samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ЙПХ ходими ва ҳайдовчи

Чоп этиш

ўртасидаги ўзаро муносабатлар энди янгича тартибда бўлади

Ҳайдовчи бошқараётган автомашина қачон ва қайси сабабга кўра тўхтатилади?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги "Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламаларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорига мувофиқ ЙПХ ходимлари бугунги кунда транспорт воситаларини бир неча асосларга мувофиқ тўхтатиши мумкин. Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши визуал кузатувда аниқланган ёки махсус мосламада қайд этилганида, ҳаракатланаётган транспорт воситаси, ҳайдовчи ёки йўловчи қидирувда бўлганида, уларнинг йўл-транспорт ҳодисасига алоқадор эканлиги ҳақидаги маълумотлар асосида транспорт воситалари тўхтатилиши мумкин. Бундан ташқари, йўл-транспорт ҳодисаси, ҳуқуқбузарлик содир этилганлигини кўрган ҳайдовчи ёки йўловчидан гувоҳ сифатида ҳодисага ойдинлик киритиш мақсадида ҳам автотранспорт воситаси тўхтатилиб, ҳайдовчи ва йўловчилардан тегишли ҳужжатлар ва кўрсатмаларни тақдим этиш талаб этилиши мумкин. Ҳаракатни чеклаш ёки тақиқлаш кўрсатмаларини бажаришда транспорт воситасидан мажбурий тартибда фойдаланишга тўғри келганида, махсус тадбирларни ўтказиш жараёнида транспорт воситасидан фойдаланиш ва бошқариш ҳуқуқини берувчи, транспорт ва юкларга оид ҳужжатлар мавжудлигини текшириш мобайнида ҳам ЙПХ ходими ҳаракатланаётган транспорт воситасини тўхтатиш ҳуқуқига эга.

Юқоридаги қарорга мувофиқ, айрим ҳолларда транспорт ҳаракатини тўхтатиш ҳолатлари тақиқланиши ҳам белгилаб қўйилган. Ушбу ҳужжатга кўра транспорт воситаси ҳужжатларини текшириш учун тўхтатилганида, фақатгина текширилган ҳужжатларда аниқланган қоидабузарликлар бўйича чора кўрилади. Автомашина тўхтатилганида ҳайдовчи ЙПХ ходимининг хизмат вазифасини ўтаётганлигини тасдиқловчи дислокация кўчирмаси билан танишишга ҳақлидир. Бунда ЙПХ ходими транспорт воситаси тўхтатилган ҳудудда транспортни, юкларни кўздан кечириш, уни кузатиш ва таъқиб этиш ҳуқуқига эга бўлиб, ушбу жараёнда йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳаёти ва соғлиги учун хавфли ҳаракатлар содир этилишига асло йўл қўйилмайди.

ЙПХ ходими транспорт воситасидаги носозлик ёки юк ташиш қоидаси бузилганини бартараф этиш, ҳайдовчининг маст ёки ҳушёрлигини текшириш, шунингдек, транспорт воситасининг двигатели ва агрегат қисм­лари рақамлари қайд этилган ҳужжатларда ноаниқликлар бўлганида ҳайдовчи кабинадан, йўловчилар эса салондан тушиб туришларини талаб этишга ҳақлидир. Ҳайдовчи ёки йўловчи жиноят содир этишда гумон қилинса, ҳайдовчининг кабинада бўлиши йўл ҳаракати хавфсизлиги учун таҳдид солиши мумкин бўлган ҳолатларда ҳам ЙПХ ходими юқоридаги ҳолатда иш кўриши мумкин.

Шу ўринда ЙПХ ходими хизмат вазифасини бажариш чоғида амал қилиши лозим бўлган тартиб-қоидалар ҳам белгиланди. Жумладан, ўз вазифасини мобиль видеокамерадан фойдаланган ҳолда бажариши, бу ҳақда йўл ҳаракати қатнашчилари — ҳайдовчи ва йўловчиларга маълум қилиши, транспорт воситаси тўхтатилганидан сўнг унинг олдига бориб ўзини таништириши, лавозими, унвони ҳақида маълумот бериши ҳамда "Сиз" дея ҳурмат маъносида мурожаат этиши лозим. Йўл-транспорт ҳодисаси вақтида тиббий ёрдамга муҳтож бўлганларни белгиланган манзилга етказишда ёрдам кўрсатиши ҳам белгилаб қўйилган. Автотранспорт воситаси тўхтатилганидан сўнг ҳайдовчини тезликни оширганлиги ёки бошқа қоидабузарликка йўл қўйгани учун махсус мосламанинг кўрсаткичлари билан таништириши, ҳайдовчининг талабига мувофиқ мосламанинг қиёсий сертификати билан уни таништириши мумкин. Шу ўринда йўл ҳаракати қатнашчилари жараённи мобиль видеокамера ёрдамисиз олиб бораётган ЙПХ ходимига ҳужжатларни тақдим этмаслик ва асоссиз тўхтатиб туриш учун ходим ҳуқуқий ваколатга эга эмаслигини талаб қилишга ҳақлидир. ЙПХ ходимининг қоидабузар ҳайдовчига нисбатан шахсий адоват туфайли унинг аҳволини оғирлаштириш, саломатлигига зиён етказадиган ҳолатларга йўл қўймаслиги белгиланган.

Ҳукуматимизнинг ушбу қарори билан йўл ҳаракатида содир бўлаётган кўпдан-кўп муаммоларнинг ечими топилди. Эндиликда жорий этилаётган янгиликларни кўча ва йўлларда кенг қўллаш, унга қатъий амал қилиш ҳар икки томон — ЙПХ ходими ва ҳайдовчи ўртасидаги зиддиятларни бартараф этишга, ўртада қонуний муносабатларни ўрнатишга хизмат қилади.

Муаллиф: Н. ҲАЙДАРОВА, шаҳар адлия бўлими катта маслаҳатчиси

27.12.2018 68 103 Жамият ва ҳуқуқ
окна фотограф html php памятники знакомства