samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Ишга ижодий ёндашиш

Чоп этиш

юксак марраларни забт этишга хизмат қилади

Мамлакатимизда таълим-тарбия, хусусан, мактаб таълимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Таълим тизимининг ўзига хос модели сифатида халқаро эътирофга сазовор бўлган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури асосида умумтаълим мактабларининг аксариятида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, моддий-техника базаси мустаҳкамланмоқда. Натижада таълим жараёнининг мазмуни тубдан такомиллашиб, ўқитувчилар меҳнати мудом моддий ва маънавий рағбатлантирилиб келинмоқда.

Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ҳаётга изчил татбиқ этишда ёш авлодга таълим-тарбия бериш ишларига устувор вазифа сифатида қаралиб, ўқувчиларнинг пухта билим эгаллаши, иқтидор ва истеъдодларини намоён этишлари учун барча имкониятларни ишга соляпмиз.

Айни пайтда таълим муассасамизда 2200 нафарга яқин ўқувчилар таҳсил олишмоқда. Уларга 94 нафар педагог замонавий педагогик технологиялар, ноанъанавий методлардан кенг фойдаланган ҳолда сабоқ беришмоқда. Ўқувчиларнинг табиий, ижтимоий-гуманитар ва аниқ фанлардан олган назарий билимларини мустаҳкамлаш мақсадида ўқитувчиларимиз томонидан турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилаётгани, тарихий қадамжолар ва саноат корхоналарига саёҳатлар уюштирилаётганини эътироф этиш жоиз. Бу борада ўқитувчиларимиз Назира Эрназарова, Ольга Байдалова, Нилуфар Кенжаева, Маргарита Адилова, Зебо Алимова, Зилола Жаниева, Насиба Ибрагимова, Мая Абдураззоқоваларнинг саъй-ҳаракати диққатга сазовор.

Ўқувчиларнинг Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Машраб, Нодира, Муқимий, Авлоний, Беҳбудий, Фитрат, Қодирий, Чўлпон каби аждодларимизнинг бой маънавий меросини ўқиб, ўрганишларига алоҳида эътибор қаратганмиз. Анъанага кўра, жорий йилда ҳам Алишер Навоий таваллудининг 577, Бобур Мирзо таваллудининг 535 йиллигига бағишланган адабий-бадиий кечалар юқори савияда ташкил этилди. Ушбу тадбирлар муносабати билан ўқитувчиларимиз М. Ўсанова, Н. Дўстмуродова, И. Набиев, М. Аллаёрова, А. Жонузоқова, А. Данилян, М. Багирова, С. Негматовалар ташаббус кўрсатиб, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирокида китобхонлик акцияси ўтказишди. Ҳар бир ота-она ўз фарзандига учтадан китоб совға қилди. Акцияда, шунингдек, мактаб ахборот-ресурс марказига битирувчилар, ота-оналар, ўқитувчилар ҳамда ҳомийлар томонидан 300 га яқин китоблар совға қилинди. Бундай маданий-маърифий тадбирлар ўқувчиларнинг китобга бўлган меҳри янада ортишига хизмат қилди.

Мактабимизда 30 дан ортиқ фан, таълим ва спорт тўгараклари мавжуд бўлиб, ўқувчиларимиздаги илм ўрганишга бўлган иштиёқни янада рағбатлантириш, иқтидор ва истеъдодларини рўёбга чиқаришда муҳим ўрин тутмоқда. Биргина спорт тўгараклари аъзолари бўлган ўқувчиларимиз "Умид ниҳоллари" мусобақасининг шаҳар босқичида баскетбол бўйича биринчи, ўзбек жанг санъати бўйича иккинчи ўринни эгаллади. Ушбу мусобақанинг ҳудудий босқичида ҳам фахрли биринчи ўринни қўлга киритдик. Бундан ташқари, Азиза Муҳаммадиева инглиз тили фани, Хусравбек Абдуваҳҳобов эса чизмачилик фани бўйича фан олимпиадасида қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллади.

Бугун биз, педагоглар таълим-тарбия бераётган ўқувчилар эртамиз эгалари, келажагимиз бунёдкорларидир. Жамоамиз билан ана шундай масъулиятни қалбан ҳис этиб, аждодларга муносиб ворислар, интеллектуал билим ва салоҳиятга эга кадрларни камолга етказишда ҳормай-толмай меҳнат қилмоқдамиз.

Муаллиф: Фахриддин ХОЛИҚОВ, 29-умумий ўрта таълим мактаби директори

15.03.2018 100 20 Таълим
окна фотограф html php памятники знакомства