samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Дунёни қалам билан забт этди

Чоп этиш

Улуғ шоир Алишер Навоий ижодий мероси ва ижтимоий фаолияти бугунги кунда кўпгина мамлакатларда катта қизиқиш билан ўрганилмоқда.

 Токио, Москва, Боку, Вашингтон, Ашхабад, Ўш, Мозори Шариф каби қатор шаҳар ва мегаполисларда Алишер Навоийга ҳайкаллар қад кўтарди. Боку, Алмати, Ашхабаднинг шоҳ кўчалари, Меркурий сайёрасининг кратери буюк шоир номини олди. Айни вақтда улуғ аждодимиз асарларини ўрганиш ва ташфиқ қилиш жараёни Хитойда кенг кўламда амалга ошмоқда.

2005 йили хитойлик тилшунос олим Ван Чженчжун Ойбекнинг "Навоий" романини хитой тилига ўгирди. Асар нафақат хитойлик навоийшунослар балки оддий ўқувчилар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Хитойлик адабиётшунос дўстларимиз берган кейинги маълумотларга кўра Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 25 йиллиги муносабати билан Алишер Навоий хотирасига Шанхайда бронзадан ҳайкал тикланди. Навоийшунос тадқиқотчилар У Гожан ва Пань Цинлинг хитой тилига ўгирган "Фарҳод ва Ширин" достони хитойлик ўқувчилар орасида шуҳрат қозонди. Шанхай университетида Навоий мухлислари жамияти тузилди, университет навоийшунос олимлари ўзларининг веб-сайтида улуғ аждодимизнинг жаҳон илм-фани ва адабиёти учун қилган ишларини кўрсатувчи мақолалар сериясини эълон қилишни йўлга қўйишди.

Хитойда айнан Алишер Навоийга бундай ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилишининг ўз сабаблари бор. Ҳазрат Навоий ўз асарларида Хитой ёки Чин юрти ва элини катта ҳурмат ва муҳаббат билан тилга олади. "Садди Искандарий" достонида Искандарнинг Чинга юришини келтириб, Хитой ҳоқони билан мулоқоти вақтида Луъбати Чин (Чин гўзали)нинг латофати ва жангдаги маҳоратини таърифлайди. "Фарҳод ва Ширин" достони қаҳрамони Фарҳод қудратли Чин ҳоқонининг ўғли сифатида келтирилади. Навоий асарларидаги "Бор эди Чин мулкида бир нозанин, Ожиз анинг нақшида наққоши Чин" каби байтлар, "мушки Чин", "Чин луъбати", "наққоши Чин", "нигорхонайи Чин", "нофаи Чин", "Чин оҳу", "Чини зулф" каби тушунчалар шоирнинг бу юртга меҳри ўзгача бўлганлигини кўрсатади.

Адабиётшунослар нигоҳидан четда қолган яна бир қизиқ маълумот: "Фарҳод ва Ширин" достонида "чин" атамаси 44 марта, "хито" сўзи эса 49 марта, "хитой" билан боғлиқ атамалар жами 90 дан ортиқ марта қўлланилган экан.  Бунда Чин ёки Хитой дейилганда ҳозирда Синцзянь (Шинжон) деб аталувчи  ҳудуд ҳам назарда тутилганлигини эсдан чиқармаслик керак.

Навоий  асарларида халқлар ўртасидаги дўстлик, биродарликка катта эътибор берилади. Агар Фарҳод чинлик бўлса, энг яқин дўсти Шопур эронлик, севгилиси Ширин эса арман юрти қизидир! Бу билан шоир одамларнинг миллати, ирқи, дини ва мазхабидан қатъий назар биринчи ўринда ҳазрати Инсон эканлигига урғу бермоқда.

Буюк Ипак йўли маркази ва чорраҳаси бўлган, дунё халқлари илми ва маданияти кесишувчи нуқтада жойлашган кўҳна Самарқанд темурийлар даврида маданият, иқтисодий муносабатлар ривожланган маскан бўлиш баробарида таълим-тарбия ўчоғи ҳам эди.  Ислом дини таъсиридан қатъи назар, бу ердаги мадрасаларда антик дунё мутафаккирларининг илғор ғоялари қаторида хитой маданияти билан боғлиқ қарашлари ҳам ўрганилган.  Ажаб эмаски, Самарқанд ирфонидан маърифатланган Алишер Навоий кейинчалик юнон файласуфлари, хитой наққош ва меъморлари Моний ва Боний, Луъбати Чин образларини ўз асарларига олиб кирган, Фарҳод сиймосини биринчи планга олиб чиққан бўлса. "Фар­ҳод ва Ширин"даги Моний образи III аср­да монийлик диний оқими асосчиси бўлган хитойлик Моний ибн Фатак (216-276) назарда тутилаётган, меъмор Боний образи замирида улуғ хитой шоири ва санъат устаси Бо Цзюйи (772-846) қаламга олинаётган бўлиши эҳтимоли каттадир.

Навоий асарларини ўрганар эканмиз уларнинг моҳиятида Конфуций таълимотидаги комил инсон ғояси акс этганлигини ҳам англаш мумкин. Жумладан, кекса киши ўз тажрибасини улашмаса, ёшликда олинган билими самарасиз бўлиб қолиши ҳақидаги хитойча ўгит Навоийнинг

"Йигитликда йиғ илмнинг махзани,

Қарилик чоғи харж қилғил ани" фикрига жуда ҳамоҳангдир.

Ёки барча офатлар тил орқали келади ўгити Навоий тилида шундай янграйди:

"Тил - шунча шарафи билан нутқнинг қуролидир.

 Агар нутқ номаъқул бўлиб чиқса – тилнинг офатидир."

Хитойда олиб борган изланишларимиз натижасида Алишер Навоий адабий меросидан таъсирланиб унинг шеър ва дос­тонларига тақлидан асар ёзган 18 га яқин хитойлик ижодкор ҳақидаги маълумотга эга бўлдик. Улар нафақат синцзянлик балки Хитойнинг ички туманларида фаолият кўрсатган ижодкорлар бўлганлиги ҳам аниқланди. Улуғ шоирнинг "Сабъаи сайёр" достонидаги ҳикоя ичидаги ҳикоя композицияси, асарларидаги шарқона фантастик образлар, замон ва маконда мўъжизавий эврилишлар 2012 йилда Нобель мукофоти лауреати бўлган хитойлик Мо Янь асарларида ҳам акс этган.

Алишер Навоий ўз асарлари билан кўплаб шарқ мамлакатларида обрў ва эътибор қозонганлигини яхши тушунган, бу фаолиятини қўшинсиз кўплаб мамлакатларни эгаллаган саркардага менгзаган:

Олибмен тахти фармонимға осон,

Черик чекмай Хитодин то Хуросон.

Хуросон демаким, Шерозу Табрез

Ки, қилмишдур найи килким шакаррез.

Кўнгул бермиш сўзумга турк жон ҳам,

Не ёлғуз турк, балким туркмон ҳам.

Не мулк ичраки бир фармон йибордим,

Анинг забтиға бир девон йибордим...

Ғиёсиддин Хондамир ўзининг "Макорим ул-ахлоқ" асарида шундай ёзади: "Хито ва Хутан мамалакатларининг чегараларидан бошлаб то Рум ва Ғарб мамлакатларининг охиригача шоҳ ва гадо, ёш ва қари оғзида ул ҳазратнинг назмлари мастур ва бутун халқ оммаси ва айрим табақаларнинг кўнгил саҳифаларида ва қалб лавҳаларида муборак шеърлари нақшлангандир".

Ҳазрат Навоий умумбашарий инсон эди. Кўриб ўтганимиздек, унинг қаҳрамонлари миллати, дини, эътиқоди, амали ва мансабидан қатъий назар Ҳазрати Инсон сифатида талқин қилинди.

Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,

Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай деган шоир инсон қадрини ҳар қандай диний муқаддас тушунчаларданда устун қўйди, кўк қадар кўтарди.

Муаллиф: Эркин МУСУРМОНОВ, СамДУ доценти

8.02.2019 74 6 Адабиёт
окна фотограф html php памятники знакомства