пул мукофотлари берилди. Имтиёзли равишда автомобиль харид қилишга имконият яратилди. Уруш қатнашчиларининг хориждаги санаторийларга даволаниш, ўзи жанг қилган давлатларга саёҳат қилиш учун кенг имкониятлар яратилди. Бундай ғамхўрликларни санайверсак, улар жуда кўп. Бу эътибор ва меҳр-мурувватдан ёшимизга ёш қўшилади, бундай дориламон кунларга етказгани учун Яратганга шукрона келтирамиз.

Албатта, метин ирода соҳибларининг Ватан учун, халқ учун қилган буюк хизматлари ҳеч қачон унутилмайди. Улар доимо эл ардоғида яшайди ва халқимизнинг садоқатли фарзанди бўлиб қолишади.

Муаллиф: Отабек ШАРАФОВ

9.05.2018 84 35 Жамият ва ҳуқуқ
окна фотограф html php памятники знакомства