samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ИСПАНЛАР "ЎЙИНИ"

Чоп этиш

Ёхуд Колумб ва Берунийнинг хаёлий мунозараси

Маълумки, Абу Райҳон Беруний ва Носириддин Тусий бошлан­ғич меридианини тузиб чиққан шаҳарлар Макка, Мадина, Бағдод, Дамашқ, Қуддус, Қоҳира, Урганч, Самарқанд, Бухоро сингари шаҳарлардан то Қурдобагача борганди. Биламизки, Қурдоба Испанияда, араблар Испанияни босиб олган даврларда вужудга келган халифалик шаҳри. Беруний ва Тусий тузиб чиққан бошланғич меридианлар Гринвич меридианидан анчагина фарқли бўлиб, Христофор Колумб Американи кашф қилмасидан олдин Беруний ва унинг замондошлари Америка қитъаси ҳақида билишганини англатади. Яна ҳам аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, Тусий Берунийдан жуда кўп нарсаларни ўрганганини айтиб, унга юксак баҳо берган ва шундай экан, бу кашфиётнинг илдизи Берунийга бориб тақалади.

БИРИНЧИ ТАХМИН: ЗЕНГ ХЕ КИМ?

Австралияни кашф этган Жеймс Кук ва дунёни айланиб чиққан Магелланда Зенг Хенинг харитаси бор эди. Зенг Хе — Хитой қўшинида хизмат қилган аскар, кейинчалик, император саройи лашкарбошиси, тарихчиси ва олими. У 317 та кемада 27870 нафар аскар билан дунё бўйлаб саёҳатга чиққан.

Калифорния ва Лось Анжелесдан топилган хитойликларга тегишли кемалар ва инсон скелетлари қолдиқлари шунинг натижаси бўлса, ажабмас. Аммо бу муҳим эмас. Гап шундаки, АҚШнинг Конгресс кутубхонасида Хубилайхоннинг (Мўғуллар империясининг бешинчи хоқони: 1260-1294) даврига оид Америка қитъасини кўрсатадиган харита бор. Хубилайхоннинг кутубхонасидаги дурдона китоблар, қўлёзмалар, бадиий мероснинг салмоқлигина қисми хоразмшоҳлар давлатидан олиб кетилган маънавий меросимиздир. Унда нафақат дунё классикаси, балки барча қомусий мутафаккирларимизнинг дурдона асарлари, асл тарихий манбаларимиз бўлган. Чингизхон истилосидан сўнг улар Мўғулистонга олиб кетилганди. Бу китоблар орасида, албатта, Берунийнинг асарлари ҳам бўлган. Ўз ўрнида савол туғилади: бу қўлёзмаларнинг нусхаси қандай қилиб Пекинда пайдо бўлиб қолди?

Чингизхонга хизмати туфайли тарихда "хоин" лақабини олган хоразмлик элчи — Маҳмуд Яловоч нафақат Чингизхоннинг ишонган кишиси эди, ҳатто ке­йинги даврларда ҳам, хусусан, Гуюкхон ва Мункелар даврида чингизийлар бошқарувидаги Хитойда юқори лавозимларда ишлаган, бироз Пекиннинг ҳокими ҳам бўлган, илм-фан ва қурилиш, ободонлаштириш ишларида фидойилик кўрсатган. Ўз навбатида, Зенг Хе ҳам мусулмон бўлган ва Маъмун академияси олим-мутафаккирларининг барча асарларини ўрганиб чиққан. Мана, гап қаёққа бориб тақаляпти?..

ИККИНЧИ ТАХМИН: КОЛУМБ АМЕРИКАНИ ТАСОДИФАН КАШФ ЭТМАГАН ВА БЕЖИЗГА ҲИНДИСТОН, ДЕБ АТАМАГАН

Шаҳзода Генри Испания қироли бўлгач, ўгай синглиси Изабеллани ўгай онаси билан Аревалога сургун қилади. Аревалодаги қасрда у юксак диний ва илмий таҳсил олади. Шу тариқа у Араб халифалигининг таъсири, Испаниядаги бир қанча шаҳарлар тарихи ва айниқса, Шарқ мутафаккирларининг асарларини яқиндан ўрганади. Қирол Генрининг хотини — португалиялик Юаннанинг ҳомиладорлик даврида Изабелла пойтахтга қайтарилиб, қироличага яқин хизматчи бўлади ва таҳсилини ҳам давом эттиради. Кейинчалик ўзининг тарафдорлари бўлган исёнчилар ёрдамида Изабелла қирол билан сулҳ тузишга эришади. Унга кўра, қиролнинг вориси қизи эмас, синглиси Изабелла бўлади. Шу тариқа португалларнинг яширин режаси иш бошлайди.

