samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Концепция мазмун-моҳияти ўрганилди

Чоп этиш

Вилоят давлат солиқ бошқармасида Солиқ концепциясининг мазмун-моҳиятини солиқ тўловчиларга батафсил етказиш, уларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб бериш мақсадида кўргазмали семинар ташкил этилди.

Дастлаб қатнашчилар концепция мазмун-моҳияти акс этган кўргазмали материаллар билан танишишди. Киритилган ўзгаришлар тақдимот шаклида солиқ тўловчиларга тушунтириб ўтилди. Тадбиркорлар концепция асосида яратилган имкониятлар тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги "Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида"ги фармони хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли даромадларига нисбатан солиқ юкини пасайтириш, солиққа тортиш тизимини соддалаштириш, солиқ маъмурятчилигини такомиллаштириш орқали мамлакат иқтисодиётини янада модернизациялаш ва янгилаш учун қулай шароитлар яратишга йўналтирилган.

Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясида солиққа тортиш тизимини тубдан ислоҳ этиш, шу жумладан, солиқлар ва мажбурий тўловларни қисқартириш, самарасиз солиқ имтиёзларини бекор қилиш кўзда тутилган. Қулай рақобатли муҳит яратиш, солиқ қонунчилиги барқарорлиги ва соддалаштирилишини таъминлаш, солиқ юкламасини камайтириш, республикамизнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш ҳамда солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш концепциянинг асосий мақсадлари ҳисобланади.

Семинар давомида қатнашчилар ўзларини қизиқтирган, фаолиятида муаммо туғдираётган саволлар билан мутахассисларга бевосита мурожаат қилиб, ҳар бир саволга атрофлича жавоб олишди.

— Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси доирасида 2019 йил 1 январдан, меҳнатга ҳақ тўлаш фондига солиқ юкламаси, барча жисмоний шахслар даромадларига 12 фоизлик ягона солиқ ставкаси жорий этилиши тадбиркорлар учун яна бир қулайлик яратди, — дейди "8-март" МЧЖ директори ўринбосари Жалил Абдулқосимов. — Берилган имкониятлар корхонамизни янги ускуналар билан жиҳозлашга, ишчи-ходимларимизни моддий рағбатлантириб боришимизда муҳим аҳамият касб этади.

Самарқанд вилоятининг барча шаҳар ва туманларида бу каби кўргазмали семинарлар ташкил этилиб, солиқ тўловчиларга концепция мазмун-моҳиятини тўлоқонли етказиб бериш режалаштирилган.

Муаллиф: Даврон РАВШАНОВ, вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи

18.07.2018 118 56 Иқтисодиёт
окна фотограф html php памятники знакомства