samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Ижодкор оламига саёҳат

Чоп этиш

Суҳбатдош ҳақида: Аслиддин Исаев — 1948 йилнинг 12 мартида Самарқандда таваллуд топган.

1966-1970 йилларда Республика бадиий билим юртида, 2002-2007 йилларда Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институтида таҳсил олган. 1997 йилдан Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси.  "Дўстлик" ордени (1999), Ўзбекис­тон Бадиий академияси кумуш (2003) ва олтин (2008) медали соҳиби. Ўнга яқин халқаро кўргазмалар иштирокчиси. Хориж ва Ўзбекистонда ўттизга яқин шахсий кўргазмалар ташкил этган. Асарлари Ўзбекистон, АҚШ, Италия, Франция, Корея Республикаси, Германия, Туркия, Миср, Ҳиндистон ва бошқа кўплаб давлатларда сақланади. Айни дамда Ўзбекистон Бадиий академияси бадиий ижодкорлар уюшмаси  Самарқанд бўлими раиси.

— Аслиддин ака, тасвирий санъатдан биз нафақат эстетик завқ оламиз, балки тарихни ўрганамиз. Самарқанд — қадимий, унинг тасвирий санъати ҳам... Ҳар сафар  Афросиёбдан топилган VII асрга оид деворий суратни кўрганимда шуларни ўйлайман...

— Ҳа, инсоният пайдо бўлибдики, табиатга, ундаги гўзалликлар, шаклу шамо­йилларга мафтун бўлиб, ранглар, шакллар ёки бошқа воситалар кўмагида табиат, ундаги гўзалликларни акс эттириш иштиёқи билан яшаб келган. Бу иштиёқ эса амалий ва тасвирий санъат, унинг рассомлик, ҳайкалтарошлик каби турларининг пайдо бўлишига олиб келди. "Афросиёб" деворий сурати амалий санъат намунаси бўлиб, Буюк Ипак йўли ҳақида ҳикоя қилувчи дастлабки қадимий асарлар сирасига киради. Бу эса унинг қадр-қимматини янада оширади. Юксак салоҳият, моҳирона ижодкорлик маҳсули қаршисида қойил қолмасдан иложинг йўқ. Синчиклаб разм солинса, унда ватанпарварлигу табиатга бўлган муҳаббатгача акс этган. Тасвир марказида туялар устида ўтирган икки шахс образи гавдалантирилган. Назаримда, бу икки шахс қиёфасида муаллиф Марказий Осиё ҳудудида азал-азалдан ёнма-ён яшаб келган халқларнинг дўсту қардошлиги, бирдамлигини тасвирлагандек.

— Деворий суратлар рангтасвир санъ­атининг ривожланаётган етакчи жанрларидан бирига айланмоқда. Сизнинг ижодингизда ҳам... Самарқанд давлат чет тиллар инс­титути бош биноси интерьери — "Буюк Ипак йўли"га мавзу танлаш жараёни ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

— Йирик пландаги маҳобатли (монументал) деворий интерьерлар рангтасвир усталари ижодида яққол кўзга ташланмоқда. Натижада ўрта асрлар Ғарб деворий ва икона рассомлиги ҳамда Шарқ миниатюра мактаби анъаналари уйғунлашиб, рангтасвирчи рассомлар ижодида фалсафий-таҳлилий ва ассоциатив-мажозий кўринишда намоён бўлмоқда. Жамоат бинолари деворларига ишланаётган асарлар шу муассасанинг соҳавий йўналишидан келиб чиқиб танланади.       СамДЧТИ интерьери мавзуси ҳақида ҳам шуни айтиш мумкин.

— Яна қандай деворий суратлар ишлагансиз?

— Вилоят ҳокимлиги биносининг кириш қисмида "Шарқ аждодлари", Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтида "Она замин саховати" деб номланган ҳамда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов мақ­барасида "Буюк Ипак йўли" мавзусида 5 та  интерьер асарларини мухлислар эътиборига ҳавола қилдим.

— Ижодкор ҳаётида унинг ижоди билан боғлиқ унутилмас воқеалар ҳам юз бериши тайин. Шундай воқеалар билан ҳам ўртоқлашсангиз.

— "Совет Ўзбекистони санъати" журналининг 1985 йил 2-сони муқовасида "Эвара" номли асаримнинг берилиши ҳаётимдаги унутилмас воқеалардан бири бўлган. Бу асар мен учун жуда қадрли. Унда шундай манзара акс этган: оқ яктак кийган нуроний чол тиззасида эварасини олиб ўтирибди. Бобо ва эвара тимсолида аждодларимиз ҳамда ёрқин келажагимизни тасвирлашга уринганман.

— Аждодлар ҳақида гап кетар экан, суҳбатимиз мавзуси бевосита устозлар ҳақида бўлиши турган гап. Устозни отага қиёслашади, бу бежиз эмас. Ота фарзандини вояга етказса, устоз шогирдини...

— Мактабда ўқиб юрган кезларимда мен учун тирик рассомни учратиш, у билан ҳамсуҳбат бўлиш тўсатдан ўзинг ўқиб турган эртак қаҳрамонига айланишдек гап эди. Бироқ орзуга айб йўқ деганларидек, насиб этган экан, (Аллоҳ раҳмат қилсин!) Рўзи Чориевдек машҳур рассомнинг шогирди бўлишдек бахтга муяссар бўлдим. Устоз ниҳоятда ҳиссиётга берилувчан, хаёлот дунёси кенг, ўта синчков, нозик туйғулар эгаси эди. Шунинг учун унинг барча асарлари чуқур лиризм билан суғорилган. Устозни соғинганда унинг ижод намуналарига боқиб, кўнглим таскин топади.

— Ҳар бир ижодкорнинг шоҳ асари бўлади. Рангтасвир асарларингиз ичида шундай мақомга кўтарила олгани борми? У нимаси билан аввало сизни, қолаверса, бизни ҳайратга солади, лол қилиб, қаршисида ўйга толдира олади?

— 2011 йилда бошлаган бир рангтасвиримни яқинда тугатдим. 1,5 х 2 м. ҳажмли матога мойбўёқда ишланган бу асар хаёлимни банд этганига анча бўлди, ҳануз шууримда, қалбимда. Уни "Ҳамфикрлар", деб номладим.  Эътибор беринг-а, унда учта шахс объект марказида тасвирланган, булар: Исо Масиҳ, Будда ва  Муҳаммад алайҳиссалом. Пайғамбаримиз ўртада, оқ либосда...

— Кечирасиз, ахир, ўрта асрлар миниатюра санъатида ҳам пайғамбаримизнинг юз тузилиши тасвирланмаган, бунга рухсат берилмаган-ку...

— Тўғри, эътибор беринг, бу ерда ҳам у кишининг юз кўринишлари аниқ тасвир этилмаган. Шунинг учун ҳам у кишини Ғарб анъанасидан бироз чекинган ҳолда орқа ўгириб турган бир вазиятда, юз тасвири берилмаган  ҳолатда тасвирлашга уриндим. Тўғриси, асар бу борада анча тортишувларгаям сабаб бўлди.

— Асарнинг номи жўн ва эриш туюларкан.

— Бу образлар рамзий бўлиб, улар учта жаҳон динига ишора... Буёғи энди санъатшуносларнинг вазифаси бўлса керак.

— Мен эса бу рангтасвирни шартли равишта "Зулматли ҳаётда нур қидирганлар",  деб номлаган бўлардим.

— Бундан хурсандман. Негаки, ушбу асар билан бошқаларни ҳам ўйлашга, фикрлашга ундамоқчи эдим, у ўзини оқлаган кўринади...

— Тасвирий санъат, бу — санъат. Санъатшунослик эса — фан. Ижодкор сифатида бу икки тушунча ўртасидаги боғлиқликни нималарда кўрасиз?

— Санъатшунослар халқ билан ижодкорни яқинлаштиришга хизмат қилади. Улар халққа санъат асарларининг маъно-моҳиятини тушунтиради. Ҳар бир асарнинг ўрни ва аҳамиятини, ҳатто кези келганда айтиш керакки, кимошди савдосидаги қийматигача белгилаб беради. Ҳозирги вақтда ҳақиқий санъатшунослар ниҳоятда кам.

— Ижодкорлар тоифаси ичида рассомлар ташқи кўриниши билан ҳам бошқалардан ажралиб туришга интилишади: соқол қўяди, соч ўстиради... Хуллас, ўзгача юриш-туришли бўлади. Ўзингиз билан танишмасдан олдин айрим асарларингиздан бохабар эдим ва шунда Аслиддин Исаевни бошқача қиёфада тасаввур қилганман.

— Саволингиз нозик, лекин керакли.  Биласизми, рассомлар таш­қи қиёфасидаги ўзига хослик бу уларнинг касби, ишлаш жараёни билан боғлиқ. Баъзан битта ижодий ишни якунлагунга қадар таш­қи дунёдан узилиб ҳамма нарсани унутишга тўғри келади. Шунда рассом ўзи ҳақида ўйламайди. Бу ҳолат ҳафталаб давом этиши мумкин: соч-соқол олдиришга йўл бўлсин! Дарвешлар чиллахонада ўтирганидек устахонада қамалиб ўтираверади. Ҳатто, овқатланиш ҳам эсдан чиқиб кетиши мумкин. Ўз касбининг моҳир усталари шундай ишлашган ва кейинчалик уларга тақлидан барча рассомлар орасида ташқи кўринишдаги бу "ўзига хослик" анъанага айланди. Камина ҳам пиру устозлар одатига амал қилиб шундай йўл тутган бўлсам керак. Чунки бунга кўп йиллар бўлди...  соқол, соч ўстириб юраман.

— Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳиндистонга ўзи билан маданият олиб боради. Масалан, ариқ қазиб сув чиқариш, кечаси уйларни шам билан ёритиш, ҳаммом қуриш ва яна бошқа ишларни ўргатади. Бироқ у маҳаллий аҳолининг бир одатига холис, ижобий баҳо берадики, у ҳам бўлса касб эгаларининг ўз касбини фарзандларига мерос қолдиришидир. Бунда, дейди у, шу касбга тааллуқли асбоб-ускунаю иш қуроллари ҳам мерос бўлиб ўтади, касбни давом эттиришда қийинчилик туғдирмайди. Сезган бўлсангиз, фарзандларингиз ва уларнинг касби ҳақида ҳам билишни истардик.

— Касбнинг фарзандларга мерос ўтиши ҳақида гап кетганда шуни айтишим мумкинки, рассом, умуман, ижодкор бўлиш учун инсонда Аллоҳ берган истеъдод бўлиши керак. Акс ҳолда барча уринишлар бефойда. Бу менинг фикрим. Бироқ  қондан ўтиши ҳам мумкин шекилли, тўнғич ўғлим Нуриддин рангтасвирчи рассом, Амриддин дизайнер-кулол, қизим Гулчеҳра эса боғчада тарбиячи. Яратган уларнинг омадини берсин!

Муаллиф: Шамсиддин ҒАФФОРОВ суҳбатлашди.

28.03.2018 190 23 Маданият
окна фотограф html php памятники знакомства