БУ ҚАНДАЙ РЕЖА ЭДИ?

Португалия қироллигининг географик кашфиётлар пайти кашф этилган ҳудудлар борасида маълумотларни яширин сақламоқ ва бу борада ҳар қандай ёлғон ҳамда уйдирма ишлатиш сиёсати бор эди. Шунинг учун Бразилия ва Африка қитъасида кашф этилган бир қанча ҳудудлар, аслида, анча илгари кашф этилган, лекин бу борада маълумотлар яширин сақланарди. Бартоломеу Диас, Фернандо Магеллан, Васко да Гама ва Диего Као каби сайёҳларнинг Португалия қироллигидан баъзи яширин топшириқлар олгани ва айрим саёҳатлар махсус дафтарларгагина ёзилиши, денгизчилар китобига эса қайд этилмаслиги яширин қонун эди.

Италияда туғилган Колумб  Португалиянинг Лиссабон шаҳрига кўчиб кетиб, шу ерда португал қизига уйланганди. Уни саёҳатчи-денгизчи қилган ҳам португаллар бўлади. Колумбнинг янги дунёни очиш учун ҳомийлик тариқасида испан қиролига қилган бир қанча илтимоси ҳар доим рад этиларди. Ҳатто португалиялик қиролича ҳам Қирол Генрихга сўзини ўтказолмаганди. Бунинг ўзига яраша сабаби бор. Бу, албатта, чигаллик туғдиради. Шундай чигалликки, калаванинг учи айланиб яна бир жойга келаверади. Масалан, нега янги дунёни очишга рухсат йўқ эди? Чунки уларнинг қўлида турган ва ошкор этиш тақиқланган маълумотларда (Беруний, Хўжандий ва Тусийнинг асарлари шулар қаторида) бу жой Ҳиндистон бўлиши тахмин қилинарди. Ҳиндистон эса Осиёда. Осиёни истило этиш эса мумкин эмас. Испан-Португал келишувига кўра, Осиё португалларники бўлиши керак эди. Колумбнинг устози Тосканелли эса билган ҳамма нарсасини Колумбга айтган. Яъни, Тосканелли Беруний асарларидан илҳомланиб юрганлардан эди. Бу эса Американинг нега дастлаб Ҳиндистон, деб аталганига қисман ойдинлик киритади. Бундан ташқари, Колумбнинг ишонган тоғи Шарқ манбаларини чуқур ўрганган қиролича Изабелла эди. Ниҳоят, Колумб ниятига етди. Изабелланинг саъй-ҳаракатлари билан қирол Фердинанд унга ҳомийлик қиладиган бўлди.

КАЛАВАНИНГ УЧИ БЕРУНИЙГА БОРИБ ТАҚАЛАДИ

АҚШнинг Нью-Йорк штатида жойлашган Мидлтаун археологик тадқиқотлар марказининг собиқ директори Салвадор Майкл Трентонинг тадқиқотларига кўра, Колумб Америкага қилган сафарида Рожер Беклнинг географияга оид асарини ёнида олиб юрган. Рожер Беклнинг бу асари эса Беруний, Хўжандий, Тусий асарлари ва бир қанча араб манбаларининг маълумотлари асосида ёзилган. Бундан ташқари, Беруний шунчаки бошқа тиллардаги асарларни ўз она тилига эмас, она тилидаги  манбаларни бошқа тилларга ҳам таржима қилгани ва унинг асарлари Андалусия (ҳозирги Испания)га қадар етиб боргани ҳақида етарли фактлар мавжуд.

Тарихчи ва тилшунос Лео Вейнер 1920 йилда чоп этилган "Африка ва Американинг кашф этилиши" китобида Колумбнинг янги дунёни очишида Шарқ мутафаккирларининг қўлёзмаларидан фойдаланганини исботлаб берган. Энг муҳими, Колумбнинг экспедициясида иккита кеманинг капитанлари мусулмонлар бўлган.

Испаниядаги Қурдоба халифалиги даврида мусулмон денгиз сайёҳи, гранадалик ибн Фарук 999 йилдаёқ Американи кўриб келган бўлса, географ олим Идрисий 31 кунлик саёҳатини тасвирлаганида ҳиндуларга асир тушган денгиз сайёҳларининг араб тилида гаплашадиган аборигенлар томонидан озод этилганини ёзган. Абу Райҳон Беруний тартиб берган харитада эса Американинг жанубий ва шимолий қисми тасвирланганди. Бу иккала асар олмон тарихчиси Александр Фон Визенаюннинг "Қадим Американинг кутилмаган сиймолари" ва Иван Сертиманинг "Улар Колумбдан аввал келишганди" асарларида қайд этилган. Визенаюн асарида калла суякларини тадқиқ этиб, улар мавританияликларга тегишли эканлигига урғу берган бўлса, Иван Сертима бошқача фикрни илгари сурган. У XI-XII аср Шарқ манбалари (жумладан, Берунийнинг асарлари ҳам) ва XIII асрга оид Хитой солномаларини (Зенг Хе ҳам ўша манбалардан фойдаланган. Демак, барибир, Берунийга ҳам бориб тақалади) яқиндан ўрганиб, уларга урғу берган.

