samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Дўстлик ва ҳамжиҳатлик бардавом

Чоп этиш

Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Тожикистон Республикаси маданият вазири Шамсиддин Орумбекзода бошчилигидаги дўстлик делегацияси шаҳримизга ташриф буюрди.

Азалдан қон-қардош бўлиб яшаб келган икки тилда сўзлашувчи бир халқнинг турмуш тарзи, урф-одат ва анъаналарини бир-биридан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Шу боис, Ўзбекистон ва Тожикис­тон ўртасидаги азалий дўстлик ришталари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг ташаббуси билан янада мустаҳкамланди. Бугун икки давлат раҳбарларининг оқилона сиёсати туфайли яхши қўшничилик алоқалари давом этмоқда. Дўстлик делегациясининг ташрифидан кўзланган асосий мақсад ҳам ушбу ришталарни янада мустаҳкамлашга қаратилган.

Делегация аъзолари, даст­лаб Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрини зиёрат қилишди. Буюк давлат арбоби қабрига гулчамбар қўйилиб, Қуръон тиловат қилинди. Меҳмонлар мазкур ҳудудда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишишди.

Шундан сўнг, делегация аъзолари икки давлат ўртасидаги дўстлик рамзи сифатида эътироф этилаётган Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ҳайкаллари пойига гулчамбарлар қўйишди. Регистон майдонига ташриф буюрган меҳмонлар муаззам майдон маҳобатидан ҳайратланишди. Бу ердаги ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси уларда катта таассурот қолдирди. "Шердор" мадрасаси ҳовлисида ташкил этилган "Беш қарсак" ва "Чавқи" фольклор ансамбллари концерт дастури тожикистонлик меҳмонларга кўтаринкилик улашди.

Амир Темур мақбарасида бўлган делегация аъзолари ўзбек давлатчилиги тарихи, бобомиз Амир Темур амалга оширган улкан бунёдкорлик ишлари, темурийлар даври маданияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишди.

Вилоят ҳокимлигида ўтказилган учрашувда Тожикистон дўстлик делегацияси аъзолари  самарқандлик олимлар, ижодкорлар, маданият ходимлари билан дилдан суҳбат қуриб, дўстлик, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида ўзаро фикр алмашишди. Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков, вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов ва Тожикистон Республикаси маданият вазири Шамсиддин Орумбекзодалар иштирок этган учрашувда мамлакатларимиз ўртасида маданий алоқаларни янги босқичга кўтариш, ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида сўз юритилди.

— Бизни ўзбек, тожик деб иккига ажратиб бўлмайди, — дейди Тожикистон ёзувчилар уюшмаси ўзбек бўлими раҳбари Сулаймон Эрматов. — Бир-бири билан қуда-анда, қон-қардош бўлиб яшаб келаётган халқ ўртасида айро муносабатга асос йўқ. Шундай экан, дўстлик, ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаб, ҳар бир соҳада ҳамкорликни кучайтириш бугунги энг долзарб вазифамиздир. Биз самарқандлик ёзувчи ва шоирлар билан ҳамкорликни янада кучайтириб, оммавий ахборот воситаларида ҳам чиқишларни ташкил қилишни режалаштирганмиз.

Тожикистон дўстлик делегацияси бугун ҳам шаҳримизнинг диққатга сазовор жойларига ташриф буюради. Жумладан, Садриддин Айний уй-музейи билан яқиндан танишишади. Куннинг иккинчи ярмида меҳмонлар "Жартепа — Саразм" чегара назорат ўтказиш пункти орқали ўз манзилларига кузатилади.

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ

4.08.2018 197 61 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства