samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Китобни муқаддас билган адиб

Чоп этиш

Таниқли ёзувчи, буюк адиб Чингиз Айтматов Қирғизистон қишлоқ хўжалик институтида ўқиб юрган талабалик кезларида: "Мен китобни зўр ҳаяжон, катта иштиёқ билан, худди муқаддас нарсани ушлагандек қўлимга олардим", деб ёзган эди.

Чингиз оғанинг бутун умри, онгли ҳаёти, адабий фаолияти не бахтки, ана шу — ўзи муқаддас, деб билган китоб билан чамбарчас боғланиб кетди.

 Асли касби зоотехник бўлган бўлғуси адибнинг ёшлигини китобсиз, бадиий ижодсиз тасаввур этиб бўлмайди. Бадиий адабиётга бўлган ҳавас ва қизиқиш устун келиб, ёш Чингиз зоотехникликни эмас, бадиий ижодни танлаб, Москвадаги Жаҳон адабиёти институтида таҳсил олди. Таҳсил давридаёқ "Сепоячи", "Оқ ёмғир", "Рақиблар", "Бойдантов соҳилларида" каби дастлабки ҳикояларини яратди. Ушбу асарларнинг содда тили, бадиий мукаммаллиги, лирик кечинма ва романтик туйғуларга бойлиги билан ўша давр талабчан китобхонлари эътиборига тушди. Чингиз Айтматовнинг ўзига хос бадиий услуб, тасвир йўналишларига ўша пайтларда сай­қал берилган бўлса, не ажаб! Негаки, бу ҳикояларда ижодкорнинг ўткир сюжет, кучли психологик таҳлил, ёрқин характерлар яратиш маҳорати кўзга ташланган эди.

Адиб ижодини кузатар экансиз, унинг, энг аввало, қирғиз адабиёти анъаналари давомчиси сифатида аввалги ижодкорларнинг бой ижодий меросини синчиклаб кузатиш маҳоратига тан берасиз. Зеро, М. Элибоев, А. Тўқонбоев, К. Жонтошев, Т. Сиддиқбеков, Т. Умматалиев сингари  адибларнинг ижодий таъсири адиб асарларида кўзга ташланиб туради. Бугунги кунда оламаро машҳурликка эришган "Юзма-юз", "Жамила", "Сарвқомат дилбарим", "Бўтакўз", "Оқ кема", "Соҳил бўйлаб чопаётган олапар" сингари гўзал, сермазмун, жозибали асарлар китобхонни оҳанрабодек ўзига тортади.

Чингиз Айтматов ижодига хос фазилатлар, ижобий, ибратли томонлар жуда кўп. Биз, энг аввало, адибни кенг қамровли ижодкор сифатида биламиз. Зеро, китобхонлар уни моҳир қиссанавис ва ҳикоянавис, роман жанри устаси, зуллисонайн адиб, моҳир таржимон, киносценарийнавис, танқидчи, тарихчи, файласуф, ҳозиржавоб публицист, таниқли жамоат арбоби сифатида кашф қилган.

Чингиз Айтматов замон талабларига жозиржавоб ёзувчи сифатида адабиёт майдонига чиқди. Негаки, у ҳаёт билан ҳамиша мустаҳкам алоқада бўлган, замоннинг энг долзарб, етакчи мавзуларини ўзида ифодалаган бадиий етук асарлар яратган улкан истеъдод соҳибидир. Бирон-бир муҳим воқеа-ҳодиса йўқки, адиб назаридан четда қолган ёки унинг ижодида ўз ифодасини топмаган бўлсин. Адиб асарларида табиат ва инсон мавзуси етакчи ўринни эгаллайди. Даврнинг долзарб муаммоларини она замин билан боғлиқ ҳолда тасвирлаш ва инсоният назаридан четда қолаётган муаммоларга эътибор қаратиш адибнинг ўзига хос услубидир. Унинг дас­тлабки асарлари ҳисобланмиш "Жамила", "Биринчи муаллим" қиссаларида қирғиз диёрининг такрорланмас гўзал табиат манзаралари, меҳр-оқибат, инсонийлик, муҳаббат ва хиёнат каби мавзулар талқинида ўз ифодасини топганки, бу ҳол адибнинг ғоявий-бадиий ва эстетик дунёқараши ҳамда билими кенглигидан далолат беради. Китобхонлар ўртасида катта шов-шувга сабаб бўлган "Оқ кема" қиссаси инсон ва табиат муносабатларини ўзида мукаммал акс эттирган асардир. Унда табиатни асраш, инсон қалбини муҳофаза этиш билан боғлиқлик очиб берилган. Унда инсон қалбини улуғлаш, виждоний бурч муаммолари тасвири ишончли тасвирланган. Ёзувчи ёвуз кучларга қарши бола образини қарама-қарши қўяди. Қаҳрамон теварагидаги яхши ва ёмон кишилар ўртасидаги номутаносибликни тоғ бағридаги сўлим ўрмоннинг табиат манзаралари мисолида чин дилдан ҳис этади ва қаҳрамондаги ҳиссиётлар бевосита ўқувчининг қалбидан жой эгаллайди.

Адибнинг "Асрга татигулик кун", "Кунда" сингари адабий жамоатчилик назарига тушган романларида замонамиз фожиалари ўз ифодасини топган. Бу икки асар юзасидан юзлаб тақризлар ёзилган, адабий мақолалар яратилган, катта-кичик давраларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлган. "Асрга татигулик кун" романининг ўзига хос бадиий хусусиятларидан бири шундаки, бадиий тасвир жараёнида турли замонлар ўзаро бадиий руҳда бир-бири билан уйғунлашиб кетади. Бугунги замоннинг кечаги кун донишмандлиги билан уйғунлашуви ва уни ишончли бадиий воситалар орқали тасвирлаш маҳорати Чингиз Айтматов ижодигагина хос бўлган хусусиятдир.

Чингиз Айтматов — ҳар бир ўзбек китобхонининг севимли адиби. Унинг асарлари китобхонларимиз қўлидан тушмайди. Зеро, адибнинг ўзи ҳам ўзбек халқи, ўзбек адабиётига чин дилдан меҳр қўйган, халқимиз бой маънавиятини улуғлаган, адабий анъаналарни эса ҳар қандай сиёсий дипломатик алоқалардан устун қўйган зотдир. Чингиз Айтматов мамлакатимизнинг юксак мукофотлари — "Дўстлик", "Буюк хизматлари учун" орденлари билан бежиз тақдирланмаган. Зеро, биз бу улкан адибни ўзимизнинг оғамиз, ўзимизнинг ёзувчимиз, деб аташга маънавий жиҳатдан ҳақлимиз. Мамлакатимиз Президенти Ш. Мирзиёев "Улкан адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида" қарор қабул қилар экан, бевосита икки қардош халқ ва икки адабиёт ҳамкорлигини янада янги поғонага кўтаришни мақсад қилганлиги аён.

Муаллиф: Абдусалом САМАДОВ, филология фанлари номзоди, доцент

4.08.2018 224 61 Адабиёт
окна фотограф html php памятники знакомства