samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ИККИ МАЪРИФАТПАРВАРНИНГ ЯГОНА МАҚСАДИ

Чоп этиш

Одатда Туркистон миллий уйғониш ҳаракатининг тимсоли сифатида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг номи тилга олинади.

Ҳожи Муиннинг маърифатпарвар сифатида шаклланишида ҳам Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг таъсири оз эмас. Аммо юксак ақл-заковат соҳиби бўлган Ҳожи Муиннинг кўзини даставвал она юртидаги ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалардаги муаммолар очган десак, тўғрироқ бўлади. Ҳожи Муин ўзининг "Ижодий таржимаи ҳол"ида шундай ёзади:

"… Русия давлати томонидан Ўрта Осиёнинг ишғол қилиниши билан бу ўлкада сиёсий, иқтисодий вазият ўзгаришга юз тутди. Авваллардан тўла эркли, ўзи ҳоким бўлган маҳаллий халқ маҳкум бир миллат сифатида Русия давлатига тобеъ бўлди. Бошдан эзилиб келган камбағал деҳ­қонлар ва меҳнаткаш косиблар давлатнинг оғир солиқларини тўлаб боришга мажбур этилдилар. Улардан бошқа Русия буржуазияси томонидан ўлкамизга келтирилаётган янги саноат моллари сифат ва нарх жиҳатидан бизнинг миллий саноат маҳсулотига нисбатан қулай бўлганидан омма орасида кўпроқ тарқалиб, у эса бозоримизга қаттиқ зарба бера бошлади. Натижада бизнинг косиб-ҳунармандларимиз ва майда савдогарларимиз зарарланиб, синиб, охири секин-секин ишдан чиқа бордилар. Шунинг билан баробар мамлакатимизда ишсизлик, қашшоқлик, хўрлик ва гадолик каби разилона ҳаёт ҳукмфармо бўлди".

Чиндан ҳам она юртидаги мураккаб ҳаёт билан яқиндан танишиш Ҳожи Муиннинг маърифатпарварлик марраларига етиб келишида муҳим омиллардан бири бўлди. Замонанинг барча муаммоларини фақат халқни маърифатли қилиш орқалигина ҳал этиш мумкин, деган тўғри хулосага келди. Бу ҳақда у шундай ёзган эди:

"Эски мактаб ва мадрасаларимизда ўқилатурган илмларимиз эса қуруқ хат-савод ва бир қадар диний нарсаларни ўргатар ва схоластикадан иборат бўлиб, булар замоннинг талабига жавоб бера олмас эди. Ўлкада ҳар ерда давлат томонидан авруполи болалар учун катта ва кичик мактаблар солиниб тургани ҳолда ерли халқ болалари учун ўз шароитларига мувофиқ биргина бўлсин, бошланғич мактаб очиб берилмас эди. Ҳар шаҳарда давлат ҳисобидан бир-икки рус-туземний мактаби очилган бўлса-да, булардан асли мақсад бошқа диндаги халқларни ўзларига оғдариш эди. Шунинг учун Русия буржуазия синфи маориф ва маданият соҳаларида кундан-кун юксалиб борилаётгани ҳолда, маҳаллий халқ билакс жаҳолат ва сафолат чуқурига тушуб кета борарди".

Бундай нотўғри сиёсатни чуқур фош этган Ҳожи Муин ўзининг "Ижодий таржимаи ҳол"ида чор ҳукуматининг ғаддорона сиёсати натижасини ҳам олдиндан кўра билган эди. Шунинг учун у ўз фикрини давом эттирар экан, шундай ёзади: "Мустабид чор  ҳукуматининг мана шунингдай ғаддорона сиёсати оммага таъсирсиз қолмади, айниқса русча хат-саводга эга бўлган бир ҳовуч онгли табақамизнинг миллий ва диний ҳиссиётига тўқунди. Зиёлиларимиз интибоҳга келиб, аниқ билдиларки, ҳукуматнинг ғарази маҳаллий халқни сиёсий ва иқтисодий майдонда асир қилишдек, маориф, маданият жиҳатидан ҳам орқада қолдирилиб, охири ўзларига қул  қилдиришдир".

Жамиятдаги носоғлом вазиятни ана шундай тўғри баҳолай олган, "менинг сиёсий интибоҳга келишим 1903 йилда бошланган бўлса ҳам, бироқ, ҳақиқий равишда уй­ғонишим 1905 йил инқилобидан кейин вақтли матбуотнинг, айниқса турк-тотор адабиётини узлуксиз суръатда ўқиб боришим туфайли ҳосил бўлди", деб ёзган Ҳожи Муин дастлаб  ўзининг маърифий-маънавий дастурини ишлаб чиқди. Бу соҳадаги фаолиятида ўз устози Маҳмудхўжа Беҳбудийга эргашди, ундан маслаҳатлар олди. Беҳбудий 1903 йили Самарқанд атрофидаги Ҳалвойи ва Ражабамин қишлоқларида янги мактаблар очди. Ҳожи Муин ҳам 1903 йилнинг август ойида Самарқанднинг Хўжа Нисбатдор гузарида усули жадид  мактабини очиб, ўқитувчилик қила бошлади.

"Туркистон жадидларининг тан олинган раҳнамоси, янги мактаб ғоясининг назариётчиси ва амалиётчиси" (Бегали Қосимов — муал.) Маҳмудхўжа Беҳбудий 1914 йилда миллат қайғуси билан куйиб-ёниб, ёшларга шундай мурожаат қилганди: "Муҳтарам биродарлар! Барчамизга офтоб каби равшан ва аёндурки, макотиб — тараққийнинг бошлан­ғичи, маданият ва саодатнинг дарвозасидур. Ҳар миллат, энг аввал, макотиби ибтидоийсини замонча ислоҳ этиб кўпайтирмагунча тараққий йўлиға кируб маданиятдан фойдаланмас. Маданияти ҳозирадан маҳруб қолуб, саноеъ ва маориф салоҳи ила қуролланмаган миллат эса дун­ёда роҳат ва саодат юзини кўролмас. "Муборизаи ҳаёт" майдонида мутлақо мағлуб бўлур, оёқлар остида эзилур, диний, иқтисодий ишларда ўзгаларнинг асири бўлуб, бора-бора миллият ва диёнатини ҳам қўлдан берур. Ана ушбу йўллар  ила охири маҳв ва нобуд бўлуб кетар".

Ҳожи Муин устози Беҳбудийнинг ушбу ўгитларига амал қилиб, у билан биргаликда бош­қа янги усулдаги мактабларни ташкил этишда ҳам жасорат кўрсатган биринчи зиёли маърифатпарварлардан эди. Самарқанд мактаблари учун ёзилган дарслик ва қўлланмаларнинг илк намуналарини яратиш ва нашр эттириш ҳам унинг маърифатпарварлик фаолиятидан муносиб ўрин эгаллайди. У 1925 йилда таниқли маърифатпарвар Исматилла Раҳматуллаев билан ҳамкорликда саводсизликни тугатиш мактаблари учун ўзбек тилида "Ўқувчи" ва тожик тилида "Раҳбари бесаводон" номли китобларни нашр эттиради.

Беҳбудий вафотидан сўнг шогирдлари, маслакдошлари унинг пок руҳини шод  этиш  мақсадида газета-журналларда хотиралар эълон қилишди. Ватан ободлиги ва озодлиги учун жон фидо этган буюк  мутафаккирнинг номи юртдошлари томонидан абадийлаштирилди. Биринчилардан бўлиб, Беҳбудийнинг содиқ шогирди Ҳожи Муин "Зарафшон" газетасининг 1923 йил 25 март сонида "Маҳмудхўжа Беҳбудий" мақоласини эълон қилди. Унда, жумладан, шундай дейилган эди: "Бу мақола меним томонимдан Беҳбудий ҳақида ёзилмоқда бўлғон муфассал таржимаи ҳол рисоласининг бир неча фаслидан интихоб этилиб ёзилди. Ушбу сон газетада босилғон бошқа мақолалар ҳам мазкур таржимаи ҳол рисоласига илова қилинмоқ учун Беҳбудий мухлисларидан сўралиб олинғон хотиралардан олинғон баъзиларидур".

Мазкур мақолада Ҳожи Муин Беҳбудийнинг таржимаи ҳолини тўғри ифодалаш билан бирга, унинг Туркистон халқ­ларининг маърифий раҳнамоси, миллий драматургиямиз асосчиси, халқимиз, умуман, бутун Марказий Осиё халқлари тарихининг энг ёрқин сиймоларидан эканлигини самимият билан эътироф этади. Мақоланинг ҳар сўзида Ҳожи Муиннинг Беҳбудий абадиятига, унинг маърифатпарварлик фаолиятига бўлган чексиз меҳр-муҳаббатга тўла туйғулари уфуриб туради.

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 1913 йилда Самарқандда "Ойна" журналини таъсис этишида Ҳожи Муинниг ҳам роли катта эди. У кейинчалик бу журнал саҳифаларида маънавий-маърифий мавзулардаги мақолаларини ўзбек ва тожик тилларида нашр эттиради. Бу журнал орқали янги мактаблар очиш, илғор дунё маданияти ғояларини тарғиб этиш, Европа ҳамда Шарқ мамлакатларида юз бераётган сиёсий-маданий воқеаларни ёритиб боришда фаол қатнашади.

Хуллас, Ҳожи Муиннинг халқ­ларимиз миллий уйғониш даври буюк маърифатпарвари Маҳмудхўжа Беҳбудий шахсияти, ижодий фаолияти билан боғловчи ибратли ижтимоий, сиёсий ва адабий фаолияти  икки буюк ижодкорнинг халқ хотирасидаги ёрқин сиймосини тиклашда катта аҳамиятга эгадир.

Муаллиф: Абдусалом САМАДОВ, филология фанлари номзоди, доцент

22.08.2018 252 65 Адабиёт
окна фотограф html php памятники знакомства