samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Коррупция — тараққиёт кушандаси

Чоп этиш

Коррупция туфайли инсон ҳуқуқ ва манфаатлари оёқости бўлади. Қайсидир мансабдорнинг ўз вазифасини суиистеъмол қилиб, шахсий манфаати йўлида коррупцияга йўл қўйиши оқибатида соҳалар ривожи ортда қолади.

Коррупция, ўз навбатида, она Ватанимизнинг ҳар томонлама равнақ топиши борасида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар йўлига ғов бўлиши мумкин. Шу боис, жорий йилнинг 3 январида «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди. Унга кўра, ушбу иллатга қарши курашишнинг асосий принциплари, давлат сиёсатининг муҳим йўналишлари белгилаб олинди.

Бугунги кунда давлатимиз томонидан таълим-тарбия тизимини ислоҳ қилиш, соҳанинг моддий-техника базасини мус­таҳкамлаш, интеллектуал салоҳиятли, баркамол авлодни тарбиялаш йўлида кенг қамровли ишлар амалга оширилаётир. Ўз навбатида, соҳада фаолият юритаётган устоз-мураббийларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, тажрибали ва малакали педагогларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб келинаётгани таҳсинга сазовор. Таассуфки, шунга қарамасдан, устоздек шарафли номга номуносиб тарзда айрим педагогларнинг коррупцияга қўл уриш ҳолатлари учраб турибди.

Фуқаро А. Қулназарова (мақолада келтирилган барча исм-фамилиялар ўзгартирилган) Самарқанд давлат тиббиёт институти қошидаги 2-академик лицейнинг 1-курсида таҳсил олиб келаётган М. Саъдинова ҳамда Л. Мирзоалиеваларнинг ўқишини Самарқанд таянч тиббиёт коллежига кўчириш мақсадида академик лицей директори Б. Абдуллажоновга мурожаат қилади. Бироқ нафси ҳакалак отган директор бунинг эвазига А. Қулназаровадан 2 минг АҚШ доллари беришини сўрайди. Жиноят фош этилди. Жорий йилнинг 9 июнь куни Б. Абдуллажонов ўз хизмат хонасида А. Қулназаровадан 1 минг 500 АҚШ долларини олаётган пайтда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан қўлга олинди.

Шунингдек, шаҳримиздаги 13-умумтаълим мактаби директори Ю. Насриева фарзандини рус синфига ўқишга қабул қилишини сўраб келган Б. Лутфуллаевадан 150 АҚШ доллари миқдорида пора олаётганида ашёвий далил билан қўлга олинди. Самарқанд банк коллежининг касбий таълим бўйича директор ўринбосари ў. ўайратов ҳам худди шундай жиноятга қўл урди. У фуқаро А. Аслиддиновдан жиянлари М. Маликова ҳамда Н. Чориеваларни коллежнинг Молия йўналишига ўқишга қабул қилиш эвазига 800 АҚШ доллари беришини сўрайди. Ушбу пора ў. ўайратовнинг жиғилдонига етиб бормади: ўз вақтида ўтказилган тезкор тадбир натижасида унинг қилмиши фош этилди.

 Юртбошимиз томонидан бугун абитуриентлар учун жуда кенг имконият ва имтиёзлар яратилганини эътироф этиш жоиз. Бироқ баъзи фуқаролар ўқишга кириш илинжида ўзларига «халоскор» излашмоқда. Афсуски, улар фирибгарларнинг қўлига тушиб қолаётганлигини кеч англамоқда. Мисол учун, Қ. Бекмуродов жиянлари — У. Муродқулова, К. Дадабоев ҳамда Ш. Комиловларни Самарқанд давлат университети филология факультетига ўқишга киргизиш мақсадида факультет деканининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари Д. Облоқуловга учрашади. «Халоскор» Қ. Бекмуродовдан учала абитуриентларни ўқишга киргизиб қўйиш учун ҳар бирига 7 минг 500 АҚШ долларидан, жами 22 минг 500 АҚШ доллари беришини сўрайди. Жорий йилнинг 21 июнь куни Қ. Бекмуродов сўралган маблағни Д. Облоқуловнинг «шогирди», факультет талабаси Э. Мухторовга бераётган пайтда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан мазкур жиноий ҳаракатга нуқта қўйилди. Айни пайтда ушбу қонунбузарлик ҳолати бўйича ҳам тегишли тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Баъзан фуқароларимиз томонидан ҳуқуқ-тартибот идораларига мактабгача таълим муассасаларидаги пул йиғишлардан норозилик мазмунидаги шикоятлар келиб тушмоқда. Бундай ҳолатларга шаҳримиздаги 64-мактабгача таълим муассасаси мудираси Г. Қамбарова каби «ишбилармон» раҳбарлар сабабчи бўлаётганлиги айни ҳақиқат. Яқинда фуқаро С. Ашурова фарзанди Ф. Суҳробовни 64-мактабгача таълим муассасасига жойлаштирмоқчи бўлиб, мудира Г. Қамбарованинг қабулига киради. С. Ашурова муддаосини баён қилганда порахўрлик ва таъмагирликни меҳнат фаолиятининг мазмунига айлантирган Г. Қамбарова ундан болани МТМга қабул қилиш учун 300 минг сўм ҳамда ойлик тўловлар учун 157 минг сўм беришини талаб қилади. Г. Қамбарова жами 457 минг сўмни «оғринмасдангина» қўлга киритмоқчи эди. Бахтига қарши...

Қонунни кўр-кўрона оёқости қилаётган бундай кимсаларнинг қилмишини қандай тушуниш мумкин?! Ачинарлиси, жиноятга қўл урганларнинг барчаси таълим-тарбия соҳаси ходимлари. Сизу биз ишониб, қўлига топшираётган фарзандларимиз улардан қандай тарбия олиши мумкин?! Бугун ота-онаси кўз ўнгида МТМ мудирасига пора бераётганини кўрган фарзанднинг дунёқараши қандай шаклланар экан?! Таълим-тарбиядаги бундай таъмагирлик, порахўрлик эртамиз эгалари — азиз фарзандларимизнинг комил инсон бўлиб етишиши йўлидаги саъй-ҳаракатларимизга тўсқинлик қилмайдими?

Огоҳ бўлайлик, азиз юртдошлар! Ўз юмушимиз, ҳаётдаги энг эзгу орзу-умидларимизни амалга оширишда порахўрларнинг талаб ва мақсадларига шерик бўлмайлик, уларни қўллаб-қувватлашдан тийилайлик. Зеро, қонун устувор бўлган мамлакатимизда ҳар қандай жиноят жазосиз қолмайди.

Муаллиф: Зафар ҲАМДАМОВ, шаҳар прокурори ёрдамчиси, 3-даражали юрист

20.07.2017 489 59 Жамият ва ҳуқуқ
окна фотограф html php памятники знакомства