samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Кўп қаватли уйлар қайта "ТУҒИЛМОҚДА"

Чоп этиш

Айни пайтда Сартепа, Сўғдиёна, Микрорайон А ва Б масканларидаги 317 та кўп қаватли уйларни мукаммал таъмирлаш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

— Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси асосида бугун Самарқанддаги кўп қаватли уйларда жуда йирик қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда, — дейди пудратчи "Нуробод Сам инвест" МЧЖ раҳбари Бекжон Менг­боев. — Жамоамиз ҳам шу ишларга ҳиссасини қўшиш мақсадида Сўғдиёна масканидаги кўп қаватли уйларда таъмирлаш ишларини олиб боряпти. Бугунгача 500 миллион сўмдан ортиқ таъмирлаш, реконструкция ишларини амалга оширдик. Шу кунларда ишни якунлаш арафасидамиз. 

 Дарҳақиқат, уйларнинг том қисмига фолгоизол қопламаси тўшалиб, янги тарновлар ўрнатилди. Фасад қисмига ишлов беришга алоҳида аҳамият қаратилган. Яъни, бўяш ишларида мутахассислар фикрига таяниб инсон кайфиятини кўтаришга хизмат қилувчи, кўзни толиқтирмайдиган ранглардан фойдаланилган.

Кириш йўлаклари мукаммал таъмирдан чиқарилиб, бинога замонавий, хавфсизлик талабларига тўла жавоб берадиган темир эшик ва кодли қулфлар ўрнатилди. Шунингдек, йўлаклар ҳам янги кўринишга келди. Улардаги ёритиш чироқлари, яроқсиз фрамугалар замонавийсига алмаштирилган. Шу ўринда таъкидлаш жоиз, ушбу кўп қаватли уйларни таъмирлашда уларнинг дизайнига ҳам катта эътибор қаратилди. Жумладан, қаватларга кўтарилишдаги эски темир тутқичлар ўрнига янги ёғоч тутқичлар ўрнатилмоқда.     

Албатта, бу жараёнда иссиқ сув, иситиш ва канализация тизими ҳам муҳим аҳамиятга эга. Даставвал тизимдаги муаммо ва камчиликлар аниқланиб, уларга тегишли чоралар кўрилди. Мавжуд қувурлар ҳолати ўрганилиб, улар ўрнида узоқ муддат хизмат кўрсатадиган сифатли қувурлар ўрнатилди.

— Бугунги ўзгаришларни кўриб, кишининг кайфияти кўтарилади, кўнглида шукроналик ҳисси ортади, — дейди 7-уйнинг 51-хонадонида яшовчи Галина Этманова. — Мен яшаб турган ушбу кўп қаватли уй бундан икки ой олдин жуда ачинарли аҳволда эди. Кўриб турганингиздек, бино мукаммал таъмирдан чиқарилмоқда. Бу биз учун янги йил совғаси бўлди, десам адашмайман.

Бундай замонавий қиёфа акс этган ҳудудларни кўр­кам боғ ва болалар майдончаларисиз тасаввур қилиш қийин. Режага кўра, таъмирлаш ишлари якунида уйлар олдидан болалар ўйингоҳи ва кичик спорт майдончаси ҳам жой олади. Аҳоли дам олиши учун керакли шароитлар яратилади.

Ижтимоий, иқтисодий, муҳандислик ва йўл инфратузилмасини яхшилаш, кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини ошириш борасида шаҳримизда жами 334,4 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, Сартепа, Сўғдиёна, Микрорайон    А ва Б масканларидаги 317 та кўп қаватли уй-жойларнинг 304 тасига танлов савдолари ўтказилган. 71,7 миллиард сўм маблағ эса ушбу уй-жойларни таъмирлаш ва унга туташ ҳудудларни ободонлаштириш ишларига йўналтирилган. Бугунги кунга қадар 82,748 миллиард сўмга танлов савдолари ўтказиб бўлинган ва 25,550 милиард сўм молиялаштирилди, шундан 22,269 миллиард сўмлик таъмирлаш ишлари бажарилди.

Муаллиф: Мансур ҲАСАНОВ, "Samarqand" мухбири

27.12.2018 37 103 Жамият ва ҳуқуқ
окна фотограф html php памятники знакомства