samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Иқтидорли ёшлар саммити

Чоп этиш

У таассуротларга бой бўлди

Яқинда Навоий шаҳрида  "Navоi Youth Summit" ("Навоий ёшлар саммити") ўтказилди. Унда юртимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 200 нафар энг зукко, билимли ёшлар иштирок этишди. Қувонарлиси, мен ҳам ушбу ёшлар форумида қатнашиш имкониятига эга бўлдим. Мазкур тадбир Тадбиркорлар  ва ишбилармонлар ҳаракати —Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят кенгаши, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ҳамкорлигида ёш тадбиркор Ифора Муродова томонидан ташкил этилди.

Иштирокчилар Навоий шаҳри марказидаги ёшлар марказида карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди. Дастлаб, саммит иштирокчилари Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиб, бобомиз руҳига ҳурмат бажо келтиришди. Саммитда ёшлар ахборот технологиялари, медиа ва журналистика, тадбиркорлик ва иқтисодиёт, ёшлар ва сиёсат, спорт ва баркамол ёшлар йўналишларида иштирок этишди.

Мен медиа ва журналистика йўналиши бўйича қатнашдим. Саммитда тенгдошларимиз билан дўстлашдик, тажриба алмашдик, билмаганларимизни ўргандик. Айниқса, Навоий шаҳридаги 11-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Лобар Жалолованинг теран фикрлаши, чуқур билими, дунёқараши кенглиги, бир қатор ютуқларга эришганлиги кўпчиликка ўрнак бўлди. Гуруҳ бўлиб ишлашда ижобий ёндашувлари, лидерлиги барчада ҳавас уйғотди.

Саммит доирасидаги семинар-тренингдан сўнг иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда Навоий давлат кончилик институти, вилоят иқтисодий суди, "Toshrabot textile" корхонасида бўлишди. Биз пахтачиликда кластер усули кенг қўлланаётган "Toshrabot textile" корхонасидаги замонавий дастгоҳлар, ишчи ва мутахассисларга яратиб берилган  шароитлар, хориж мамлакатларидан келтирилган ускуналар билан танишдик. Навоийдаги улкан бунёдкорлик ишларини томоша қилдик.

Саммитнинг фаол иштирокчиларига ЎзЛиДеП Навоий вилоят кенгаши ҳамда ҳамкор ташкилотларнинг эсдалик совғалари ва сертификатлари топширилди.

Муаллиф: Мафтуна РЎЗИЕВА

16.05.2018 83 37 Жамият ва ҳуқуқ
окна фотограф html php памятники знакомства