samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Кексалар учун қулайлик

Чоп этиш

— Асли Самарқанд шаҳриданман. Лекин ўн йилдирки, АҚШда оилам билан яшаяпман.

Бу ҳам бир тақдир экан, — деб қолди вилоят ногиронларни реабилитация қилиш марказида даволанаётган Бахтиёр Файзиев. — Ҳар йили бир-икки ойга она шаҳримга келиб-кетаман. Бу гал ошқозоним бироз азоб берди. Шифокорлар эса айнан шу марказда даволаниш учун шароит яхшилигини айтишди. Тавсия қилганларича бор экан. Шароитларнинг юқори даражадалиги, шифокорларнинг самимийлиги, ширинсуханлиги менга жудаям маъқул келди. Бундай ижобий хислатларни ўз юртимда, она Ўзбекистонимда кўраётганимдан ниҳоятда бахтиёрман.

Дарвоқе, АҚШдан келиб Самар­қанд­да даволанишни афзал кўрган бу кишининг айтганича бор эди. Марказдаги ҳар бир палата тоза-озода. Уларда бемор учун ҳамма шароит яратилган. Навбатчи ва даволовчи врач ҳар куни эрталабданоқ бемор ҳолидан хабар олади. Бириктирилган ҳамшира эса беморлардан асло узоқлашмайди. Муолажалар палатанинг ўзида амалга оширилиши хаста одам учун қанчалик қулай эканлигини тасаввур қилаверинг. Физиотерапия муолажалари, массаж ногиронлиги бўлган кишилар учун фақат фойда бераётганлигини бу ерда даволанаётган ҳар бир бемордан эшитасиз.

Марказда яқинда гериатрия бўлими очилди. Бўлим 10 ўринли бўлиб, хоналари шинам, керакли жиҳозлар билан таъминланган. Ошхонадан тортиб, ҳаммомгача мавжуд.

— БМТ маълумотларига қараганда, дунёда 60 ёшдан ошганлар сони ке­йинги 50 йилда уч бараварга кўпайган, — дейди бўлим мудири, гериатр врач  Нилуфар Жабборова. — Бизнинг мамлакатимиздаги кўрсаткич ҳам бундан паст эмас. Демак, бутун дунёда, жумладан, мамлакатимизда инсонлар умри узаймоқда. Лекин ёш улғаявергач, турли хасталикларга чалиниш хавфи ҳамиша ортаверади. Марказимизда янги бўлимнинг ташкил этилишидан мақсад  60 ёшдан ошганларга тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ. Тиббиёт фани умумий атеросклероз, артериал гипертония, юрак ишемик касаллиги, қандли диабет каби касалликлар инсон умрининг иккинчи ярмида вужудга келишини тасдиқлайди. Кексалик эса ҳар бир инсонда юз берувчи, ёшга нисбатан ўзгариб борувчи жараёндир. У организмда, албатта, юз берувчи биологик ва физиологик ҳолатдир.

Вилоят ногиронларни реабилитация қилиш марказида ташкил этилган гериатрия бўлимида айнан 60 ёшдан ошганларга, айниқса, бу ёшдаги ногиронлиги бўлган инсонларга хизмат кўрсатилмоқда. Беморлар бўлим хизматидан мамнун эканлигини таъкидлаш жоиз.

 

Муаллиф: Абдурасул САТТОРОВ

12.11.2018 128 88 Саломатлик
окна фотограф html php памятники знакомства