samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ИСТИҚЛОЛ ТУҲФА ЭТГАН САОДАТ

Чоп этиш

Барчамиз учун бебаҳо неъмат ҳисобланмиш мустақилликнинг қадр-қиммати, аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

Ҳаётимизда, иш фаолиятимизда, баркамол авлод эришаётган ютуқларда, юртдошларимизнинг бугунидан рози бўлиб, эртанги кунга бўлган ишончи ортаётганида айнан мустақиллик берган саодатни ҳис этиб турибмиз.

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳар бир ватандошимизнинг ҳаётида бир умрга татигулик туҳфаларни тақдим этмоқда. "Инсон манфаатлари — ҳамма нарсадан устун", деган тамо­йил ва "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак", деган эзгу ғоянинг қоғозда эмас, амалда, ҳаётимизда ўз исботини топаётгани Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида узоқни кўзлаб, оқилона ва одилона сиёсат олиб борилаётганининг натижасидир.

Мамлакатимиз ҳамда қўшни давлатлар ўртасидаги чегараларнинг очилгани азал-азалдан дўсту қардош бўлган халқларимиз ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлади. Айниқса, Юртбошимиз раҳнамолигида амалга оширилган бундай ислоҳотлар халқимизга улкан хурсандчилик туҳфа этди. Вилоятимиз ҳамда Тожикистон Республикасининг Сўғд вилояти ўртасидаги "Жартепа" ва "Саразм" ўтказиш пунктларининг очилгани икки халқ ўртасидаги узилаёзган қариндошчилик ришталарини янада мустаҳкамлади.

— Кўпчилик қавм-қариндошларимиз, отамнинг опа-сингиллари Тожикистоннинг Сўғд вилоятида истиқомат қилади, — дейди "Ёминий" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Фирдавс Усмонов. — Қарийб 20 йил давомида улар билан борди-келдимиз узилиб қолганди. Отам сингилларининг меҳрига тўймасдан оламдан ўтди. Аммаларим ўз акасининг жанозасида ҳам, тўй-маъракаларимизда ҳам қатнаша олишмади. Икки давлат ўртасидаги чегаранинг очилганини оиламиз мамнуният билан қабул қилди. Отам бу кунларни кўра олмаган бўлса-да, орзуси ушалди. Қариндошларимиз, жигарларимиз билан алоқаларимиз мустаҳкамланди. Улар Самарқандга келишди, зиёрат қилишди. Биз ҳам отам туғилиб-ўсган манзилларда бўлдик. Тўй-маъракаларда биргамиз. Ҳаётимизга мазмун улашган Президентимизга минг раҳмат!

Кейинги йилларда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт соҳасида ривожланган мамлакатлар тажрибаларини қўллаш, етук мутахассислар билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатиш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда. Ҳукуматимиз ва бир қатор хорижий ташкилотлар ҳамкорлигида болалар саломатлигини таъминлаш бўйича қилинаётган амалий ишлар кутган натижаларни бермоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди ва Германиянинг "Friedensdorf International" халқаро ташкилоти ҳамкорлигида оғир хасталикка чалинган болалар Германияда имтиёзли равишда даволаниб, саломатлигини тиклаб, юртимизга қайтишмоқда.

— Бир неча йил олдин фарзандим Отабек Маматов 3-даражали куйиш жароҳати билан оғир аҳволда шифохонага ётқизилганди, — дейди "Чил­қудуқ" маҳалласида истиқомат қилувчи Мадина Ўроқова. — Уни даволатишда оғир қийинчиликларни бошдан кечирдик. Куйишдан қолган аянчли асоратларни бартараф қилиш учун мамлакатимиздаги барча махсус шифохоналарга олиб бордик. Мамлакатимизда ке­йинги даврларда олиб борилган ислоҳотлар натижасида 2017 йил август ойидан бошлаб бир неча ой давомида фарзандим германиялик шифокорларнинг назорати остида даволаниб қайтди. Жорий йилнинг 15 августида даволанишнинг иккинчи босқичини амалга ошириш учун ўғлим билан яна Германияга жўнаб кетамиз. Ота-онанинг бор орзу-умиди, бахту саодати фарзанди билан. Фарзанд дарди улар учун энг оғир кўргулик. Бундай пайтда жонимизга оро кираётган Президентимиздан, ҳукуматимиздан миннатдормиз.

Келажагимиз ворисларининг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишини таъминлаш мақсадида мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамда спорт соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар ва янгиликлар, маҳалла ва бош­қа нодавлат ташкилотлар тизимидаги ўзгаришларни нафақат халқимиз, балки дунёнинг таниқли сиёсатдонлари, давлат ва жамоат арбоблари юқори баҳолашмоқда.

Кечиримлилик энг олий инсоний қадриятдир. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан юртимизда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида ҳам ана шундай қадрият мужассам. Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 июндаги "Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида"ги фармони ижроси фикримизни тасдиқлайди. Фармонга кўра, вилоятимиздан 20 нафар, жумладан, шаҳримиздан 3 нафар фуқаронинг авф этилиб, оиласи бағрига қайтарилгани халқи­мизга хос кечиримлилик, инсонийлик фазилатларининг қонунларимизда ўз ифодасини топгани, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг инсон манфаатларига хизмат қилаётганидан далолатдир.

Дарҳақиқат, бундай дориламон кунларга биз, мустақиллик туфайли эришяпмиз. Инсон манфаатлари, қадр-қиммати, орзу-умиди мужассам бўлган ислоҳотларда, саодатли кунларимиз, тинч ва осуда тунларимизда унинг тароватини ҳис этиш мумкин.

Муаллиф: Абдуҳошим ЗИЁДОВ, "Samarqand" мухбири

11.07.2018 169 54 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства