samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Йигирма беш асрлик дубулға

Чоп этиш

Милоддан аввалги VII-VI асрларда ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида сўғдийлар, бақтрияликлар, тохарлар, хоразмликлар, скиф, сак ва массагет қабилалари яшаган.

Ушбу халқларнинг ташқи қиёфаси уларнинг кийиниши, маданиятининг баъзи жиҳатлари ҳақида Эроннинг Кирмоншоҳ шаҳри яқинидаги Беҳистун қоятош ёзувлари ҳам бизга маълумот беради.

Булар ичида сак лашкарлари ўткир учли кулоҳ (бош кийими) кийган ҳолатда тасвирланган. Ана ўша бош ки­йимига ўхшаш ашё Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси фондида сақланмоқда.

1951 йилда Самарқанд шаҳрининг жануби-ғарбида жойлашган кимё заводи ҳудудида олиб борилган ер ишлари натижасида икки метр чуқурликдан экскаваторчи А. Пошдаев томонидан металл дубул­ға топилган. Дубулға билан биргаликда суяк бўлаклари ва иккита сопол парчаси ҳам бор эди. 1953 йилда топилмалар Самарқанд давлат музейига топширилган. Россиянинг Кубань ва юқори Енисей, Саратов ва Оренбург вилоятлари ҳамда Қозоғистоннинг Еттисувидан топилган ушбу дубулғага монанд ашёлар милоддан олдинги VI-V асрларга тааллуқли эканлиги аниқланган. Археолог Е. Кузьмина Самарқанддан топилган архаик дубулға Марказий Осиёда яшаган саклар томонидан ясалган, деган илмий хулосага келган.

Жездан қуйма усулда ясалган дубулға оғир бўлиб, вазни 4-5 килограмм атрофида. Дубулғанинг пастки ёқа қисми қирраларида майда туйнукчалар мавжуд. Бу туйнукчалар махсус ишланиб, пастки совут билан биргаликда пўлат ҳал­қачалар орқали бириктирилган. Бу жанг жараёнида қаттиқ зарбалар пайтида дубулға учиб кетмаслиги учун қўлланилган. Жангчининг ушбу бош кийими оғир ва мустаҳкам бўлганлиги сабабли ундан фойдаланаётган пайтида бошни оғритмаслик ва ботмаслиги учун ичидан кигиз ёки теридан ишланган бош кийим кийилган.

Музейда сақланаётган мазкур дубулғанинг ўнг томонида қилич зарбидан қолган излар, чап томонида камондан отилган ўқ излари ҳам бор. Бу эса дубулға сўзсиз жангчи томонидан кўплаб муҳорабаларда ишлатилганлигини билдиради.

Дубулға қадимийлигига қарамай дизайн жиҳатидан моҳирона ишланган. Унинг шакли ва пешона қисмидан бошланадиган қирра безаклари дубулғанинг тепа қисмига борганда шаклларнинг бетакрор ҳолатда ясалганлигини ва орқа томонга қараб давом этиш жараёнида яхлит композиция ҳосил бўлганлигини кўриш мумкин. Бир қарашда аҳамиятсиз туюлган жангчининг бу бош кийимида ҳаёт ҳақиқатларининг яширинганлигига гувоҳ бўлиб бораверасиз.

Фикримизча, бу дубулға марҳумни ўз буюмлари билан дафн этиш урф-одати мавжуд бўлган даврга хос тарихий манбадир.

Муаллиф: Соҳиба ЭГАМҚУЛОВА, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси етакчи мутахассиси

21.04.2018 81 30 Маданият
окна фотограф html php памятники знакомства