samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Инглиз тилига мафтун бўлган Мафтуна

Чоп этиш

— Қизим, тил ўрган, айниқса, инглиз тилини, — дея маслаҳат берди отаси. — мусофир юртда ишлаб, тил билишнинг нечоғлик катта бойлик эканлигини тушуниб етдим.

Мафтуна таълим олаётган 9-умумтаълим мактабида афсуски, чет тиллардан фақат немис тили ўқитиларди. Отасининг қистови билан инглиз тилини ўрганишга киришган қизалоқни устози Шоира Зайниева ўз қанотига олди. Гарчи, немис тили бўйича мутахассис бўлса-да, Мафтуна билан мустақил равишда инглиз тилида машғулот ўтказа бошлади. Тез орада Мафтунанинг интилувчанлиги, тириш­қоқлиги, илмга чанқоқлиги ўз самарасини бера бошлади: у инглиз тилидаги матнларни хатосиз ўқиш, ўз фикр ва мулоҳазаларини шу тилда эркин ифода этиш малакасига эга бўлди.

— Мен бир умр устозим — Шоира Зайниевадан миннатдорман, — дейди Мафтуна. — Устозим мени ўз фарзандидек ардоқлаб, гарчи, мутахассис бўлмаса-да, инглиз тилини қунт билан ўргатди.

Умумтаълим мактабини битиргач, Мафтуна СамДУ 1-академик лицейига ўқишга кириб, инглиз тилини пухта ўрганиш ҳаракатида бўлди. Бунда онаси, тажрибали педагог Сожида опанинг ҳам хизмати каттадир. Она тили ва адабиёт ўқитувчиси бўлган волидаи муҳтарамаси қизининг интилишларини ҳамиша қўллаб-қувватлаб турди.

— Қизимнинг инглиз тилига бўлган қизиқишини ҳисобга олиб, барча шарт-шароитни яратишга ҳаракат қилдим, — дейди Сожида опа. — Отаси олис юртда ишлаётганлиги сабабли уч фарзандимга ҳам ота, ҳам она ўрнида тарбия бердим. Худога шукур, фарзандларим ота-онасининг юзини ерга қаратишмади.

Айни пайтда 73-умумтаълим мактабида ёш авлодга инглиз тилидан сабоқ бераётган Мафтунанинг укалари Фаридун ва Самандар ҳам инглиз тилини пухта ўрганиб, чет элда таҳсил олишмоқда. Катта укаси Фаридун Япониядаги коллежлардан бирида иқтисодиёт йўналиши бўйича таълим олаётган бўлса, кичиги Самандар Бирлашган Араб Амирликларининг "Synergy" университетида халқаро менежмент ва туризм соҳаси бўйича ўқимоқда. Албатта, бунда ҳам оилавий муҳит, қолаверса Мафтунанинг тил ўрганиш борасидаги интилишлари укалари учун ибрат мактаби бўлган.

850 нафар ўқувчи таълим олаётган билим масканида ёш бўлса-да, иқтидорли ва анчагина тажриба тўплаган Мафтуна Аҳмадованинг алоҳида ўрни бор.

— Мафтуна мактабимиздаги энг иқтидорли ўқитувчилардан биридир, — дейди билим маскани раҳбари Озода Назарова. — Ҳар йили ўтказиладиган кўрик-танловларда иштирок этиб, мактабимиз шаънини муносиб ҳимоя қилмоқда. Ўтган йили ўтказилган инглиз тили бўйича "Энг яхши лойиҳа" тақдимоти танловининг шаҳар бос­қичида ғолиб чиқди. Айни пайт­да эса ушбу танловнинг Республика босқичига тайёргарлик кўрмоқда.

Мафтуна Аҳмадованинг педагогик фаолияти 2014 йилдан бошланган. Қисқа вақт мобайнида у ўз касбининг малакали мутахассиси, моҳир устоз сифатида ўқувчилари, жамоадошлари ва ота-оналар ҳурматини қозонди. Изланувчан муаллима ўз фаолиятида ҳамиша янгиликка интилиб ишлайди.  Унинг энг охирги лойиҳаси "Чоракнинг энг яхши ўқувчиси", деб номланади. Лойиҳага биноан чорак мобайнида машғулотларда фаол қатнашиб, юқори балл тўплаган ўқувчи ғолиб, деб топилади. Ғолибни рағбатлантириш учун инглиз тилида махсус диплом тайёрланади.

— Бу усул ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда, — дейди Мафтуна Аҳмадова. — Ўқувчининг инглиз тилида равон ўқиши ва эркин сўзлаша олиши ушбу усулдан кўзда тутилган асосий мақсаддир. Шуниси қувончлики, юқори синфларгина эмас, бошланғич синфларда ҳам бу усулда таҳсил олишга қизиқаётганлар кўпчиликни ташкил этади.

Мафтуна 2015 йилда Самарқанд давлат чет тиллар институтининг инглиз филологияси факультетини "аъло" баҳолар билан битирди. Ҳали талабалигидаёқ ҳозир ўзи ишлаётган қадр­дон жамоасида фаолиятини бошлаган ёш муаллима айни пайтда мактабда хорижий тиллар услубий бирлашмаси раҳбари. Мактабда хорижий тиллардан сабоқ бераётган 5 нафар муаллимнинг тажриба ва маҳоратини ошириш, таълим самарадорлигини юксалтириш йўлида тинмай изланаётган ёш муаллима айни дамларда янги педагогик ишланмалар устида иш олиб бормоқда.

 

Муаллиф: Қувондиқ ХАЛИЛОВ

26.01.2019 267 4 Таълим
окна фотограф html php памятники знакомства