samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ИЖОДКОРГА ИЛҲОМ БЕРГАН ЮРТ

Чоп этиш

Самарқандда вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида шоир ва журналист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Жаҳон шоирлари конгресси аъзоси Азим Суюн таваллудининг 70 йиллик юбилейи кенг нишонланди.

Юбилей муносабати билан, дастлаб, Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғидаги Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкали ўрнатилган майдонда шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари, кенг жамоатчилик вакиллари, адиблар, шеърият ихлосмандлари жам бўлишди. Йиғилганлар икки буюк алломага эҳтиром сифатида уларнинг ҳайкали пойига гулчамбар қўйишди.

Адабий, маънавий-маърифий кеча Самарқанд санъат коллежи концерт залида давом этди. Таниқли шоир ва ёзувчилар, самарқандлик ижодкорлар, шеърият шайдолари жам бўлган тадбирни таниқли ижодкор "Zaraf­shon" ва "Самаркандский вестник" газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Фармон Тошев олиб борди.

Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов бугун Президентимиз томонидан адабиёт, маънавият ва санъат ривожига юксак даражада эътибор қаратилаётганини, ижод аҳлининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганини эътироф этди. Халқимиз, айниқса, ёшларнинг маънавиятини бойитиш, соғлом дунёқарашини шакллантиришда адабиётнинг тутган ўрни ҳақида сўз юритиб, Самарқандда ўтган давр мобайнида ҳавас қилса арзигулик адабий муҳит шакллангани, бу кўҳна кентнинг бетакрор табиати, таровати, гўзаллиги минглаб ижод аҳлига илҳом бағишлаб келганлигини таъкидлади. Шу азиз тупроқда ўсиб-улғайган Азим Суюн каби шоирлар барчамизнинг фахру ифтихоримиз эканлигини эътироф этиб, вилоят ҳокими Т. Жўраевнинг Азим Суюннинг 70 ёшга тўлганлиги муносабати билан йўллаган табрикномасини ўқиб эшиттирди ҳамда вилоят ҳокимлигининг совғасини топширди.

Кечада Азим Суюннинг дўстлари, ҳамкасблари, шогирд­лари сўзга чиқиб, шоирнинг ҳаёт йўли, ижодиёти ҳақида илиқ фикрлар билдиришди.

— Азим Суюннинг илк шеърий машқларини қўлимга олиб, ундаги шахдни, шижоатни, табиатга, она Ватанга бўлган муҳаббатни пайқаганман, — дейди адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров. — Ундан шеър худди момақалдироқдан чиққан чақиндек чиқди. Бу тоғ момақалдироғи, тоғлар чақинлари эди. Азим саксонинчи йиллар бошида энди ўзини, ўз юртини, ўз тоғларини, ўз юртдошлари ва уларнинг орзуларини тўла очган эди. Унинг шеърларига, асарларига, сал кейинроқ журналис­тика билан шуғуллана бошлагач, публицистикасига Нурота тоғларининг бор шукуҳи кириб келди.

Азим Суюн таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан у туғилиб-ўсган Пайариқ туманида ҳам учрашувлар, адабий кечалар ўтказилди. Вилоятимиздаги таълим муассасаларида шоир китоблари тақдимотлари, ҳаёт йўлига бағишланган бадиий кечалар давом этмоқда.

Муаллиф: Орзубону ЮСУПОВА, филология фанлари номзоди

2.05.2018 291 33 Адабиёт
окна фотограф html php памятники знакомства