samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ДИЛ ОЗИҒИ

Чоп этиш

Наврўз байрами арафаси эди. Ишхонада узоқроқ ушланиб қолганим боис, кечроқ бекатга чиқдим.

Автобуслар сийраклашиб қолибди. Шошилганимдан яқинлашиб келаётган таксини тўхтатдим. Ўриндиқдан жой олар эканман, ҳайдовчини Наврўз байрами билан табриклаб қўйдим.

Ҳайдовчи орқасига ўгрилиб: "Раҳмат, опажон, бизни ҳам табрикловчилар бор экан", деди. Кейинги бекатга етар-етмас қулоғига телефонининг сими уланган қиз чиқиб, ҳайдовчининг ёнига ўтирди. Кўп ўтмай бир аёл бизга ҳамроҳ бўлди. Радиодан таралаётган қўшиқ аёлга ёқмади шекилли:

— Мана буни ўчириб қўй, — деди ҳайдовчини жеркиб. — Қаерга борсанг "вой-вой", "ҳой-ҳой"лардан қутулмайсан!

Ҳайдовчи ноилож радионинг овозини пасайтирди. Ёнидаги қиз эса ким биландир баланд овозда гаплаша бошлади. Табиийки, бу ҳолат бояги аёлга ҳам, менга ҳам ёқмади. Кўп ўтмасдан аёл нималардандир норози оҳангда тўнғиллаганича машинадан тушиб қолди. Қиз ҳам манзилига етди шекилли, эшикни ташқаридан қарсиллатиб ёпди.

— Секинроқ ёпса ҳам бўларди, — деди ҳайдовчи норози оҳангда.

— Ҳар хил одам бор-да, — ҳайдовчига тасалли бермоқчи бўлдим. — Эътибор бераверманг.

Шу орада мен ҳам манзилимга етиб келдим. Ҳайдовчига раҳмат айтиб, пул узатдим.

— Пулингиз керак эмас опажон, — деди қўлимни қайтариб. — Байрам куни эрталабдан кечгача хизматда бўлибман-у, фақат бир кишидан табрик эшитибман... Сиздан пул олсам, виждоним қийналади.

Ширин сўз — дил озиғи, деган халқ нақли шу он хаёлимдан ўтди...

Муаллиф: Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА

8.07.2018 126 53 Адабиёт
окна фотограф html php памятники знакомства