samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Инновацион технологиялар

Чоп этиш

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг 30 декабрида мамлакатимизнинг таниқли илм-фан намояндалари билан бўлган учрашувда жаҳоннинг нуфузли институтлари, университетлари, илмий марказлари ва Фанлар академиялари билан илмий ҳамкорликни янада ривожлантиришни замоннинг ўзи талаб қилаётгани, хорижнинг етакчи ўқув ва илмий муассасаларида таълим ва илмий даража олган юртдошларимиз учун мамлакатимизда қулай шароитлар яратиб бериш лозимлигини алоҳида таъкидлади. Юқори салоҳиятга эга, жаҳон миқёсида эътироф этилган олимларимизнинг тажрибасидан фойдаланиш, «устоз-шогирд» анъанасини изчил йўлга қўйиш зарурлигини эътироф этди.

Дарҳақиқат, ўтган йиллар мобайнида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида олий таълим тизимини ривожлантириш, соҳанинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда ин­вес­тициялар жалб қилиш борасида кўпгина эзгу ишлар амалга оширилганди. Биргина Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 20 майдаги «Олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ижросини таъминлаш бўйича қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Бугунги кунда мамлакатимизда яратилаётган имконият ва қулайликлар туфайли Самарқанд давлат университетида таълим тизимига инновацион технологияларни жалб қилиш, пухта билимга эга кадр­ларни тайёрлаш бўйича муайян ютуқларга эришилмоқда.

Юртимиз замини кўплаб рангли металларга бой. Мисол учун, уран захиралари бўйича мамлакатимиз дунёда ўнта давлат қаторидан жой эгаллаган. Мазкур табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш онкология, ядро томографияси, вакциналар тайёрлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари, ичимлик сувининг радиацион хавф­сизлиги, ядровий маҳсулотларнинг тарқалиб кетмаслигини назорат қилиш, ядро физикасининг барча соҳаларида дунёда қўлга киритилаётган ўта нозик эксперимент тадқиқотларда иштирок этиш ва замонавий етук мутахассислар тайёрлаш бугунги куннинг долзарб вазифаси ҳисобланади.  Шу боис, университетнинг физика факультети ядро физикаси кафедраси мудири, доцент Шаймонқул Хушмуродов таълим ва илмий тадқиқот ишларини сўнгги турдаги замонавий асбоб-ускуналар билан олиб боришни халқаро грантлар, инвестициялар киритиш ҳисобидан амалга оширишни мақсад қилди. Олим 2011 йилда БМТнинг МАГАТЭ халқаро агентлиги томонидан эълон қилинган «Амалий ядро физикаси ва физик экология соҳасида замонавий етук мутахассислар тайёрлаш» мавзусидаги халқаро танловда иштирок этди. Унда муваффақият қо­зонган Шаймонқул Хушмуродов 2012–2015 йилларга мўл­жалланган 231 минг евро миқдоридаги грантни қўлга киритди.

— Грант МАГАТЭ томонидан таълим ва илмий-тадқиқот йўналишлари бўйича ло­йиҳада кўрсатилган замонавий асбоб-ускуналар, дунёнинг ривожланган мамлакатларида ишлаб чиқарилган лаборатория қурилмаларини олиб келиш имкониятини берди, — дейди ядро физикаси кафедраси мудири, доцент Шаймонқул Хушмуродов. — Мазкур замонавий қурилмалар ядро физикаси, физикавий экология йўналишларида таҳсил олаётган бакалавр йўналишидаги талабалар, магистрларимиз учун 50 дан ортиқ лаборатория ишлари услубий қўлланмаларини яратиш, жаҳоннинг етакчи олийгоҳлари мутахассислари билан рақобатлаша оладиган кадрлар тайёрлаш имконини берди. Шунингдек, мен билан бирга кафедранинг илмий ходимлари Орифжон Маматқулов, Акмал Сафаров ва бошқа мутахассислар Россиянинг бирлашган ядро тадқиқотлари инс­титути, Англиянинг Суррей университети, Хорватиянинг Загреб университети, Финляндиянинг Юваскула илмий марказларидаги биология, радиацион ҳимояланиш, дозиметрия асослари лабораторияларида малака оширишга муваффақ бўлишди.

Хорижнинг нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик ҳамда малака ошириш курслари ўзининг ижобий натижасини бермоқда. Эътиборга молик жиҳати, университетда айни йўналишда таҳсил олаётган ёш тадқиқотчилар замонавий асбоб-ускуналар ва лаборатория қурилмаларидан фойдаланган ҳолда, салмоқли илмий тадқиқот ишларини амалга оширишмоқда. Айни пайтда Шаймонқул Хушмуродовнинг илмий раҳбарлигида университет магистрант­лари ва талабалари Отамурод Эсан­муродов, Жасур Худойқулов, Фарҳод Мустафоев, Омаджон Сафаров, Садриддин ўиёсиддинов ва Дилшод Ҳакимовлар ичимлик суви соф­лигини таъминлаш, вилоятда ишлаб чиқарилаётган қурилиш материалларининг радиацион хавфсизлигини баҳолаш ва бошқа мавзуларда илмий изланишлар олиб боришмоқда.

— Илмий раҳбарим билан биргаликда «Суғорилмайдиган ер майдонлари тупроқ эррозияси даражасини Сs-137 сунъий радиоактив изотопининг тақсимоти орқали ўрганиш» мавзусида тад­қиқот олиб бораяпмиз, — дейди университет магистранти Дилшод Ҳакимов. — Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, кўплаб ҳудудларда ерларнинг учдан бир қисми тупроқ эрозияси, яъни нураш, гермитизациялашув (зичлашиши), тупроқнинг шўр­ланиши, тупроқдан органик ва озиқ моддаларининг ювилиб кетиши, ернинг ифлосланиши ва бошқа жараёнлар таъсирида таназзулга учрамоқда. Бунинг асосий сабаби сифатида инсонларнинг ер ресурсларидан нотўғри ва ноўрин фойдаланишлари кўрсатилмоқда. Бўлажак мутахассис сифатида мазкур йўналишда илмий изланиш олиб боришни истадим. Тадқиқотларимиз мобайнида грант асосида хориждан олиб келинган энг замонавий асбоб-ускуналар асқотмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Самарқанд давлат университети илмий салоҳияти юксалишидаги ҳиссаси, етук кадрлар тайёрлашда замонавий педагогика ва ахборот-коммуникация технологияларини таълим-тарбия жараёнига жалб қилиш ҳамда ундан самарали фойдаланишда Шаймонқул Хушмуродовнинг ҳиссаси катта бўлмоқда. Шу туфайли у «Олий таълим муассасасининг энг яхши педагоги» республика танловининг «Инновация ва ахборот технологияларини қўллайдиган энг яхши педагог» номинацияси ғолиби, деб топилди. Шижоатли олим шогирдлари билан илмий изланишларни изчил давом эттирмоқда.

Муаллиф: Абдуҳошим ЗИЁДОВ, «Samarqand» мухбири

16.02.2017 1848 5 Таълим
окна фотограф html php памятники знакомства