samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Демократик тамойиллар — тараққиёт пойдевори

Чоп этиш

Мамлакатимиз Президенти Ш. Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномаси ўз мазмун ва моҳиятига кўра халқимизни бахтли қилишга, фаровон ва тўкин ҳаётни барпо этишга қаратилган амалий ҳаракат ҳисобланади.

Бугун одамларни бахтли қилишнинг энг мақбул шакли — демократик сиёсий тартибот ҳисобланади. Бунинг учун демократия қоғозда эмас, амалда бўлиши керак, деган талаблардан келиб чиқиб, халқ ҳокимиятга эмас, ҳокимият халққа хизмат қилиши керак, деган тамо­йил илгари сурилмоқда.

Ҳокимият ва халқ ўртасидаги муносабатлар демократик тамойилларга асосланган бўлиши учун, аввало, халқ ижтимоий ва сиёсий жиҳатдан кучли ва фаол бўлиши талаб этилади. Ҳозир бизда ҳокимият кучли, лекин халқ унга нисбатан кучсизлиги оқибатида жамиятда демократик тамойиллар устуворлигини таъминлаш бирмунча оғир кечмоқда. Негаки, кучли ижроия ҳокимияти ва унга нисбатан кучсиз бўлган парламентнинг ўзаро муносабатларидаги мутаносиблик бузилмоқда. Шунинг учун Президентимиз парламент фаолиятига танқидий баҳо бериб, уни кучайтиришга қаратилган бир қатор амалий таклифларни ўртага ташлади. Дарҳақиқат, бугунги парламентимиз қонун ижодкорлиги фаолияти танқид қилинганлиги асоссиз эмас. Парламентнинг салоҳиятини бевосита қонун ижодкорлигида кузатишимиз лозим. Амалда эса бундай бўлмаяпти. Қонун ижодкорлиги билан шуғулланиш учун ҳар бир депутатнинг жамият ривожланиш қонуниятлари тўғрисидаги билими кучли бўлиши талаб этилади.

Бугунги замон талаби демократик ва фуқаролик жамиятини барпо этишдир. Бунинг учун жамиятшунос олимлар демократик ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга хизмат қиладиган янги ғояларни ишлаб чиқишлари лозим. Бу талабни амалга оширишда фуқаролик жамиятини янада кучайтириш, унинг фаолиятини кенгайтириш эҳтиёжи пайдо бўлади. Ана шу эҳтиёждан келиб чиқиб, олий таълим тизимида ижтимоий назорат номли фан ва ўқув курсини жорий этиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Бугунги кунда одамларнинг онги ва қалби ўзига хос кураш майдонига айланиб бормоқда. Бундай шароитда фуқароларни, хусусан, ёшларни маънавий ва мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш замон талаби ҳисобланади. Ёшларни зарарли ва ёт ғоялардан ҳимоя қилишнинг энг мақбул йўли уларда бундай таҳдидларга қарши иммунитетни шакллантиришдир. Бундай эҳтиёжни қондириш учун олий таълим тизимида маънавий ва мафкуравий иммунитетни шакллантиришга хизмат қиладиган янги фанларни жорий этиш даври етиб келди. Бу фикр бевосита интеллектуал бойлик берадиган фаол тадбиркорлик ва инновацион ғояларга тегишлидир.

Фаол тадбиркорлик ва инновацион ғоялар ҳамда технологияларни қўллаб-қувватлаш деганда, аввало, фаол тадбиркорлик тушунчаси нимани англатиши ҳақида фикр юритайлик. Тадбиркорликни фаол ва пассив даражалар талаби асосида қиёслаб таърифлайдиган бўлсак, аввало, қайси жабҳада фаолият юритмасин, тадбиркорнинг ўз ишига ижодий ёндашиб, моддий ва маънавий бойлик яратиш жараёни тушунилади. Пассив тадбиркор ўз фаолиятини ҳамиша бир хил, бир даражада юритса, фаол тадбиркор ўз фаолиятини замон талабларидан келиб чиқиб такомиллаштириб боради. Фаоллик деганда, замон таъсирига амалий жавоб бериш тушунилса, замон талабига жавоб бермасдан фаолият юритиш пассив тадбиркорлик, деб аталади.

Фаол тадбиркорлик талаби кун тартибига қўйилар экан, янгича илм-фан ютуқларини ўз фаолиятида кенг жорий этиш, демократик сиёсий тартибот талабларига таяниш лозим бўлади. Ўтмиш ва тарих шундан гувоҳлик бермоқдаки, қайси мамлакатда илм-фан ютуқларига кенг аҳамият берилса, тараққиёт ўз меваларини халқ учун узоқ куттириб қўймайди. Бугун моддий бойлик эмас, интеллектуал бойлик яратиш кўпроқ аҳамиятга эга бўлмоқда. Бу борада демократия ва фуқаролик жамияти фаолиятини янада такомиллаштириш, ушбу йўналишда назоратни кучайтириш ҳар бир фуқаронинг яшаш тарзига айланиши зарур.

Муаллиф: Фарҳод НАБИЕВ, САМДУ профессори

9.02.2018 662 10 Сиёсат
окна фотограф html php памятники знакомства