Колумб саёҳатга чиққанида қўлида Беруний, Зенг Хе, Тусийларнинг манбаларидан ташқари, Идрисийнинг харитаси ҳам бўлган. Бу харитада ва асарда янги қитъанинг 1312 йилда 8 та мусулмон томонидан кашф этилгани ҳақида қайд этилган.

МАВЗУ ЮЗАСИДАН:

Археологик топилмалар, тилларнинг лингвистик ва филологик таҳлиллари, яшаш минтақаларининг номлари, қўлёзмалар, меъморчилик услублари XI асрдаги Шарқ дунёси топилмалари билан айнан ўхшаш.

Машҳур денгизчи Пири Раиснинг харитасида ҳам Америка кўрсатиб берилган.

Калифорния университети профессорлари — Хайзер ва Баумхофф тадқиқотлари натижаси ўлароқ Невадада араб мактаблари бўлганини исботловчи бир қанча буюмлар топилган.

1951 йилда АҚШнинг Бентон шаҳри яқинида шарқона буюм топилади. Унда арабчада "Шайтон бутун ёлғонларнинг манбаидир", деб ёзилганди.

1787 йилда Тедди Мейсон Харрис Малден ва Массачусетс штати ораларидаги йўл таъмири пайтида топилган тангаларни Ҳарвард университетига жўнатади. Маълум бўладики, бу пуллар IX асрга оид Самарқанд тангалари эди.

Христофор Колумб Америкага сафар қилганидаёқ моддий ашёларни топаркан, Гаитида бу ерда олдин осиёликлар бўлганини билиб бўлганди. Тринидадда ҳам худди шундай бўлди. Гаити ва Тринидадда топилган ашёлар, қуроллар ва матолар VIII асрда Испанияни ишғол этган арабларга тегишли эди. Тринидад аҳолисининг ахлоқ нормалари эса мусулмонча эди.

Американинг 565 та манзилгоҳи ва географик жой номи арабча. Улар Колумбдан олдин шундай номланарди. Ҳатто ҳиндуларнинг апачи, могикан, хохокам ва бир нечта қабилаларининг номлари арабчадир.

ЯНА КОЛУМБ ҲАҚИДА

1. Колумб Беатрис Беабадиля билан оила қурган. Боабадилянинг (Абу Абдулла) келиб чиқиши араблардан бўлган.

2. Колумб Сан-Салвадор номини берган оролнинг олдинги номи "Гуанахан" (арабча "Ихвана"дан олинган бўлиб, "қардошлик" маъносини беради) эди.

3. Колумбнинг ўғли отаси Гондурасда кўрган араб ҳиндулари ҳақида ҳам ёзган. Уларнинг қабиласи Алмамилар бўлиб, у Ал-Имомдан келиб чиққан.

4. Колумб илк бор бу ерни мусулмонлар очган бўлиши мумкинлигини кўрсатувчи далиллар билан тўқнашган жой Гаити эди ва негадир кейинги оролга бориб, яна ортга қайтгунигача Гаитида қолган экспедиция аъзолари ва ўнлаб гувоҳлар ғойиб бўлганди. Колумб уларни ҳиндулар ўлдирганлигига Испания қиролини ҳам ишонтирган.

ХУЛОСА

2008 йилда монгол олими Сумия Замбалжорж Американи Колумбдан олдин мўғуллар кашф этганини исботлашга уринди. У Америкадаги бир қанча орол, мавзеларнинг номи мўғулча эканига ишондими ёки Улан-Батордаги кутубхонада сақланаётган бизнинг буюк алломаларимизнинг асарларига орқа қилдими, ким билади дейсиз?

Колумб Америкага сафарга чиққанида ўзи билан Берунийнинг қарашларини ҳам олиб кетгани аниқ. Бир сўз билан айтганда, испанларнинг эркатойи бўлган Колумб Шарқ алломаларининг барча қимматли кашфиётлари ва манбаларини ўзиники қилмоқчи эди, холос. Аслида, у тамаки чекишни ихтиро қилишдан бошқа нарса қолдирмаган.

Муаллиф: Ваҳоб РАҲИМ ("7 мўъжиза" газетасидан ўзгартиришлар билан олинди).

27.10.2018 201 85 Адабиёт
окна фотограф html php памятники знакомства