samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Дардларга дармон бўлиб

Чоп этиш

Бугунги кунда шаҳар тиббиёт тизимида 19 та даволаш-профилактика муассасаси мавжуд.

6 та  стационар муассасада бир йўла 1005 нафар беморнинг даволаниш имконияти яратилган. Ушбу муассасаларда 1271 нафар врач, 3975 нафар ўрта тиббиёт ходими, 812 нафар кичик тиббий ходим аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоқда.

— Шаҳар аҳолисига бирламчи тиббий санитария хизмати кўрсатиш мавжуд 11 та оилавий поликлиника зиммасида, — дейди шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Хуршид Ниёзов. — Айрим муассасаларда ягона электрон рўйхатга олиш ва интернет тармоғи орқали шифокор қабулига ёзилиш "Электрон поликлиника" автоматлаштирилган ахборот тизими жорий қилинган. Оилавий поликлиникаларда Ўзбекистон  Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2017 йил 18 мартдаги 112-сонли буйруғига асосан "Аҳолини тизимли ва мақсадли патронаж билан қамраб олиш бўйича 9 турдаги асосий йўналишлар" доирасида патронаж ишлари олиб борилмоқда ва мониторинг қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 мартдаги "Шошилинч тиббий ёрдам хизматининг фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида шаҳар тиббиёт муассасаларида амалга оширилган ишлар ибратга сазовор. Қарор асосида оилавий поликлиникаларга 13 та "Damas" русумли санитар автомашина ажратилди. Айни пайтда шаҳар аҳлига тез тиббий ёрдам учун жами 35 та бригада хизмат кўрсатмоқда.

Самарқандда хасталикка чалинганлар асосан шаҳар шифохонасига мурожаат қилишади. Улар бунинг сабабини аҳоли ўртасида "горбольница" номи билан аталиши одат тусига кирган мазкур шифо масканида шароитларнинг яхшилиги ҳамда шифокорларнинг малакали эканлиги билан изоҳлашади. Дарвоқе, мазкур шифо масканида қўли енгил, сўзи малҳам шифокорлар кўп.

— Аслида шифокор дардмандларнинг энг яқин одами, — дейди шифохонанинг нейрохирургия бўлими мудири Раҳматилла Бектошев. — Хасталикка чалинган инсон дардини фақат ўзининг халоскори, деб билган, унга ихлос қўйган одамигагина айтади. Беморлар ишончини қозониш осон эмас. Ҳар куни шифо истаб келувчи кўплаб беморлар билан учрашаман. Имкон қадар уларнинг дардига малҳам топишга ҳаракат қиламан. Мамалакатимиз мустақилликка эришгач тиббиётга, аҳоли саломатлигини яхшилашга жиддий эътибор қаратилди, шифохоналарда шароитлар яхшиланди. Маҳаллий кадрлар, касбга қизиқувчилар кўпайди. Уларнинг салоҳияти, билим ва кўникмалари йил сайин ошиб боряпти. Янги, замонавий тиббий асбоб-ускуналар келтирилди. Натижада  нейрохирургик касалликларнинг оғир турларини ҳам ўзимизда даволаш имконияти яратилди.

Шаҳардаги биринчи болалар шифохонасида  36 нафар врач, 112 нафар ҳамшира ва 68 нафар кичик тиббий ходим болалар саломатлиги йўлида меҳнат қилмоқда.

Шифохонага яқинларини даволатишга олиб келган ота-оналар муассасадаги гўдак ёшидаги болалар бўлими фаолиятини яхши билишади. Негаки, 30 кунликдан 6 ойликкача бўлган гўдаклар даволанадиган бу бўлимга кўпчилик мурожаат қилади. Педиатрия ва нефрология бўлимларида турли ёшдаги болаларга муолажа кўрсатилади.

— Муассасамизда учта педиатрия бўлими мавжуд, — дейди бош шифокор Тозагул Холиқова. — Улардан бирида олти ойликдан уч ёшгача бўлган гўдаклар, бошқасида 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган бемор болалар даволанади. Ҳар икки бўлим 35 ўринли. Яна бир педиатрия бўлимида эса бир вақтнинг ўзида 30 нафар беморга хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд. Бўлимларнинг бирига тажрибали педиатр врач Фотима Раҳмонова раҳбарлик қилади. Унинг ўз ишига ўта масъулият билан ёндашиши, фидокорлигига барча ҳамкасблари ҳавас қилишади. Муассасамизда олти ўринли реанимация ва интенсив терапия бўлими ҳам фаолият кўрсатмоқда. Шифохона таркибида даволаш диагностика хоналарининг ташкил этилгани болаларда учрайдиган айрим хасталикларга қарши курашда муҳим аҳамият касб этаяпти. Масалан,  физиотерапия, даволаш физкультураси, рентген, клиник таҳлилхона, УТТ, функционал диагностика  хоналаридан самарали фойдаланиш болаларда учраётган бир қанча касалликларни вақтида даволашга ёрдам бермоқда.

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27-28 август ва 2 сентябрь кунлари вилоятимизга ташрифлари давомида берган топшириқлари Самарқанд шаҳрини комплекс ривожлантириш, қурилиш ва ободонлаштириш ишларигагина эмас, тиббиётдаги муаммоларни бартараф этишга ҳам хизмат қилмоқда, — дейди шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбари Х. Ниёзов. — Ана шу топшириқлар асосида 10-Оилавий поликлиниканинг Хишрав қўрғонидаги филиали учун 100 қатновга мўлжалланган янги бино барпо этилади. Айни пайтда умумий қиймати 1 млрд. 193,4 миллион сўм бўлган мазкур бинода "Азия дорремстрой стандарт" МЧЖ қурувчилари томонидан бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.

3-Туғуруқ комплекси биносини реконструкция қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида амалга оширилмоқда. "Пардозлаш ишлари бошқармаси" МЧЖ томонидан 2 млрд. 510 миллион сўмлик қурилиш ишлари бажарилиши режалаштирилган.  Ҳозиргача бинонинг томи тўлиқ ёпилди. Иситиш тизимини барпо этиш, дераза-ром ўрнатиш, пардозлаш ва пол ишлари давом этмоқда.

6-Оилавий поликлиниканинг Фарҳод қўрғонидаги филиали биноси вилоят ҳокимининг қарорига асосан "Обод қишлоқ" дастурига киритилиб, капитал таъмирланмокда. Ушбу бинога 1 млрд. 367 миллион сўм маблағ ажратилган. 

 Шаҳримизда айни пайтда жами 158 та хусусий тиббиёт муассасалари фаолият кўрсатиб келяпти. Шундан, 135 таси амбулатор муассасалар бўлиб, уларнинг қуввати 1516 қатновни ташкил қилади, 23 та стационар муассасалар 282 ўринли бўлиб, шундан 54 таси стоматология йўналишидаги тиббий муассасалардир.

Соҳа ходимлари бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда фаолият олиб бориб, юқори самарадорликка эришаётганликларини алоҳида таъкидлаш жоиз. 

 

Муаллиф: Абдурасул САТТОРОВ

12.11.2018 135 89 Саломатлик
окна фотограф html php памятники знакомства