samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Инновацион олимпиада

Чоп этиш

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг тегишли буйруғига мувофиқ, мамлакатимиз умумтаълим мактабларининг 8—10-синф ўқувчилари ўртасида математика, информатика, кимё, биология, тарих, тасвирий санъат фанлари бўйича инновацион олимпиаданинг республика босқичи якунига етди.

Инновацион олимпиаданинг физика фани бўйича якуний босқичи Самарқанддаги 60-заиф кўрувчи болаларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатида ўтказилган бўлса, қолган умумтаълим фанлари бўйича иқтидорли ўқувчилар Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида, шунингдек, Бухоро, Навоий, Урганч, Қарши, Тошкент шаҳарларида ўз билимларини синовдан ўтказишди.

Ушбу тадбир умумтаълим мактабларидаги иқтидорли, илғор ва ташаббускор ўқувчиларни аниқлаш, уларнинг ижодий фаоллигини ошириш, соғлом рақобатни таъминлаш, ўзаро дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, ўз билимларини намоён этишларига имконият яратиш мақсадида ташкил этилди. Олимпиадада физика фани бўйича мамлакатимиз вилоят, туман ва шаҳарлари умумтаълим мактабларидан саралаб олинган 55 нафар ўқувчи ўз билимларини намоён этди.

Интеллектуал олимпиаданинг очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бош бош­қармаси бошлиғи ўринбосари        С. Сейт­­­­камолов, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Р. Йўлдошев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни алоҳида эътироф этишди. Иқтидорли ёшларни аниқлаш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш бўйича қилинаётган ишларга тўхталиб ўтишди. Шундан сўнг сўзга чиққан "Ёш китобхон" кўрик-танловининг республика бос­қичи ғолиби М. Шомуродова тенгдошларига омад тилади.

Ўқувчилар ёзма (амалий) иш ҳамда онлайн тест орқали ўз билимларини синовдан ўтказишди. Олий ва ўрта махсус таълим муассасаларининг малакали профессор-ўқитувчиларидан таркиб топган ҳакамлар ҳайъати очиқлик ва ошкоралик, ҳаққонийлик асосида ўқувчиларнинг билимларини баҳолашди. Интеллектуал олимпиаданинг якуний натижаларига кўра, 8—10-синф ўқувчилари ўртасида биринчи, иккинчи, учинчи ўринларни эгаллаган ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Олимпиадада иштирок этган барча ўқувчиларга сертификатлар топширилди, шунингдек, ўқувчилар билимини холисона баҳолаган ўқитувчиларга ҳам ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари берилди.

— Инновацион олимпиада физика фани бўйича айнан Самар­қанд­да ўтказилиши бизга улкан масъулият юклади, — дейди 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Иброҳим Ғуломов. — Негаки, биз буюк астроном, бобокалонимиз Мирзо Улуғбекнинг ворисларимиз. Шунга мувофиқ олимпиадада ўзимизнинг бор билимимизни намоён этиб, фахрли ўрин эгаллашга интилдик.

Инновацион олимпиада доирасида "Заковат", "Мўъжизалар майдони" интеллектуал ўйинлари ташкил этилди. Вилоятлардан ташриф буюрган ўқувчилар ўзига хос миллий урф-одатларни намоён этган ҳолда маданий тадбирларда фаол иштирок этишди.

Ўқувчилар Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйишди. Регистон ансамбли, Мирзо Улуғбек обсерваториясига саёҳат уюштирилди.

— Олимпиада нафақат фойдали, балки унутилмас таассуротларга бой бўлди, — дейди Тошкент шаҳридаги 277-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Шоҳруҳ Маҳмудов. — Ўтказилган турли интеллектуал ўйинлар, маданий тадбирлар жараёнида кўплаб дўстлар орттирдим, улар билан ўзаро баҳслашиб, олган билимларимни янада бойитдим. Самарқанд­даги диққатга сазовор жойларга саёҳат, айниқса, Мирзо Улуғбек обсерваторияси ҳамда у ердаги музей билан яқиндан танишув ҳайратимни оширди. Қалбимда ўз даврининг буюк алломаси бўлган улуғ аждодимиз каби илм эгаллашдек улуғ мақсад пайдо бўлди.

Муаллиф: Абдуҳошим ЗИЁДОВ, "Samarqand" мухбири

21.04.2018 165 30 Таълим
окна фотограф html php памятники знакомства