samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Концепция солиқ тизимида янги саҳифа очмоқда

Чоп этиш

Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ қўмитаси тарғибот гуруҳи томонидан вилоят давлат солиқ бошқармасида "Солиқ қонунчилиги ва солиқ сиёсати концепциясидаги асосий йўналишларнинг мазмун-моҳияти" мавзусида ўқув-семинар ўтказилди.

Ўқув-семинарда ҳудудий солиқ инспекциялари ходимлари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Давлат Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Малака ошириш маркази директори М. Камилов, вилоят давлат солиқ бош­қармаси бошлиғи Ш. Аҳмедов мамлакатимиз солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг мазмуни, солиқ маъмуриятчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида атрофлича тўхталиб ўтишди.

— Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 29 июндаги "Ўз­бе­кис­тон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида"ги фармонига мувофиқ мамлакатимиз солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг асосий йўналишлари белгилаб берилди, — деди Давлат Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Малака ошириш маркази директори  М. Камилов. — Солиқларни соддалаштириш, солиқ ва тўловларнинг сонини қисқартириш, солиқ ставкаларини пасайтириш, солиқ юкини тенг тақсимлаш, бизнесни хуфиёна иқтисодиётдан очиқ ишлашга чиқариш, инвестицион жозибадорликни ошириш солиқ концепциясининг асосий жиҳатлари сирасига киради.

Ўқув-семинарда солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси доирасида 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб солиқ солиш тартибига киритиладиган ўзгаришлар, айрим турдаги солиқ ва бошқа мажбурий тўловларнинг бекор қилиниши хусусида батафсил сўз юритилди.

— Мазкур ўқув-семинар келгуси фаолиятим учун жуда фойдали бўлганини таъкидламоқчиман, — дейди Паст Дарғом туманидаги "O‘zbiokombinat" қўшма корхонасининг бош ҳисобчиси Сожида Арутюнова. — Солиқ сиёсатини такомиллаштириш бўйича тушунчаларимни мустаҳкамлашда ушбу тадбир муҳим ўрин тутди. Жумладан, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб солиқ соҳасида жорий этиладиган янгилик ва ўзгаришлар хусусида намо­йиш этилган слайдлар орқали зарур маълумотларга эга бўлдим. Бундан ташқари, солиқ юкини камайтириш ва солиқ тизимини соддалаштириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш борасидаги билим ҳамда тушунчамни янада бойитиш имкониятига эга бўлдим.

Худди шундай тадбир Самар­қанд тумани давлат солиқ инспекцияси ходимлари, ҳудудда фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари вакиллари учун ҳам ўтказилди.

Ўқув-семинарларда мутахассислар тадбиркорларни қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб қайтарди. Шунингдек, тадбиркорларга зарур маслаҳат ва тавсиялар беришди.

Муаллиф: Умид АЛИМОВ, вилоят ДСБ Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси давлат солиқ инспектори

24.09.2018 93 74 Иқтисодиёт
окна фотограф html php памятники знакомства