samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Ибн Сино илмий мероси

Чоп этиш

бўлғуси шифокорлар учун муҳим манба

Буюк аждодларимиз, улар қолдирган бой моддий ва маънавий мерос ҳақида кўп ва хўп гапиришга одатланиб қолганмиз. Афсуски, қуруқ фахрланишдан, уларнинг меросини такрор ва такрор эътироф этишдан не наф?! Демак, уларнинг асарларини чуқур таҳлил этиш, ўрганиш муҳим аҳамиятга эга.

Абу Али ибн Сино 450 дан ортиқ асар яратган. Уларнинг аксарияти тиббиёт ва фалсафа, шунингдек, мантиқ, кимё, физика, астрономия, математика, мусиқа, адабиёт ва тилшунослик соҳаларига бағишланган. Леонардо да Винчи, Микеланжело, Фрэнсис Бэкон ва бошқа кўплаб олимлар авлоди унинг асарларини ўқиб, ҳайратга тушганлиги турли манбалардан маълум. Ибн Синонинг тиббиёт тарихида машҳур бўлган «Тиб қонунлари» деб аталган бебаҳо фундаментал асари кейинги даврлар учун тиббиёт тараққиётининг асосий йўналишларини олдиндан белгилаб берганлиги ўз исботини топган.

Аждодимиз минг йил аввал тиббий психология фанига асос солган. Бемор ва табиб муносабатида, аввало, ўзаро ишонч муҳим аҳамиятга эга бўлишини исботлаган. Бу, ўз навбатида, ўша замонда энг илғор тиббий хулоса бўлганлигини таъкидлаш лозим. Ғарб олимлари эса ундан етти аср кейин, яъни XVII асрда тиббиётда психотерапия даволаш усулини кашф этишди.

Шунингдек, Ибн Сино ўзининг «Тиб қонунлари» асарида бош мия ҳамда ички аъзолар ўртасида узвий боғлиқлик борлигини ёзиб қолдирган. Ички касалликларнинг келиб чиқишига бош мия фаолиятининг бузилиши ҳам сабаб бўлиши мумкинлигини қайд этган. Унинг ушбу илмий хулосаси ўн аср ўтиб, Россиянинг машҳур физиолог олимлари — Нобель мукофоти соҳиби, академик И. Павлов ва унинг шогирди К. Биков томонидан ўтказилган илмий изланишлар натижасида ўз тасдиғини топди. Бу мисоллар Авиценна — Ибн Синонинг чуқур илм соҳиби бўлганлиги, тафаккури кенглигидан далолатдир.

Бундай мисолларни яна ўнлаб, юзлаб келтириш мумкин. Муҳими, Абу Али ибн Синонинг олтин мероси тиббиёт муассасаларининг талабалари, илмий тад­қиқотчилар томонидан пухта ўрганилиб, янада ривожлантирилиши зарур. Ана шунда аждодларга муносиб авлодлар шаклланади, мамлакатимизда тиббиёт соҳаси бундан-да тараққий этади.

Муаллиф: Акбар ИМОМОВ

3.03.2018 180 17 Саломатлик
окна фотограф html php памятники знакомства