samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

КЎПЧИЛИКНИ ДОМИГА ТОРТАЁТГАН КАСАЛЛИК

Чоп этиш

Аллергия бугунги кунда сайёрамиз аҳолисининг ярмидан кўпини ўз домига тортган касаллик ҳисобланади.

Дарҳақиқат, бу касаллик организмга бошқа касалликларга нисбатан ўзига хос тарзда таъсир ўтказади. Касалликни келтириб чиқарувчи турли омиллар бўлиб, айримлар чанг, баъзилар жун, бошқалар эса сутдан шу касалликни юқтириб олиши мумкин. Одатда, узлуксиз акса уриш, тери қичиши, овқатлангандан сўнг енгил, аммо нохуш безовталик сингари кўринишларда бу касаллик намоён бўлади. Хасталик бундан уч минг йил аввал қадимги хитойлик табиблар томонидан аниқланиб, бурун битишига сабаб бўладиган аллергия ўсимлиги номи билан аталган. Бундан юз йил аввал тиббиётда касалликни келтириб чиқарувчи сабаб битта бўлиши мумкинлиги аниқланди. Иммун тизимига ташқаридан етказилган зарар оқибатида аллергия келиб чиқиши исботланди. Кимда иммун тизими мустаҳкам бўлмаса, унда аллергияга чалиниш хавфи шунчалик кучли бўлади.

Бугунги кунда беморлар қабул қилаётган турли дори-дармонлардан ҳам аллергия касаллиги келиб чиқаётганлиги барчага маълум. Айниқса, турли бўёқ, совун, ёстиқ пари, ҳар хил гуллар, шунингдек, антибиотик дори-дармонлар ҳам аллергияга сабабчи бўлмоқда. Бундан ташқари, қўзиқорин, тухум, сут, даволаш зардобларини қабул қилгандан сўнг ҳам хасталик пайдо бўлиши мумкин. Касалликни келтириб чиқарувчи аллергия вируслари юқишининг турли йўллари мавжуд. Озиқ-овқат, дори-дармон, нафас олганда, организмга чанг тушганида, шунингдек, ўсимликларнинг чанг ва ҳиди, эфир мойлари орқали ҳам юқиши кузатилган.

Олимлар бу касалликни ирсий хасталиклар туркумига киритишган. Сабаби, ота ёки онанинг бири аллергия билан оғриса, бу касалликнинг болага ўтиш эҳтимоли 30 фоизни ташкил этади.

Касалликдан сақланиш учун дастлабки тиббий чораларга диққат ва эътибор билан ёндашиш талаб этилади. Соғлом турмуш тарзи касалликнинг олдини олишнинг асосий чораси ҳисобланади. Жумладан, мавсумий чанг бошланиши вақтида вақтинча бошқа жойга кўчиш, агар гулга аллергиянгиз бўлса, гуллардан, ит ёки мушук жунларига нисбатан шундай салбий ҳолат кузатилса, улардан воз кечиш зарур. Хасталикни тиббиёт нуқтаи назаридан даволаш белгиланганида турли препаратларни қабул қилиш белгиланади. Антигистамин, деб аталувчи бундай препаратларни қабул қилганда уйқучанлик, оғиз қуриши, қусиш, жиғилдон қайнаши, бош айланиши рўй бериши мумкин. Шунинг учун бундай препаратлардан фойдаланишдан олдин шифокор билан маслаҳатлашиш талаб этилади.

Муаллиф: Анора МУСАМУРОДОВА, Сўзангарон тиббиёт коллежи ўқитувчиси

13.10.2018 267 80 Саломатлик
окна фотограф html php памятники знакомства