samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Лапароскопик жарроҳлик амалиёти

Чоп этиш

ҳар жиҳатдан самарадор

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида "Урологиянинг замонавий аспектлари" мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017-2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорининг вилоятимиздаги ижросига бағишланган конференция Республика урология илмий-амалий тиббиёт маркази ва АҚШлик соҳа мутахассислари иштирокида ташкил қилинди.

Конференциянинг назарий қисмида АҚШ урологлар ассоциацияси раиси Жейми Лэнд­ман ва профессор Брайан Дональд урологиянинг замонавий аспектлари ҳақида батафсил маълумот беришди. Кўргазмали равишда бу борадаги замонавий усуллар тушунтирилиб, эришилган натижалар намойиш этилди.

Бир вақтнинг ўзида вилоят кўп тармоқли марказий шифохонасида Республика урология илмий маркази шифокори Бегзод Аюбов АҚШлик ҳамкасби Даниэль Морейра билан ҳамкорликда замонавий тиббий ускуналардан фойдаланган ҳолда 43 ёшли бемор Жамол Абдувалиевнинг сийдик найида пайдо бўлган тошни олиш учун лапароскопик (кичик инвазив) жарроҳлик амалиётини ўтказишди.

— Кичик инвазив жарроҳлик амалиёти беморга кам жароҳат етказиши билан ҳам самарали, — дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош урологи Рустам Расулов. — Анъанавий усулдаги жарроҳлик амалиётини ўтказган бемор ҳафта-ўн кунда оёққа турса, лапароскопик амалиётдан сўнг бемор мустақил ҳаракатлана олади. Энг муҳими, мазкур амалиёт хасталик нуқтасида амалга оширилиши натижасида самарадорлик борасида ҳам анъанавий усулдан афзал.

Куннинг иккинчи ярмида хорижлик мутахассислар Жейми Лэнд­ман ва профессор Брайан Дональд бемор Гўзал Мўминованинг буйрагида лапароскопик жарроҳлик амалиётини ўтказишди. Ҳар иккала бемор жарроҳлик амалиётидан сўнг ўзларини яхши ҳис этаётганликларини таъкидлашди. Энг муҳими, амалиётдан сўнг беморлар оғриғидан азият чекишмади.

Илмий-амалий конференция диагнос­тика ва даволаш сифатини ошириш, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиш ва амалиётга жорий этиш, соҳа мутахассислари касбий маҳоратини ва билим савиясини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Муаллиф: О. ШАРАФОВ

9.05.2018 35 35 Саломатлик
окна фотограф html php памятники знакомства