samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Европа парламенти делегацияси билан учрашув

Чоп этиш

Европа парламенти Ташқи ишлар қўмитаси делегацияси шаҳримизда меҳмон бўлди.

Дастлаб вилоят ҳокимлигида Кристиан Дан Преда бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув ташкил этилди.

Учрашувда вилоят ҳокими ўринбосари О. Бобоев меҳмонларга вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларидаги ўсиш, ўзгаришлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни ҳақида батафсил маълумот берди. Европарламент вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга вилоят ҳокими ўринбосаридан тўлиқ жавоб олишди. Меҳмонлар вилоятимизнинг иқтисодий имкониятлари, Европа мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари, лойиҳаларнинг амалий жараёнига алоҳида эътибор қаратишди.

— Европарламент вакилларининг ташрифи туристик аҳамиятга эга бўлиб, улар бутун дунё эътирофига сазовор шаҳримизнинг диққатга молик жойлари билан танишишади, — дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари О. Бобоев. — Ушбу делегация таркибида бир неча Европа мамлакатлари вакилларининг борлиги келгусида улар билан ҳамкорликни ривожлантиришда алоҳида ўрин тутади. Чунки, учрашув давомида меҳмонларга ижтимоий-иқтисодий имкониятларимиз ҳақида етарлича маълумот бердик. Улар айни пайтда Европа давлатлари билан ҳамкорликдаги фаолиятимизни алоҳида ўрганишмоқда. Шунингдек, Республика ва вилоятлардаги бошқарув тизими ҳам уларни қизиқтирмоқда.

Вилоят ҳокимлигидаги қизғин суҳбатдан сўнг меҳмонлар кўҳна ва боқий Самар­қанднинг диққатга сазовор жойларида бўлиб, бой маданий меросимиз, халқимиз тарихи билан танишишди.

— Самарқанд шаҳрининг кўрку таровати, сокинлиги, тоза-озодалиги мени ўзига ром этди, — дейди делегация раҳбари Кристиан Дан Преда. —  Бу ҳақда кўп эшитиб, уни кўришга орзуманд эдим. Чунки, Самарқандни ўз кўзинг билан кўрсанг янада мафтун бўларкансан. Албатта, шаҳардаги ўзгаришлар, янгиланишлар, тараққиёт жараёни эътиборимиздан четда қолгани йўқ. Ҳар бир соҳани ривожлантириш бўйича белгиланган лойиҳаларга алоҳида эътибор билан ёндашмоқдамиз. Буни Тошкент шаҳридаги қатор учрашувларимизда, бугун вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда ҳам алоҳида таъкидлаб ўтдик. Мақсадимиз ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.

Ташриф давомида Европарламент вакиллари Амир Темур мақбараси, Регистон мажмуаси ва бошқа тарихий-маданий ёдгорликлар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти билан танишишди.

 

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ

22.09.2018 104 74 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства