samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Коррупцияга қарши биргаликда курашамиз

Чоп этиш

Коррупция — дунё миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган глобал муаммолардан бири.

Ушбу иллат ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказиши, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келиши барчамизга аён.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисидаги «Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз» мавзуидаги маърузасида «Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо албатта муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўришимиз зарур», деб бежиз таъкидламаган.

Сабаби, ҳозирги даврда коррупция кўпгина давлатларнинг иқтисодий ва сиёсий салоҳиятига ўзининг салбий таъсирини кўрсатганига биз гувоҳмиз. Шу нуқтаи назардан, коррупцияга қарши курашиш, мунтазам равишда амалга оширилиши зарур бўлган долзарб вазифалардан бирига айланди.

Мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган. 2017 йил 3 январь куни кучга кирган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг асосий мақсади коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат эканлигини таъкидлаш жоиз.

Қонунчилигимизда пора­хўр­лик ижтимоий хавфли жиноят сифатида қораланади ва бунинг учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Божхона органларида ҳам коррупция, порахўрлик ва бошқа салбий иллатларга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш мақсадида маълум чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, тегишли тузилмалар ташкил этилган.

Мамлакатимизда олиб борилаётган туб ислоҳотлар шароитида давлат қурилиши ва ҳуқуқий сиёсатнинг мазмун ва моҳиятини аниқлаштириш, унинг мақсад ва вазифаларини ислоҳотларнинг бугунги тараққиёти асосида шакллантириб бориш, инсон манфаатларини таъминлашнинг стратегик жиҳатдан янги воситалар билан бир қаторда, тактик хусусиятга эга бўлган янги усулларни қўллаш, шахс ҳамда жамият манфаатларини янада самарали ҳимоя қилиш, коррупциянинг олдини олишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш эҳтиёжи вужудга келиши билан белгиланади.

Вилоят божхона бошқармаси божхона органлари ўз хавфсизлиги гуруҳи томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида бошқарма аппарати ва постларида коррупцияга қарши курашиш бўйича жами 24 маротаба тар­ғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилиб, соҳа ходимлари учун маърузалар ўқилди. Учрашувларда божхонанинг собиқ ходимлари содир этган турли салбий ҳолатлар акс этган «Бурчга хиёнат», «Тизимда коррупцияга қарши курашиш» номли видеороликлар намо­йиш этилди.

Бундан ташқари, ўтказилган йиғилишларда 343 нафар фуқаро, хўжалик юритувчи ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида аноним сўровномалар ташкил этилди. Учрашувларда божхона ходимлари томонидан ножўя хатти-ҳаракатлар содир этилган ҳолларда бошқарманинг «Ишонч телефонлари» орқали хабар бериши мумкинлиги ва ахборот бераётган шахслар давлат ҳимоясида эканлиги тўғрисида маълумотлар етказилди.

Хулоса қилиб айтганда, келажакни коррупциясиз қуришимиз учун ҳар биримиз тенг масъулдирмиз. Бунинг учун, аввало, ўзимизни ўзимиз тўғри тарбия қилишимиз, чуқур ҳуқуқий билим ва тажрибаларни пухта ўзлаштиришимиз, коррупциянининг ҳар қандай кўринишини бартараф қилишда ҳамкорликни кучайтиришимиз зарурдир.

Муаллиф: М. ЙЎЛДОШЕВ, вилоят божхона бошқармаси божхона органлари ўз хавфсизлиги гуруҳи МИБ катта тезкор вакили, божхона хизмати майори

13.01.2018 297 2 Жамият ва ҳуқуқ
окна фотограф html php памятники знакомства