samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

КИТОБМИ ЁКИ ИНТЕРНЕТ?

Чоп этиш

Сиз қайси бирини танлайсиз?

Мамлакатимизда китоб мутолаасини маънавий эҳтиёж даражасига кўтаришдек эзгу ишга бел боғланди. Жойларда ўтказилаётган турли тадбирлар бевосита китоб мутолааси ва китоб тарғиботини кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Китоб мутолаасини кенгайтиришга замонавий компьютер ва интернет тармоқлари халақит бермоқда, деган гаплар ҳам қулоғимизга чалинади. Тўғри, интернет маълумот олиш учун бугун энг тезкор ва қулай тармоқ ҳисобланади. Лекин ундан олинаётган миллий урф-одатларимиз, ахлоқимиз ва маънавиятимизга зид бўлган маълумотларни ким қандай қабул қилади? Аслида, масала моҳияти маълумотни ким қандай қабул қилиши эмас, кимнинг қандай хулоса чиқариши ва маълумотларда билдирилган фикрлар, таклифларга қандай муносабатда бўлиши билан изоҳланади. Натижада, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган баъзи ахлоқ ва маънавиятимизга хилоф бўлган маълумотлар улардан фойдаланувчилар орқали тез тарқалмоқда. Бунинг сабаби нимада? Маълумки, китобни ёзиш  муаллиф зиммасида бўлса, таҳрир қилиш, босиб чиқариш билан бир неча ташкилот шуғулланади. Бундай масъулиятли вазифа ҳар ким ва ҳар қандай ташкилотга ишониб топширилмайди! Таҳририятлар, нашриётлар, босмахоналар ўртасида китобнинг маънавий ва ғоявий сифати юзасидан ҳам ўзаро чамбарчас боғлиқ алоқалар ўрнатилганки, агар камчилик ва нуқсонларга йўл қўйилса, баъзан шу тизимдаги барча ташкилотлар мутасаддилари қонуний жавобгарликни бўйнига олишга мажбур! Айтинг-чи, ижтимоий тармоқлар олдига ҳозирги кунда шундай талаб қўйилганми?

Мана шу таққослашнинг ўзи китоб мутолаасининг интернетни титкилашдан кўра, ўрни катталигини, маънавий таъсири юксаклигини билдиради. Мен айни пайтда ижтимоий тармоқларнинг имкониятларини камситмаган ҳолда асрлар мобайнида яшаб келаётган китобни ҳеч қачон ёзув ва ўқув столимдан четга суриб қўйишни хаёлимга ҳам келтирмайман.

Муаллиф: Санобар АБДАНОВА, Боғишамол саноат касб-ҳунар коллежи ахборот-ресурс маркази раҳбари

15.12.2018 122 100 Таълим
окна фотограф html php памятники знакомства