samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Истиқлол рамзи

Чоп этиш

улардан фойдаланиш тартиби қандай?

Бундан 27 йил муқаддам мустақиллик йўлига қадам қўйган мамлакатимиз истиқлол тимсоли ҳисобланмиш ўз давлат байроғига эга бўлди. Маълумки, ҳар бир суверен давлатда мустақиллик рамзларидан бири — давлат байроғидан фойдаланишни тартибга солувчи қонунчилик базаси яратилган. Жумладан, мамлакатимизда ҳам "Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида"ги қонуни билан бу борада қатъий тартиб белгиланган.

Ушбу қонунга мувофиқ, давлат байроғи акси туширилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш, хизматларни жорий этиш ман этилган. Хўш, давлатимиз байроғи мамлакатимиз ва унинг ҳудудида яшовчи барча миллат ҳамда элат вакиллари учун асосий тимсолга айланган экан, фахримиз, ғуруримиз ҳисобланган байроғимиз рамзларидан фойдаланиш нега мумкин эмас? Қонун қабул қилинганидан буён орадан 25 йилдан кўпроқ вақт ўтди. Табиийки, мамлакатимизда чорак аср мобайнида сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий жабҳаларда том маънодаги ўзгаришлар рўй берди. Демак, бундай фахр ва ғурур манбаи ҳисобланган ўзгаришларни ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, кўрсатилаётган хизматлар, амалга оширилаётган тадбирларда кенг намоён этиш вақти келди. Бироқ давлат байроғи акси туширилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш, уларни сотиш, хизматлар кўрсатиш қонун билан тартибга солинади. Қонунда "Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларда фойдаланиш мумкин эмас"­лиги белгилаб қўйилган. Ана шу чеклов туфайли ишлаб чиқариш, тижорат, ҳаттоки сайёҳлик соҳасида ҳам бир қатор муаммолар пайдо бўлмоқда. Бундан ташқари, нодавлат-нотижорат ташкилотларининг рамзларида давлат байроғининг тасвири акс эттирилмаслиги, шунингдек, байроғимиз белгилари ушбу ташкилотларнинг реквизитлари, реклама материалларидан ўрин олмаслиги таъкидланган.

Шунга қарамасдан, айрим нодавлат ташкилотлар рамзларида давлат байроғининг акси ифодаланаётганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Хусусан, ўтган йили ташкил этилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, бундан ташқари, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг идоравий рамзларида давлат байроғи ифодасидан фойдаланилган. Қонунда эса давлат байроғи ифодасидан фойдаланиши мумкин бўлган давлат ташкилотлари рўйхати белгилаб қўйилган. Бизнингча, "Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида"ги қонунига ўзгартириш киритиш лозим. Негаки, бир давлат манфаати ҳамда унинг байроғи остида жипслашар эканмиз, давлат рамзидан фойдаланиш имтиёзи ва имкониятини кенгайтириш зарур.

Бу борада жаҳоннинг ривожланган мамлакатларида қандай қонуний механизм ишлаб чиқилган ва амал қилмоқда? Эътибор берсангиз, бугун ёш-яланглар кийиб олган енгил футболка, кепкаларда турли мамлакатларнинг давлат рамзлари тасвирланган. Ҳатто, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳам хорижий мамлакатлар давлат рамзларидан фойдаланиб, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, савдо-сотиқни кенгайтириш пайида бўлишмоқда. Агар уларга давлат рамзларидан бири бўлмиш байроқ тасвиридан фойдаланишнинг қонуний базаси яратилганида, бугун ёшларимиз бошидаги кепка, қўлидаги юк халта, кийиб олган либосларида хорижий давлатлар рамзларига кўзимиз тушмаган бўлур эди.

Ушбу муаммони ўрганиш жараёнида бир қатор мамлакатларнинг бу борадаги қонунчилиги ва амалиётига мурожаат этишга тўғри келди. Жумладан, Россия федерациясида амалда бўлган "Россия Федерациясининг давлат байроғи тўғрисида"ги федерал Конституциявий Қонунининг 9.1. моддасига мувофиқ "Фуқаролар жамоат бирлашмалари, корхона ва ташкилотлар давлат байроғи ва унинг тасвиридан давлат байроғига ҳурматсизлик кўрсатмаган ҳолда фойдаланиши мумкин", дея таъкидаланган. Шунингдек, ушбу давлатда амалда бўлган Давлат байроғидан фойдаланиш тўғрисидаги Йўриқномага мувофиқ давлат байроғи тасвири қутилар, салфетка, дастрўмол, чойшаб, ёстиқ ва бошқа шахсий ҳамда вақтинча фойдаланиладиган буюмларда қўлланилиши ман этилган. Демак, ушбу мамлакатда ман этилган тармоқлардан ташқари бошқа умумфойдаланишда бўлган хизмат кўрсатиш соҳалари ва ишлаб чиқариш тармоқларида давлат байроғи рамзидан фойдаланишга рухсат этилган. Бу каби янгиликларга АҚШ, Канада ёки қўшниларимиз — Қозоғистон, Туркманистон Республикаларида амалда бўлган қонунларда ҳам дуч келишимиз мумкин.

Хулоса шундан иборатки, давлат байроғи рамзидан моддий, маънавий мақсадда фойдаланишни кенгайтиришга оид қонун нормаларини қайтадан кўриб чиқишимиз зарур. Бунинг учун халқаро тажрибалардан фойдаланиш имконияти ҳам мавжуд.

Муаллиф: Жуманазар ОТАЖОНОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати, ЎзМТДП фракцияси аъзоси

25.07.2018 154 58 Сиёсат
окна фотограф html php памятники знакомства