samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Кўз касалликлари самарали даволанади

Чоп этиш

Вилоят кўз касалликлари шифохонаси микрожарроҳлик бўлими биноси мукаммал таъмирланиб, замон талабларига мос тарзда жиҳозланди.

Шу муносабат билан ўтказилган тантанали маросимда иштирок этган шаҳар ҳокими Ф. Раҳимов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Р. Қобилов, Республика бош офтальмологи Азамат Юсупов ва бошқалар мамлакатимиз тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида тиббий хизмат сифати тобора яхшиланиб бораётганлигини таъкидлашди. Бу борада вилоятда олиб борилаётган ўсиш-ўзгаришлар алоҳида эътироф этилди. Айниқса, кўз касалликлари бўйича сўнгги йилларда бир қатор янгиликлар амалга оширилганлиги таъкидланди.

Жумладан, вилоят кўз касалликлари шифохонасида тиббий хизмат сифатини ошириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва муассасада беморлар учун етарли шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Шунинг баробарида мутахассис-кадрларнинг билим ва малакасини ошириш бўйича муваффақиятларга эришилди. Муассаса ва Самарқанд давлат тиббиёт институти ҳамкорлигида вилоят офталмологлари малакасини ошириш курслари ташкил қилинмоқда.

— Мамлакатимизда кўз касалликлари бўйича Самарқанд мактаби алоҳида ўринга эга, — дейди вилоят кўз касалликлари шифохонаси бош врачи, тиббиёт фанлари доктори Саида Мирраҳимова. — Бундан 70 йил олдин вилоятда кўз касалликлари бўйича тиббий хизмат ташкил қилинган бўлса, ўтган давр мобайнида бу йўналиш бўйича вилоятда фаолият юритган офтальмологлар томонидан соҳа ривожига улкан ҳисса қўшилган, десам муболаға бўлмайди. Айнан 70 йиллик арафасида кўз касалликлари бўйича микрожарроҳлик бўлимимиз тубдан таъмирланиб, замонавий шароитга эга бўлганлиги муносиб туҳфа бўлди. Мазкур бўлимга олиб келинган факоэмульсификатор ускунаси катаракта касаллигида самарали жарроҳлик амалиётини ўтказиш имконини беради. Қисқача қилиб айтганда, муассасамизда кўз касалликлари бўйича барча замонавий даволаш ва жарроҳлик амалиётларини ўтказиш имкони яратилди. Мутахассисларимиз ҳам ушбу талабга тўлиқ жавоб берадиган билим ва малакага эга. Офтальмологларимизнинг кўпчилиги Россия, Австрия каби мамлакатларда малака ошириб қайтишган. Шу боис муассасамиз нафақат вилоятимиз аҳолисига, балки қўшни вилоятлар аҳолисига ҳам малакали тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.

Шифо масканининг 50 ўринга мўлжалланган микрожарроҳлик бўлими биноси қайта таъмирланиши учун маҳаллий бюджет маблағидан 870 миллион сўм сарф­­­ланди. Шунингдек, 500 миллион сўмлик тиббий ва мебель жиҳозлар билан таъминланди. Вилоят ҳокимлиги томонидан факоэмульсификатор ускунаси учун 300 миллион сўм маблағ ажратилди. Шунинг­дек, махсус жиҳозланган мобиль офтальмологик клиника такшил қилинди. Самарқанд автомобиль заводи томонидан ишлаб чиқарилган мазкур автобусда кўчма тиббий кўрикларни амалга ошириш учун барча имкониятлар яратилган. Автобус авто РЕФ кератометр, пневмотонометр, кўриш ўт­кирлигини аниқлаш ускунаси, кўзойнак танлаш ускунаси ва биомикроскоп тиббий жиҳозлари билан жиҳозланган. Махсус қувватлантириш ускунасига эга мобиль офтальмологик клиникада исталган жойда тиббий кўрик ўтказиш мумкин.

 

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ

30.12.2018 172 104 Саломатлик
окна фотограф html php памятники знакомства