samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Илмий изланишлар

Чоп этиш

таълим сифати ва самарадорлигига хизмат қилади

Самарқанд давлат университетида профессор-ўқитувчилар, илмий ходимлар ҳамда магистрант ва талабаларнинг 2017 йилдаги илмий тадқиқот ишлари якунларига бағишланган анъанавий илмий конференция бўлиб ўтди.

Конференциянинг очилиш маросимида сўзга чиққан университет ректори, профессор Р. Холмуродов 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ мамлакатимизда олий таълим тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни алоҳида эътироф этди.

— Президентимизнинг "Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги, "Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорларининг университетда татбиқ этилиши натижасида моддий-техник база янада мустаҳкамланди, таълим жараёнларининг сифат ва самарадорлиги ортди, — деди Р. Холмуродов. — Айниқса, профессор-ўқитувчиларимизнинг малакасини ошириш, илмий тадқиқотчилар учун кенг имкониятлар яратиш бўйича тизимли ишлар қилинмоқда. Биргина 2017 йил давомида 50 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчи ҳамда тадқиқотчиларимиз хорижнинг нуфузли олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтларида малака ошириб қайтишди. Яна 11 нафар ходимимиз Хитой, Россия, Чехия мамлакатларидаги шундай таълим муассасаларига ўқишга юборилди. Бироқ бу саъй-ҳаракатларимиз билан университет илмий салоҳиятини юқори, деб баҳолай олмаймиз. Шу боис, муассасада илмий тадқиқотлар кўламини янада кенгайтириш, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшадиган етук кадрлар тайёрлашни жадал суръатда давом эттиришимиз лозим.

Шундан сўнг, конференция 17 та шўъба йиғилишига бўлинган ҳолда давом этди. Уларда университетнинг профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлари, магистрант ҳамда талабаларининг мингдан ортиқ илмий мақола, илмий лойиҳа ва тадқиқотлари муҳокама қилинди.

— Илмий конференцияда "Инновацион таълим технологиялари олий таълимни модернизациялаш омили сифатида" номли илмий мақолам билан қатнашдим, — дейди  магистрант И. Мадатов. — Худди шу мавзу доирасида айни пайтда илмий раҳбарим, доцент М. Файзиевнинг тавсиялари асосида магистрлик диссертациямни тайёрлаяпман. Анжуманда мавзуим юзасидан устозларимиз таклиф ва тавсиялар беришди, танқидий таҳлил этишди. Келгусида бу камчиликларни бартараф этиб, диссертациямни муваффақиятли ёқлайман.

Тадбир ниҳоясида ўқилган илмий маърузаларни тўплам ҳолида чоп этиш, мукаммал илмий лойиҳа ва тадқиқотларни грант лойиҳаларига жалб қилиш, университетда «устоз-шогирд» анъанасини изчил давом эттириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Муаллиф: Ҳошим АБДУВАЛИЕВ

4.04.2018 107 25 Таълим
окна фотограф html php памятники знакомства