samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Кутубхона китобхонни қониқтиряптими?

Чоп этиш

Инсон ўз умрини мазмунли ўтказиши учун, аввало, ўзи яшаб турган воқеликнинг ажралмас бўлаги эканлигини англай билиши, жамият ҳаётидаги мавжуд муаммолардан хабардор, маънавий-маърифий ишларда етакчи бўлиши лозим.

Инсоннинг жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши, маънавий жиҳатдан камолга етиши бевосита унинг билими, саводхонлиги, китобхонлик даражасига боғлиқ эканлиги бугунги кунда янада ойдинлашмоқда.  Демакки, мутолаа наинки кишининг билим доирасини кенгайтиради, балки унинг маънавий-руҳий камолотида ҳам муҳим ўрин тутади. Бу — исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат! Содда қилиб айтганда, китоб ўқимаган одам яшай олмайди, деган гап йўқ, аммо яшаш билан яшашнинг фарқи бор-да!   Бугунги воқеа-ҳодисаларга бой, ҳар бир тонг бизни қандайдир янгилик билан қарши олаётган даврда радио, телевидение, интернет бор-ку, улар маънавий эҳтиёжимизни қондиролмайдими, дерсиз. Улар ҳеч қачон китобнинг ўрнини босолмайди, дейишга асосимиз етарли.  Ёшлар орасида китобхонлик маданиятини ривожлантириш, оиладан тортиб таълим тизимининг барча бўғинларида  китобхонликни кундалик одатга айлантириш, аввало, аждодларимиз томонидан яратилган маънавий мерос билан танишиш, миллий қадриятларимиз, урф-одатларимизга ҳурмат руҳини шакллантиришда, энг асосийси, ёшларимизнинг турли  қарашлар таъсирига тушиб қолишидан  асрашда муҳим аҳамият касб этади. Бу борада юртимизда ташкил этилган ахборот-ресурс марказларининг ўзига хос ўрни бор.

— Вилоят ахборот-ресурс маркази (АРМ) ташаббуси асосида туманлардаги умумтаълим мактабларида бадиий адабиётларни тарғиб қилиш бўйича мунтазам равишда тадбирлар ўтказиб турилмоқда, — дейди вилоят ахборот-ресурс маркази директори  Юсуф Муҳаммадиев. — 2015 йил ишлаб чиқилган ушбу лойиҳа асосида АРМ ходимлари ўқувчиларга мос, тарбиявий аҳамиятга эга бўлган бадиий адабиётларни ўқиб чиқиб, бир ойда икки марта мактабларда мазкур адабиётларни тарғиб қилиш бўйича тадбирлар ташкил этмоқда. Ушбу жараён таҳлил қилинганда, вилоят ахборот-ресурс марказида 35 нафар кутубхоначи ходим бир ойда 70 та асар ўқийди. Улар умумтаълим мактабларида тарғиб қилинганда ҳар бир синфда ўртача 35 нафар ўқувчи бўлса, 2450 нафар ўқувчи бир ойда 70 та асарнинг ғояси билан танишади.

Бу ишларнинг узвий давоми сифатида  ёзги таътил дамларида мактабларда ва доимий соғломлаштириш оромгоҳларида кутубхоначилар томонидан китоблар тарғиботи тадбирлари  ташкил этилади. Таҳлиллар натижаси бир йилда 840 та асарнинг мазмуни билан 29400 нафардан зиёд ўқувчи танишишини  кўрсатмоқда. Ушбу лойиҳа ижобий самара берганлиги учун вилоятдаги барча туман, шаҳар ахборот-ресурс марказларида ҳам жорий этилди.

Бундан ташқари, айни кунларда вилоятимизнинг барча туман ва шаҳар марказлари ҳамда шаҳримиздаги Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғида "Китобхонлик маданиятини юксалтириш — буюк мақсадларимизга эришишнинг муҳим кафолати" шиори остида китоб байрами ўтказилганлиги ҳам ушбу хайрли мақсадга хизмат қилди. Сайил тарзида ўтказилаётган байрам тадбирларида адабий-бадиий, ижтимоий-сиёсий ҳамда энциклопедик йўналишдаги китобларнинг тақдимотлари, сара асарлар намойиши, таниқли адиб ва шоирлар билан учрашувлар, сов­ринли викториналар, вилоятимиздаги таниқли санъат усталари ва ёш истеъдодларнинг концертлари бўлиб ўтди. Бу яхши, албатта. Аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор. Сайил тарзида ўтказилаётган ушбу байрам тадбирларида  китобхонлар айрим китобларнинг нархи жуда қимматлигини айтиб ўтишди. Албатта, китоб нашр этиш ёшлар тарбияси билан боғлиқ ишларнинг бир қисми, ўзига хос бизнес турларидан бири. Унинг ўзига хос қонун-қоидалари, мезонлари мавжуд. Аммо бугунги кунда  китоб дўконлари пештахталаридаги нархи ўртача  60—70 минг сўм бўлган бадиий китоб­ларни олиб ўқишга ҳамманинг ҳам қурби етавермайди.  Шундай экан, юртимизда китобхонлик маданиятини юксалтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган бугунги кунда китоблар савдоси ҳақида чуқурроқ мушоҳада юритиш, чўнтак кўтарадиган нархларни белгилаш тўғрисида ўйлаб кўриш вақти келди.

Энг муҳими, кутубхоналар, ахборот-ресурс марказлари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг китоб фондини бойитиш, жойларда кутубхоналар филиаллари ва кўчма кутубхоналар ташкил этиш йўлга қўйилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Муаллиф: Холбўта ХЎЖАНОВ

2.06.2018 155 42 Маданият
окна фотограф html php памятники знакомства