samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Кичик командирлар — армия таянчи

Чоп этиш

Мамлакатимиз мудофаасини ташкил этишда кичик командир — сержантларнинг алоҳида ўрни бор.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида тубдан ислоҳ қилинган мудофаа тизимида янги таркибий тузилма — сержантлар таркиби жорий қилинган эди. Мудофаа тизимини такомиллаштириш, ихчам ва тезкор миллий армияни шакллантиришда ўта масъулиятли вазифаларни бажарувчи мазкур тузилма қисқа вақтда мудофаа қўрғонимизнинг таянчига айланди.

Айни пайтда сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашда ҳарбий қисм ва бўлинмаларда самарали фаолият олиб бораётган кичик командирлар — сержантларнинг ҳар томонлама мукаммал билим ва кўникмага эга бўлишлари муҳим аҳамият касб этади. Кичик командирларнинг билим ва малакасини ошириб боришларини таъминлаш мақсадида ташкил этилган сержантлар тайёрлаш мактаблари мазкур жараёнда муносиб хизмат қилиб келмоқда. Жанубий-ўарбий махсус ҳарбий округ Самарқанд сержантлар тайёрлаш мактабида ҳам мамлакатимиз мудофааси учун малакали мутахассислар тайёрланади.

 

— Самарқанд сержантлар тайёрлаш мактаби мамлакатимиз мудофаа тизими учун 13 йўналишда мутахассис тайёрлаб беради, — дейди мактабнинг шахсий таркиб билан ишлаш бўлими офицери Анвар Ибрагимов. — Миллий армиямизнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида эътироф этиладиган кичик командирларнинг юқори билим ва малакага эга бўлиши мудофаа қўрғонимизнинг салоҳиятини белгилайди. Шу боис, мактабда назарий олинган билимлар амалий машғулотлар давомида мустаҳкамланиб, курсантлар ҳар бир берилган кўрсатма бўйича етарли кўникмага эга бўлиб боради. Бу уларнинг келгуси фаолиятлари самарадорлигининг ошишига хизмат қилади.

Ўз соҳасининг малакали мутахассиси бўлиб етишиш учун машғулотларда фаол қатнашаётган курсантлар ягона мақсад — она Ватан тинчлигини сақлашни қалбларига жо айлаган.

— Мудофаа тизимида алоқа хизмати муҳим ўрин тутади, — дейди курсант Шерзод Холматов. — Муддатли ҳарбий хизматни мазкур йўналиш бўйича ўтагандим. Шунинг учун алоқачи сифатида хизматни давом эттиришга қарор қилдим. Айни пайтда соҳам бўйича билим ва кўникмамни оширмоқдаман. Мактабда ўтказилаётган назарий ва амалий ўқув машғулотлар давомида соҳадаги янгиликлар билан яқиндан танишиб, малака тўплаяпман. Ҳарбий қисмга қайтгач, ўрганганларимни амалиётда қўллаб, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга, миллий армиямиз салоҳиятини оширишга муносиб ҳиссамни қўшаман.

Самарқанд сержантлар тайёрлаш мактабида малака ошираётган курсантларнинг ҳарбий билим ва маҳоратларини ошириш билан бирга маънавий оламини бойитишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Белгиланган тартиб асосида мактабда қатор маънавий-маърифий тадбирлар мунтазам ўтказиб борилмоқда.

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ, «Samarqand» мухбири

16.02.2017 1645 2 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства