samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ДЕКЛАРАЦИЯ

Чоп этиш

имконият, имтиёз ва мажбурият

Фуқаролар йиллик даромадлари тўғрисида декларацияни топшириш ор­қали давлат ва жамият олдидаги конституциявий бурчларини бажариш баробарида жами даромадлари, тўлаган солиқлари миқдори ва ўзларининг жам­ғариб бориладиган пенсия бадали бўйича шахсий ҳисобварақларидаги маблағлар тўғрисида маълумотга эга бўлишади.

Шунингдек, декларация тақдим этиш натижасида уларга солиқнинг ортиқча тўланган қисмини бошқа солиқлардан бўлган қарзини қоплаш учун ўтказиш ёки бошқа солиқлардан қарзи бўлмаган тақдирда қайтариб олиш имкони яратилади.

Бундан ташқари, асосий бўлмаган иш жойларидан даромад олган жисмоний шахс­лар декларация тақдим этиш жараёнида амалдаги солиқ қонунчилигида кўзда тутилган имтиёзлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлишади.

Масалан, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ўзига тегишли бўлган мол-мулкни ижарага беришдан олган даромадлари бўйича тўланган солиқларни жами йиллик декларацияни тақдим этиш орқали қайтариб олишлари мумкин. Чунки, улар Солиқ кодексининг 180-моддаси иккинчи қисмига асосан даромад олинган ҳар бир ой учун энг кам иш ҳақининг тўрт баравари миқдоридаги даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 189-моддасига асосан 2017 йил давомида:

— мулкий даромад олган (агар бу даромадларга тўлов манбаида солиқ солинмаган бўлса);

— фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида даромад олган;

— асосий бўлмаган иш жойидан моддий наф тарзидаги даромад олган;

— икки ёки ундан кўп манбадан солиқ солинадиган даромад олган;

— Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги манбалардан даромад олган;

— солиқ агентлари бўлмаган манбалардан даромадлар олган Ўзбекистон Республикаси резидентлари 2018 йилнинг 1 апрелига қадар жами йиллик даромадлари тўғрисида декларация топширишлари лозим.

Жисмоний шахснинг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларация, юқорида таъкидланганидек, тегишли даромад олинган йилдан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай тақдим этилади. Агар 1 апрель дам олиш ёки ишланмайдиган байрам кунига тўғри келса, декларация ундан кейинги биринчи иш кунидан кечиктирмай (Солиқ кодексининг 36-моддаси) тақдим этилиши шарт.

Солиқ кодексининг 19-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб турган ёки жорий солиқ даврида якунланаётган ҳар қандай кетма-кетликдаги ўн икки ойлик давр ичида жами бир юз саксон уч кун ва ундан ортиқ муддат мамлакатимизда турган жисмоний шахс Ўзбекистон Республикасининг резиденти, деб эътироф этилади.

Чет эллик жисмоний шахс — Ўзбекистон Республикасининг резиденти солиқ солиниши лозим бўлган даромад келтираётган фаолиятини календарь йили ичида тугатган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқиб кетаётган бўлса, унинг мамлакат ҳудудида турган вақтда жорий солиқ даврида ҳақиқатда олган даромадлари тўғрисидаги декларация мазкур жисмоний шахс республикамиз ҳудудидан ташқарига чиқиб кетишидан бир ой аввал тақдим этилиши лозим.

Агар чет эллик жисмоний шахс — Ўзбекистон Республикасининг резиденти жорий йилнинг 1 февралига қадар доимий яшаш учун хорижга чиқиб кетаётган бўлса, мазкур йил учун даромадлар бўйича декларация тақдим этмайди.

Жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларация шакли Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланган "Солиқ ҳисоботининг шаклларини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорнинг (рўйхат рақами 2439, 2013 йил 22 март) 2-иловасида келтирилган.

Жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияга белгиланган шаклдаги тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммалари ҳақидаги маълумотнома илова қилинади.

Жисмоний шахс икки ва ундан ортиқ даромад манбаига эга бўлса, барча манбалардан маълумотнома тақдим этиши зарур.

Фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида даромадлар олган шахслар уларни яратиш ва улардан фойдаланиш учун зарур материаллар олиш, бино ва мол-мулк ижарасига доир харажатларни (олинган жами даромад суммасининг 30 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда) чегиришга ҳақлилар. Ушбу харажатлар ҳужжатлар (назорат-касса машинаси ёки терминал чеклари, квитанциялар, шартномалар, ҳисобварақ-фактуралар ва ҳоказо) билан тасдиқланган бўлиши керак.

Грант кўринишида даромадлар олган жисмоний шахслар декларацияни топшираётганда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг тегишли хулосасини ҳам тақдим этишлари керак.

Мол-мулкни (автотранспорт, бино ва иншоотлар, турар ва нотурар жойлар) ижарага берувчи жисмоний шахслар ижара шартномалари нусхаларини декларацияга илова қилишлари шарт.

Мамлакатдан ташқаридаги манбалардан олинган даромадлардан солиқни ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар ушбу даромадлардан тўланган солиқ суммалари ҳақида чет давлат ваколатли органи тасдиқлаган маълумотномани тақдим этадилар.

Солиқ кодексининг 180-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, энг кам иш ҳақининг тўрт бараварини чегириш тарзидаги имтиёзга эга бўлган шахслар имтиёзга бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этишлари ва декларацияда кўрсатишлари лозим.

Декларация бевосита жисмоний шахснинг доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига почта орқали буюртма хат шаклида, шунингдек, электрон шакл­даги ахборот тарзида ва интернет тармоғи орқали тақдим этилиши мумкин.

Электрон ҳужжат тарзида тайёрланган декларацияни солиқ тўловчи бевосита ёки ахборот воситачиси (электрон ҳужжатлар айланмаси билан боғлиқ хизматларни кўрсатувчи юридик шахс) орқали жўнатиши мумкин. У электрон рақамли имзо билан тасдиқланади, бунда белгиланган шакл тўлиқ тўлдирилган бўлиши керак.

Шунингдек, декларацияни Давлат солиқ қўмитасининг my.soliq.uz — "Электрон солиқ хизматлари" порталидаги "Солиқ декларацияларини юбориш" интерактив хизмати орқали ҳам жўнатиш мумкин.

Даромадлар тўғрисида декларацияни ўз вақтида тақдим этмаслик Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 174-моддаси учинчи қисми билан маъмурий жавобгарликка тортилиб, энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Муаллиф: Ғайрат АБДУСАМАТОВ, вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи

15.03.2018 191 20 Иқтисодиёт
окна фотограф html php памятники знакомства