samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг янги босқичи

Чоп этиш

Вилоятимиз ва суғдлик тадбиркорлар бизнес-форуми икки халқ, икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатликнинг янги босқичга кўтарилганлигининг амалий ифодаси бўлди.

Газетамизнинг ўтган сонида хабар берганимиздек, Тожикистоннинг Суғд вилояти делегацияси шаҳримизга ташриф буюрди. Самарқандда дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида қатор тадбирлар ўтказилди. Дастлаб Суғд вилояти раиси Ражаб Аҳмадзода бошчилигидаги делегация Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Суғдлик меҳмонлар Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғида ўрнатилган Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, буюк мутафаккирларнинг икки халқ ўртасидаги қадимий дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссасини ёдга олишди.

"Регистон плаза" меҳмонхонаси ва унинг олдидаги майдонда асосий тадбир — бизнес-форум ташкил этилди. Унда вилоятимиз ва суғдлик 120 та тадбиркорлик субъектларининг кўргазмаси ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, ўтган йил якуни билан вилоятимиздан қўшни Тожикистон давлатига 9 млн. 533 минг доллар ҳажмида товарлар етказиб берилган. 2018 йилнинг ўтган даврида эса қарийб бир миллион доллар миқдорида маҳсулот экспорт қилинди.

Жумладан, тадбиркорларимиз қўшни давлатга "Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган", деган ёрлиқ билан гилам ва гилам маҳсулотлари, электротехника воситалари, ким­ёвий ўғитлар, қиш­лоқ хўжалик ва бошқа маҳсулотлар етказиб беришмоқда. Шаҳримизда ўтказилган бизнес-форум ушбу ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилди. Бу форум якунида имзоланган шарт­нома ва меморандумлар сонида яққол ўз исботини топди.

Якуний натижаларга кўра, вилоятимиз тадбиркорлари жами 170 та қиймати 107 847,5 минг АҚШ долларига эга товар ва хизматлар учун шартнома имзолашди. Бунда 55 та шартнома шаҳримиз тадбиркорлари ҳиссасига тўғри келди. Имзоланган шартномаларни соҳалар кесимида таҳлил қилсак, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, текстиль ва туризм соҳаларида ҳамкорлик ривожланади. Жумладан,  туристик хизмат кўрсатиш йўналишидаги ўндан ортиқ корхона-ташкилот 1 млн. 800 минг АҚШ долларига шартнома имзолади.

— 2000 йилда италиялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда қўшма корхона ташкил этиб, жинси матосидан кийим-кечаклар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган эдик, — дейди Тожикистонинг "Саth" фирмаси бош муҳандиси Акмалхон Акмалов. — Айни пайтда корхонамизда 500 нафар киши меҳнат қилади. Маҳсулотларимиз ички бозорга, шунингдек, Европа давлатларига экспорт қилинмоқда. Бугунги форум доирасида Ўзбекистон бозорини ҳам ўр­гандик. Маҳсулотларимиз аҳолида катта қизиқиш уйғотди. Ҳамкорлик ало­қалари бўйича ҳам таклифлар бўлди. Келгусида маҳсулотларимизни Ўзбекистон бозорига ҳам чиқаришни режалаштиряпмиз.

Форум иштирокчилари Паст Дар­ғом туманидаги "Паст Дарғом саховати" қўшма корхонасининг гидропоника усулидаги замонавий иссиқхонаси, Самарқанд автомобиль заводи, "JV MAN Auto-Uzbekistan" қўшма корхонаси фаолияти билан яқиндан танишишди. Мазкур корхоналар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича таклифлар билдирилди.

Самарқанд санъат коллежи концерт залида "Ўзбек ва тожик хал­­­қ­лари икки тилда сўзлашувчи бир хал­қдир" шиори остида ўтказилган Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари санъаткорлари концерти ҳақиқий дўстлик кечасига айланди. Унда вилоят ҳокими Т. Жўраев ва Суғд вилояти раиси Р. Аҳмадзода сўзга чиқиб, икки мамлакат раҳбарларининг оқилона сиёсатлари туфайли халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик ришталари қайта тикланганлиги ўзбек ва тожик халқларининг янада жипслашишига, қардошлик алоқалари янада мустаҳкамланишига хизмат қилишини алоҳида таъкидлашди. Ҳар икки тилда янграган қўшиқлар меҳр-оқибат, дўстлик тараннумига айланди.

Форум иштирокчилари ташрифни шаҳримизнинг тарихий обидалари, азиз қадамжоларини зиёрат қилиш билан якунлашди.

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ

25.04.2018 187 31 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства