samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

КИТОБ ЎҚИШНИ ЎРГАНАЙЛИК

Чоп этиш

Билим — барча кулфатларга қалқон. Абу Абдулло РУДАКИЙ.

Мамлакатимиз Президенти 2017 йил 13 сентябрдаги "Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида"ги қарорида китобхонликни давлат сиёсати даражасига кўтариш вазифасини олдимизга қўйган эди.

Дарҳақиқат, орадан бир йилдан кўпроқ вақт ўтганига қарамасдан, мамлакатимизда китобхонлик ҳаракати ўзгача тус олди. Шуниси қу­вонч­лики, ушбу қарорнинг зиёси — ижроси ҳар бир хонадонга кириб бормоқда. Халқимиз азалдан маънавият асоси бўлган маърифат шайдоси, китоб мухлиси ҳисобланади. Тўғри, кейинги даврда китобхонлик масъулияти ва китобга бўлган эътибор бир қадар сусайганлигини тан олиш жоиз. Юртбошимизнинг юқоридаги қарори мудраётган юракларга тетиклик ва зийраклик бахш этиб, китоб­дан узоқлашаётган қалбимизни зиё нурлари сари янада яқинлаштирди.

Китобхонлик маданияти ва масъулиятини, аввало, оилада шакллантирмоқ лозим. Оила соҳиби қўл остидаги муқаддас салтанат — хонадонида маърифат ҳомийси ва жонкуяри бўлмоғи лозим. Бунинг учун ундан, аввало, ўзи китобхон бўлмоғи, унинг толмас ташвиқотчисига айланиши талаб этилади. Эътибор берсангиз, ёш гўдак силжиб, эмаклай бошлагач, ҳали тили чиқар-чиқмас дастурхон ва турли жиҳозларга ўзини ура бошлайди. Ана шундай пайтда чойнакни кўрсатиб ёки жажжи қўлчасини унга яқинлаштириб олиб борсангиз, дарҳол қўлини тортишга ҳаракат қилади. Бир-икки бор шундай ҳолат такрорлангач, болада чойнакнинг иссиқлигидан ўзини тортиш ҳиссиёти — одати шаклланади. Агар, болага ўз ақлини таний бошлаганиданоқ китобга ошно бўлиш тартиб-қоидасини ўргатсак, аниқроғи, уни ўқиб, ўрганишга рағбатлантирсак, албатта, болада китобга нисбатан меҳр ва қизиқиш пайдо бўлади. Юқорида тилга олинган воқеада ёш гўдакни ҳалокатдан асрашнинг оддий, халқона усули ўз ифодасини топган. Аслида инсонни ҳар қандай маънавий ҳалокатлардан асровчи восита — китоб. Нега энди биз фарзандларимизни ҳалокатлардан асрашнинг муҳим қалқони бўлган китоб ўқишга руҳлантиролмаймиз?

Кетмон чопиш, деҳқончилик қилиш, футбол ўйнаш, борингки, қўшиқ айтишни фарзандингизга ўргатиш осондир. Бу борада китоб ўқишни ўргатиш мушкуллиги ва оғирлигини алоҳида қайд этган бўлардим. Бугун китоб ўқимаган ёшлар футболчи бўлиши, деҳ­қончилик қилиб, бозор ва рўзғорини тўкин қилиши, қўшиқ айтиб, телевизор экранида бот-бот пайдо бўлиши мумкиндир. Бироқ бу меҳнатлар замирида ҳам илм аталмиш улкан маънавий чинорнинг илдизи — пойдевори бўлмоғи лозим. Китоб ўқимасдан бугун маънавий оламга, дунёга юзланиш мумкин эмас!

Ёш авлод қалбида китобга меҳр уйғотишни ҳали ёш бола мактабга бормасидан аввал оилада бошлаш ҳар бир ота-она олдида турган юксак маънавий вазифа ва масъулиятдир. Одатда, кўпчилигимиз фарзандимиз мактабга борса, ўқиш ва ёзишни ўрганиб олади, деган кайфиятда олтинга тенг фурсатларни бой берамиз. Ҳар бир боланинг физиологик, жисмоний ҳамда руҳий тайёргарлигидан келиб чиққан ҳолда унга неча ёшдан бошлаб китоб ўқишни ўргатиш лозимлигини негадир ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Ҳолбуки, 3 ёшли гўдак ҳам, 8 ёшли бола ҳам ўз дунёқарашидан келиб чиқиб, китоб ўқишга қизиқиши, ушбу сирли оламга киришга ҳаракат қилиши мумкин. Эътиборсизлигимиз оқибатида айнан шу ёшлар оралиғида минглаб, ўн минглаб бўлғуси китобхонлар — жамиятнинг мустаҳкам маънавий таянчларидан маҳрум бўлиб қоламиз.

Президентимизнинг юқорида тилга олинган қарори асосида жойларда кутубхоналар ташкил этилмоқда, китоб савдоси билан боғлиқ муаммолар ҳал этилмоқда. Кўпчиликка маълумки, китобхонлар танлови ҳам оммавий суръатда ривожлана бошлади. Бундан қалбингиз бир бор қувонса, иккинчи томондан ўйланишга мажбур бўласиз. Шу кунларда китобхонларнинг шаҳар ва вилоят танловлари босқичи ўтказилмоқда. Газеталар саҳифалари, радио тўлқинлари, ойнаи жаҳонда ҳам ҳар куни бундай танловларнинг ўтказилишини кўриб, кузатиб турибмиз. Бироқ бундай танловлар хўжакўрсинга, қандайдир расмий тадбир ижроси сифатида ташкил этилмаслиги зарур. Бугунги китобхонлар танловини кузатиб, ёшлар совға-салом ёки автомашина олиш учун китоб ўқиётгандек туюлади, менга!

Ҳар бир ота-она фарзандининг моддий ва маиший келажагини таъминлаш билан бирга, дилбандининг маънавий истиқболини ҳам ўйлаши зарур. Ҳозир боламизнинг бировдан кам бўлмасдан ўсиши, кийиниши, еб-ичиши учун шароит яратишни кўпроқ ўйлаймиз. Уларнинг қорни тўқ, эгни бут бўлса — кифоя! Бироқ бу фалсафа аллақачон ўз умрини ўтаб бўлганлигини, эндиликда фар­занд­ларимизнинг моддий эмас, маънавий келажаги ҳақида ўйлашимиз лозимлигини хаёлимизга келтирмаймиз. Агар болангиз учун бир сидра кийим-бош, бир сумка егулик эмас, 3-4 та китоб келтирсангиз, жаҳон донишманд­ларини уйингизга ғойибона таклиф этган бўласиз ва турган гапки, бу китоблардан маънавий баҳраманд бўлган фарзандларингиз бир умр эзгулик ва яхшилик шайдоси бўлиб қолади.

Муаллиф: Муҳиддин ЖАВОДБЕКОВ, фахрий ўқитувчи   

26.11.2018 108 94 Адабиёт
окна фотограф html php памятники знакомства