samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Инновацион лойиҳалар танлови

Чоп этиш

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси шаҳар кенгашида "Ёш инновациячи" танловининг шаҳар босқичи бўлиб ўтди.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида ташкил этилган ушбу танловда шаҳримиздаги 6 та касб-ҳунар коллежининг ўқувчилари ўзларининг инновацион лойиҳалари билан иштирок этишди.

— Танловда "Самарқанд экспресс" осма йўловчи ташиш транспортини яратиш лойиҳаси билан иштирок этдим, — дейди Самар­қанд темирйўл транспорти коллежи ўқувчиси Дамирхон Қосимов. — Тўғри, бу жаҳон тажрибасида синовдан ўтган ва ўзини оқлаганлиги боис унинг янгилиги бўлмаслиги мумкин. Бироқ биз устозларимиз билан биргаликда илгари сураётган ушбу лойиҳамизда табиий ресурслардан унумли фойдаланиш ғояси етакчилик қилади. Яъни, "Самарқанд экспресс" электр энергияси билан эмас, муқобил энергия — қуёш энергияси билан ҳаракатланади. Лойиҳа шаҳримиз кўчаларида тирбандликнинг олдини олиши, атроф-муҳитга салбий таъсирининг йўқлиги билан ҳам афзалликларга эга.

Танлов давомида иштирокчилар инновацион лойиҳаларининг тақдимотини ўтказишди. Мутахассисларнинг саволларига атрофлича жавоб беришди. Якуний натижаларга кўра, танловда "Автоювиш шохобчаларида оқова сувни қайта ишлаб, ундан самарали фойдаланиш" лойиҳаси билан иштирок этган Боғишамол саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Фурқат Кулиев биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўрин "Инновацион қўғирчоқ" лойиҳаси муаллифи, Самарқанд таянч тиббиёт коллежи ўқувчиси Мафтунахон Икромовага, учинчи ўрин эса Самарқанд темирйўл транспорти коллежи ўқувчиси Дамирхон Қосимовга насиб этди.

Ғолиблар танлов ташкилотчиларининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Муаллиф: Бахтигул ҚАРШИЕВА, ЎзЛиДеП вилоят кенгаши матбуот котиби

12.05.2018 84 36 Жамият ва ҳуқуқ
окна фотограф html php памятники знакомства