samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Инвестициялар — тараққиёт омили

Чоп этиш

У аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштиришга йўналтирилган макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Ушбу мақсадларга эришишда чет эл инвестицияларини фаол жалб этиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланди.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳитини босқичма-босқич такомиллаштириш орқали дунёнинг етакчи давлатлари билан ўзаро манфаатли халқаро иқтисодий ҳамкорликни жадал ривожлантириш имконияти юзага келди. Вилоят статистика бошқармаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг 1 март ҳолати бўйича вилоятимизда Россия Федерацияси капитали иштирокидаги 40 та корхона фаолият юритмоқда. Жумладан, масъулияти чекланган жамият шаклидаги "Daka-Tex" хорижий корхонаси юқори технологияли йирик корхоналардан биридир. Ушбу корхона ип-калава ва трикотаж полотноси ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Бу ерда тайёрланаётган маҳсулотлар сифат кўрсаткичлари бўйича халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беради.

— Қайта ишланаётган юқори сифатли пахта толаси Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва Навоий вилоятларидан олинмоқда, — дейди "Daka-Tex" хорижий корхонаси бош директори Эжод Сулейманов. — Маҳсулот уч босқичли тозалашдан сўнг юқори технологияли "Rie­ter" ускунасида қайта ишланади ва тола сифатини назорат қи­лиш қурилмалари билан жиҳозланган "Savio" дастгоҳларида ўралади.

Корхонанинг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган лабораторияси ҳам юқори сифатли маҳсулотларни тайёрлаш имконини бераётир. Сифат кўрсаткичларини юксак даражада синовдан ўтказиш тизими самарасида ҳар ойда қарийб 300 тонна ип-калава Россия Федерацияси, Хитой, Германия ва Туркия каби давлатларга экспорт қилинмоқда.

 Ип-калавадан полотно тўқиш цехининг очилиши хорижий корхона ривожланишининг янги босқичини бошлаб берди. Италияда ишлаб чиқарилган "Pilotelli" тўқув машиналарида чойшаб, спорт либослари ва бошқа турдаги кийим-кечаклар тикиш учун 30 тоннагача сифатли газлама ишлаб чиқарилмоқда. Газламалар мамлакатимиздаги тўқимачилик корхоналари томонидан кенг фойдаланилаётганини таъкидлаш жоиз.

—      Айни пайтда тайёр маҳсулотлар турлари ва ҳажмини ошириш мақсадида ишлаб чиқаришни янада модернизация қилиш ҳамда кенгайтириш бўйича режали чора-тадбирларни амалга ошираяпмиз, — дейди корхонанинг ташқи иқтисодий фаолият бўлими бошлиғи Расул Қобилов. — Тез орада Европа стандартларига жавоб берадиган трикотаж буюмларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштираяпмиз.

 Юқори сифатли ва кенг турдаги маҳсулотлар корхонанинг рақобатбардошлиги ҳамда барқарорлигини таъминлаяпти. Бунинг самарасида "Daka-Tex"да 300 нафардан зиёд киши уч сменада меҳнат қилмоқда. Уларнинг аксариятини коллеж битирувчилари ташкил этиши эътиборга молик. Ишчи-ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, улар учун бепул иссиқ овқат ва автотранспорт хизмати жорий этилган. Бундан ташқари, қулай шароитларга эга ётоқхона туманлардан келиб ишлайдиган ишчилар ихтиёрида.

"Daka-Tex" хорижий корхонасида касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун мунтазам равишда ишлаб чиқариш амалиёти ўтказиб келинмоқда. Битирувчиларнинг аксарияти шу ернинг ўзида меҳнат фаолиятини бошлаётгани таҳсинга сазовор.

— Самарқанд маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида таҳсил олаётган пайтимда ушбу корхонада амалиёт ўтадим ва шу ерда ишлашга қарор қилдим, — дейди Малика Амирова. — Танловимдан жуда мамнунман. Чунки замонавий дастгоҳларда ишлаяпман, шунингдек, маошни ҳам ўз вақтида олаяпман.

Яқин истиқболда корхонада ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ва янги иш ўринларини ташкил этиш режалаштирилаяпти.

Муаллиф: Ринат АБДУЛЬМАНОВ, Умид АЛИМОВ, «Samarqand» мухбирлари, Александр ХАРИТОНОВ олган суратлар.

13.04.2017 598 28 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства