samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Икки халқ дўстлиги тимсоли

Чоп этиш

Ўрта асрлар Марказий Осиё уйғониш даврининг икки йирик даҳоси — Мавлоно Нуриддин Абдураҳмон Жомий ва Низомиддин Мир Алишер Навоийнинг маданий, адабий жараён шаклланувидаги фаолиятлари, илмий-адабий ҳамкорликлари ҳақида сўз борганда киши кўз ўнгида олий инсоний фазилатлардан бўлмиш вафо ва садоқат тимсоллари намоён бўлади.

Ўз даврининг етук сиёсатдонлари, мутафаккир алломалари, файласуф донишмандлари ва дилбар шоирлари бўлмиш бу икки беназир инсонни улардаги шарқона юксак салоҳият бирлаштириб турар эди.

Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий Хуросон илмий-адабий муҳити, маданий ҳаётида бир-бирларини қўллаб-қувватлаб турувчи, ҳамфикр, ҳамақида, ҳамкор зотлар эдилар. Навоий Султон Ҳусайн Бойқаро таклифи билан Самар­қанддан Ҳиротга келиши ҳамоно давлатнинг масъулиятли лавозимларидан бирини эгаллайди. У ҳам давлат арбоби сифатида, ҳам ўз даври адабиёти, санъати, маданий ҳаёти равнақи учун жон куйдурувчи фидойи инсон сифатида фаолият олиб бориши учун илму адабда камолот касб этган, дониш ва маслаҳатгўй кишига эҳтиёж сезади. Ҳиротда бундай вазифани бажара оладиган ягона шахс Абдураҳмон Жомий эди.

Жомий эса Алишер Навоийнинг бош вазир сифатида олиб борган эзгу ишларини Юсуф пайғамбар фаолияти билан тенглаштиради. Феодал зулмининг олдини олиш ва адолат ўрнатиш, бунда мамлакатни бошқаришдаги бош вазирнинг роли "Ҳафт авранг"да асосий масала қилиб қўйилган эди.

Подшоҳ — Фиръавн Юсуфни Зулайҳонинг куёви Азизи Миср ўрнига бош вазир этиб та­йинлайди. Мамлакатнинг 14 йиллик ихтиёрини унга топширади. Ўзи эса Юсуфга халақит бермаслик учун шу муддатда мамлакатни бошқариш ишларидан четлашади.

Юсуф ақл ва тадбир билан ғаллани эҳтиёжга қараб одилона тарқатади.

Ҳақиқатан ҳам ўз даврида тадбиркор вазир Навоийнинг буюк маданият арбоби, шеърият ва санъат ҳомийси сифатидаги  шуҳрати яқин шарқ ўлкаларида афсонавий тус олган. Бинобарин, "Юсуф ва Зулайҳо"да Алишер Навоий ҳақида Жомий ёзади:

Муборак бар шаҳу аркони давлат,

Ғазанфарҳайбатони шерсавлат!

Ба тахсис он жавонмарде к-ш аз дер,

Насаб чун ном бошад шер бар шер.

Яке дар аз дижи даврон кананда,

Яке сарпанжа бо гўрон зананда.

Ба расми таъмия з-он бурдамаш ном,

Ки монад дур аз он андешаи ом.

Ва гар не, кай тавон з-он фаҳми даррок,

Ба сад ҳуққа нахуфт ин гавҳари пок.

Кунад дар шеър табъаш мўшикофй,

В-аз он мў нўги килкаш шаър бофй.

Ниҳад з-ин шаъри мушкин доми дилҳо

Диҳад аз шеъри ширин коми дилҳо.

Вале, дар боргоҳи одамият,

Чуз ў кам ёфт роҳи маҳрамият.

Жомий Навоийни ҳам зоҳиран, ҳам ботинан Юсуф пайғамбарга қиёс қилса, Алишер Навоий устози Жомийни илм ва кашфу каромат ила мукаррам бўлган зот — Хизр алайҳиссаломга ўхшатади. Шоир "Ҳайрат ул-аброр" достонида устози таърифида шундай ёзади:

Зулмат этиб, жамъ давоти анинг,

Маъни ўлуб оби ҳаёти анинг.

Қатрасидин кимки бўлуб комёб,

Умри муаббад қилибон иктисоб,

Назми ақолими жаҳонни тутуб,

Насри дағи кишвари жонни тутуб,

Файзи гадову шаҳ аро мунташир,

Хизматига шоҳу гадо муфтахир.

Алишер Навоий оқилона сиёсат юритиб, юрт равнақини таъминлаб, Абдураҳмон Жомий эса нақшбандия таълимоти билан гўзал хулқ­ларни камолга етказиб фаолият олиб борар экан, бир-бирини пайғамбарларга қиёс қилиб, ўзларининг давридаги мавқе-мартабаларига ғоятда тўғри баҳо беришган.

Бу икки мутафаккир дунёқарашларининг яна бир умумий нуқтаси борки, у ҳам бўлса ёшликларидан тақдирлари боғланган шаҳар — Самарқандга бўлган умумий муҳаббатдир. Абдураҳмон Жомий бу шаҳар таърифида шундай деган:

Агар бойликни кўрмоқчи бўлсанг, Ҳиндистонга бор,

Агар покизаликни кўрмоқчи бўлсанг, Маккага бор,

Агар иккаласини ҳам топмоқчи бўлсанг, Самарқадда қол.

Алишер Навоий эса бу шаҳарни қиблаи муборакка ташбеҳ берган:

Самарқанд сайқали рўи заминдур,

У меҳрим қибласи — жонга яқиндур.

Бу икки дилбар шахснинг танишувлари санаси ҳақида фанда аниқ маълумот учрамайди. Адабиётшунос олим А. Мирзаев "Хамсат ул-муттаҳаййирин"даги баъзи ишораларга кўра, бу ҳодиса Султон Абусаид Мирзо ҳукмронлиги даврида (1451-1469) Ҳиротда содир бўлган, дейди. Академик Ботурхон Валихўжаев эса Жомий ва Навоийнинг танишувлари айнан Самарқанд сафарларида юз берган бўлиши мумкин, деган мулоҳазани баён этади. Олимнинг таъкидлашича, Абдураҳмон Жомий тўрт марта Самарқанд­да бўлган. У биринчи бор Мирзо Улуғбек даврида, яъни 1436 йилда бу шаҳарга келган.

Ёш Жомий Улуғбек мадрасасининг талабаси сифатида ўқишни давом эттириб,  замонасининг машҳур олимлари Қозизода Румий ва Мирзо Улуғбекдан сабоқ олган. Ана шу вақтда у Хожа Фазлуллоҳ Абулайсийдан ҳам таълим олган. Маълумки, Навоий ҳам 1465-1469 йилларда Самар­қандда яшаган, бу ернинг йирик уламолари Хожа Убайдуллоҳ Аҳрори Вали, Хожа Фазлуллоҳ Абулайсийлардан таълим олган, уларнинг "фарзандим", деган илтифотларига сазовор бўлган. Навоий ҳам, Жомий ҳам 1469 йилдан эътиборан Ҳиротда муқим яшашган. Уларнинг учрашувлари мадрасада таълим олган йилларида ёки ўша пайтда серқатнов бўлган карвон йўлларида содир бўлган бўлиши мумкин, деган Б. Валихўжаевнинг хулосаси мантиқан ҳақиқатга яқиндир: Навоийдек шеърият билимдони ва ошиғи Ҳиротда узоқ йиллар яшар экан, бу шаҳарнинг энг машҳур шоири билан шахсан танишишга интилмаганлигига ишониш қийин. Худди шунингдек, бир муршиди комил билан учрашган (Хожа Аҳрори Вали), бир устоз таълимини олган (Хожа Фазлуллоҳ Абулайсий) икки ҳиротлик мусофир йигит Самарқандда бир-бирларини танимасликлари мумкин эмас эди.

Масаланинг бундан ҳам муҳимроқ бир жиҳати бор. Самарқанд келажакда буюк мутафаккирлар бўлиб таниладиган икки талабанинг эътиқодлари камолга етган, фалсафий қизиқишларига жавоб топилиб, тасаввуфий дунёқарашлари муқим шаклланган шаҳардир. Улар бу ерга толиби илм сифатида келишди, сафар ниҳоясида эса бирлари йирик сўфий (Жомий), бирлари эса мутасаввуф (Навоий) сифатида Ҳиротга қайтдилар.

Навоий Самарқандда кечирган 4-5 йиллик ҳаёти давомида, асосан, аниқ ва табиий фанларни ўрганишга зўр иштиёқ кўрсатади. Илми ирфонни эса кейинчалик, Ҳиротга қайтгач, Ҳазрат Жомий билан узлуксиз суҳбатларда, яқин алоқада бўлиб такомилга етказади. Шоир Самарқанд сафаридан кўзлаган мақсадига эришади. У ўз даврининг йирик диний раҳнамоси Хожа Аҳрори Вали билан учрашди, аммо авлиё даргоҳида муқим қола олмади. Чунки, илми ҳолга кириш учун, аввало, уни (зоҳирий билимларни) такомилга етказиш зарур эди. Бунинг учун бу даврда Самарқандда имконият ниҳоятда кенг эди.

Шоир 1469 йилда Ҳиротга қайтиб, Жомий билан ниҳоятда яқин алоқада бўлиб, унинг маърифий суҳбатларидан баҳраманд бўлди ва етти йил давомида ўзининг тасаввуфий дунёқарашини камолот даражасига етказгач, 1476 йилда тариқатга расман кирди. Икки юксак салоҳият, ўткир тафаккур ва ўта нозик маданият соҳиблари бўлмиш бу назокатли шахсларни илми ирфондан бўлак нарса қониқтира олмас эди. Жомий ва Навоий дўстлиги ва ҳамкорлигининг асосий пойдевори ҳам фақат шеърият, адабиёт эмас, балки тариқат эканлиги аён бўлади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Жомий ва Навоий курраи замин тарихида ёрқин ҳодиса бўлиб қолган темурийлар даври миллий юксалишининг бетимсол йўлчи юлдузлари эдилар. Бу юлдузлар шуълаларининг бирлашиб, сомон йўли ҳосил қилишида жаннатмонанд Самар­қанднинг ўз ўрни ва мавқеи бор. Самарқанд тарихи учун шу даврда Жомий ва Навоий ниҳоятда керак эди. Улар учун ҳам Самарқанд сафарлари катта ҳаётий эҳтиёж эди. Улар ўз ташрифлари билан Самарқанд тарихини юксалтирдилар, Самарқанд эса икки буюк даҳонинг юзага келиши учун ҳозирланган ўзига хос замин эди. Темурийлар ренессанси учун зарур бўлган пайтда туғилган Жомий ва Навоий даҳоларини — илоҳий тарихий тақдир, улар орасидаги самимий дўстлик ва ҳамкорликни эса давр адабий муҳити учун мисли кўрилмаган ижобий ҳодиса, деб баҳоласа бўлади.

Муаллиф: Дилором САЛОҲИЙ, филология фанлари доктори, профессор

15.03.2018 225 18 Адабиёт
окна фотограф html php памятники знакомства