samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

КАСАЛЛИК ИЛДИЗИ БИЛАН ЙЎҚОТИЛАДИ

Чоп этиш

Бугунги кунда мамлакатимизда тиббий хизмат сифатини оширишга қаратилган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда.

Замон талабларига мос шарт-шароитларга эга тиббиёт муассасаларида беморлар тез фурсатларда шифо топиб, оиласи бағрига қайтаяпти. Вилоят силга қарши кураш диспансери ҳам тиббиётдаги сўнгги ўзгаришлар натижасида беморлар дардига дармон бўлаётган шифо масканларидан бирига айланган.

— Муассасамиз 610 ўринга мўлжалланган бўлиб, 11 та даволаш бўлими мавжуд, — дейди бош врач Шерали Шерқулов. — Айни пайтда 500 нафарга яқин тиббий ходим беморларга малакали хизмат кўрсатиб келмоқда. Бунинг учун муассасада етарли шароитлар яратилган. Жорий йилда германиялик ҳамкорларимиз кўмагида замонавий бактериологик референс лаборатория ташкил қилинди. Замонавий инновацион технологиялар билан жиҳозланган мазкур лаборатория беморларимизга сифатли ва аниқ ташхис қўйишда қўл келмоқда. Айни пайтда германиялик ҳамкорларимиз ҳамда Соғ­лиқни сақлаш вазирлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси кўмагида йил якунига қадар яна 100 га яқин замонавий тиббий жиҳоз ва ускуналар олиб келиш режалаштирилган. Булар орасида видеобронхоскоп, ҳаракатли рентгенография кабилар касалликнинг даражасини аниқлашда энг муҳим восита ҳисобланади. Шунингдек, мазкур лойиҳа таркибида муассасамиздаги энг долзарб муаммо — электр энергияси таъминотидаги узилишларнинг олдини олиш мақсадида қуёш батареялари ўрнатилиб, муқобил электр энергия тизими ташкил этилади.

Айни пайтда шифохонада беморларни дарддан фориғ қилишда замонавий даволаш усулларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда хорижлик мутахассислар иштирокидаги амалиётлар ҳам қўлланилмоқда.

— Йигирма йилдан буён ушбу соҳада фаолият юритаман, — дейди муассасанинг кўкрак қафаси жарроҳлик бўлими бошлиғи, олий тоифали фтизиожарроҳ Фарҳод Қўйсинов. — Мазкур касалликда илгари кўпчилик жарроҳлик амалиётига розилик бермасди. Аммо бугунги кунда замонавий тиббиётда касалликни бутунлай илдизи билан йўқотиш усули кенг қўлланилмоқда. Бунда беморнинг тикланиш жараёни тез ўтади. Сўнги 3-4 йилга нисбатан ҳозирги кунда беморларнинг жарроҳлик амалиётидан фойдаланиш учун мурожаат қилиши 5-6 баробарга кўпайган. Бўлимимиз 40 ўринга мўлжалланган бўлиб, ўпка билан боғлиқ барча турдаги жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун етарли шароит мавжуд. Буни жорий йилнинг ўтган даври мобайнида муассасамизга келиб жарроҳлик амалиётларини ўтказган хорижлик мутахассислар ҳам эътироф этишди. Жумладан, Россия, Германия, Голландия, Беларусь, Корея Республикаси каби давлатлардан келган малакали мутахассислар бўлимимизда энг сўнги усуллардаги мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказишди. Амалиёт жараёнларида бевосита иштирок этиб, улардан маҳорат сабоқлари олдик. Айни пайтда шундай операцияларни ўзимиз ҳам амалга оширмоқдамиз.

Муассаса мутасаддиларининг маълум қилишича, авваллари сил касалликлари дориларга турғун формада 2 йилгача даволанган бўлса, ҳозирда 9 ойгача мўлжалланган курсларга ўтказилган. Амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бериб, беморлар самарали даволанмоқда. Бунда фуқароларнинг тиббий маданияти ошаётганлиги алоҳида аҳамиятга эга. Чунки, бундай хасталиклар қанча эрта аниқланса, шунча тез даволанади. Демак, мутахассислар таъкидлаганидек, йилда бир марта тўлиқ тиббий кўрикдан ўтишни ёддан чиқармаслик керак.

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ

28.11.2018 54 95 Саломатлик
окна фотограф html php памятники знакомства