samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Жасорат, ақлу заковат тимсоли

Чоп этиш

Соҳибқирон Амир Темур қолдирган бой моддий ва маънавий мерос нафақат ўз даври учун, балки мана, қарийб етти аср ўтибдики, биз, авлодлар учун энг ўлмас қадрият бўлиб келмоқда.

 Буюк жасорат, матонат, беқиёс ақлу заковат соҳиби бўлган Соҳибқирон меросини, ўша давр маънавияти, маданияти, илму-маърифатини халқимиз, айниқса, ёшларимиз орасида кенг тарғиб этиш биз учун дастуриламалдир. Негаки, уларни нақадар чуқур англасак-да шунча оз, очилмаган сир-асрорлар бисёр.

Республика Маънавият ва маърифат маркази шаҳар бўлими "Нуроний" жамғармаси шаҳар бўлими билан ҳамкорликда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 682 йиллиги муносабати билан таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларда маънавий-маърифий тадбирлар уюштирмоқда.

52-умумтаълим мактабида ана шундай тадбир бўлиб ўтди. Унда мактабнинг ўқувчи ва ўқитувчилари, маҳалла фаоллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Республика Маънавият ва маърифат маркази шаҳар бўлими раҳбари Фазлиддин        Ғайбуллаев Амир Темурнинг марказлашган буюк давлати, нафақат Самарқандда, балки мамлакатнинг бошқа шаҳарларида амалга оширган бунёдкорлик ишлари ҳақида фикр билдирди. Жасорати, адолатпарварлиги, авваламбор, илм-маърифат, маданият, санъат ва бошқа соҳаларнинг ҳомийси бўлганлигини мисоллар асосида таъкидлади. "Тузуклар"нинг ўтмишда, бугунги кун ва келажакдаги амалий аҳамияти, оилада, жамиятда, таъбир жоиз бўлса, мамлакатда соғлом муҳит яратиш, давлатни, халқни куч-қудратли қилишдаги бебаҳо манба эканлигини эътироф этди. "Нуроний" жамғармаси шаҳар бўлими фаоли, таниқли педагог-ижодкор Зариф Матжон Амир Темурга бағишланган шеърларидан намуналар ўқиди. Бу тадбир иштирокчиларида бир олам таассурот қолдирди.

Буюк давлат ва сиёсат арбоби таваллудига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар 22-умумтаълим мактаби, Самарқанд енгил саноат ва қурилиш касб-ҳунар коллежи, ТАТУ Самарқанд филиали академик лицейи ҳамда 7-оилавий поликлиникада ҳам ташкил этилди.

Муаллиф: Абдуҳошим ЗИЁДОВ, «Samarqand» мухбири

11.04.2018 115 27 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства