samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Депутат сайловчилар ҳузурида

Чоп этиш

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлиги, аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлаш, турли соҳаларда юртдошларимизни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш борасида депутатлар зиммасига улкан масъулият юкланган.

Бинобарин, бугунги кунда депутатлардан ташаббускорлик ва фидойилик билан ишга ёндашиш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш борасида тизимли фаолият юритиш, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклиф ҳамда тавсияларни илгари суриш талаб қилинмоқда. Шу ўринда депутатларнинг аҳоли билан бевосита мулоқоти, учрашувлари муҳим аҳамиятга эга. Боғишамол саноат коллежида халқ депутатлари шаҳар Кенгашига 20-Кимёгарлар сайлов округидан сайланган депутат Ҳаким Жўраев ҳудуд аҳолиси учун сайёр қабул ўтказди.

Унда шаҳар ҳокимлиги бўлим ва бошқармалари, корхона ва ташкилотлари мутасаддилари, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари 4-сектор раҳбарияти ва ишчи гуруҳи аъзолари иштирок этишди.

Тадбирда ЎзЛиДеП шаҳар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари — аппарат раҳбари Ҳ. Хўжақулов, депутат Ҳ. Жўраевлар халқ билан мулоқот мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, амалий таклиф ва тавсияларнинг ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилишини таъкидлашди. Тадбирга ташриф буюрган фуқаролар Ким­ёгарлар қўрғонида тўпланиб қолган муаммо ва камчиликлар хусусида атрофлича тўхталиб ўтишди.

Жумладан, "Нурафшон" маҳалласида истиқомат қилувчи Зебо Искандарова қўрғон яқинидаги чиқиндихонада ахлатларнинг ёндирилиши оқибатида чиқаётган аччиқ тутун яқин атрофдаги чўчқахона ва товуқхонадан таралаётган бадбўй ҳид аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатаётганидан шикоят қилди. Дарҳақиқат, фуқаронинг шикояти ниҳоятда ўринли. Чунки ушбу муаммо анча йиллардан буён ўз ечимини кутиб турибди.  Ҳатто, газетамизда ушбу муаммо юзасидан танқидий мақола ҳам эълон қилинган. Аммо мутасаддилар масаланинг жўяли ечимини ҳанузгача таклиф этишгани йўқ.

"Маданият" маҳалласида яшовчи Мавлуда Аҳтамова 10-оилавий поликлиникада аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун имконият мавжуд эмаслиги, жумладан, зарур асбоб ва анжомлар йўқлиги, малакали врачлар етишмаслигидан шикоят қилди. "Нурли келажак" маҳалласидан Гулчеҳра Абдураҳимова ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш учун суғориш тизими мавжуд эмаслигидан, сув таъминотидаги камчиликлардан арз қилди. Фуқаро Карим Алимов эса замонавий чиқинди тўплаш шохобчаларини барпо этиш таклифини илгари сурди. Шунингдек, фуқаро сартарошхона қуриш учун ер майдони зарурлигини баён этди. Ҳудуддаги 16-умумтаълим мактаби жамоаси ва фуқаролар қўрғонда кутубхона, китоб дўкони ташкил этиш, кўп қаватли уйларнинг ташқи фасадини бўяш, ички йўлларни таъмирлаш, маҳаллаларни сув билан таъминлашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.

Сайёр қабулда фуқаролар Истиқлол кўчаси, 18-уй авария ҳолатида экани, кўчаларни тунги ёритиш тизими билан таъминлаш лозимлиги, қудуқларнинг қопқоқлари йўқлиги, айни пайтда ишламаётган иситиш тизимининг эскирган қувурлари аҳоли ҳаётига хавф туғдираётгани хусусида мурожаат қилишди. Бундан таш­қари, фуқаролар хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятидан норозилигини билдирди. Шунинг­дек, тадбирда фуқароларнинг бошқа масалалар юзасидан мурожаатлари тингланди.

Тадбирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, масъул ходимлари ҳар бир мурожаатда кўтарилган муаммоларни атрофлича муҳокама қилиб, уларни ҳал этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар беришди.

Ҳамкорликда ҳал қилинадиган муаммолар бўйича мутасадди ташкилотларга депутат сўрови юбориладиган бўлди.

— Бугунги кунда сиёсий партиялар ва депутатлар доимо фаол, амалга оширилаётган ислоҳотларда ташаббускор бўлиши устувор аҳамият касб этмоқда, — дейди  партиянинг шаҳар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ҳ. Хўжақулов. — Депутат мунтазам равишда сайловчилар билан мулоқот қилиши мавжуд муаммоларга барҳам беришда муҳим роль ўйнайди. Халқ депутатлари шаҳар Кенгашига сайланган 30 нафар депутатдан 17 нафарининг номзоди партиямиздан илгари сурилган. Бугунги кунда партия депутатлик гуруҳи томонидан ҳудудларда мавжуд муаммолар атрофлича ўрганилмоқда. Жумладан, депутатларимиз ўзлари сайланган округлардаги муаммо ва камчиликларни ўрганиб чиқиб, уларни доимий комиссиялар йиғилишларида муҳокама қилиб, шаҳар Кенгаши сессияси кун тартибига киритишга тайёргарлик кўрмоқда. Сайёр қабул ва учрашувларда аниқланган муаммоларни ҳал этиш юзасидан тегишли идораларга депутатлик сўровлари юборилмоқда.    

Муаллиф: Умид АЛИМОВ, "Samarqand" мухбири

2.04.2018 256 24 Сиёсат
окна фотограф html php памятники знакомства