samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ДАВОЛАГАНДАН ОЛДИНИ ОЛГАН ОСОН

Чоп этиш

Айни пайтда ОИВ инфекцияси дунё бўйича пандемия тусига ўтди ва бутун қитъалар ва мамлакатларни қамраб олди.

Бу эса, ўз навбатида, инсоният олдида катта муаммоларни келтириб чиқаради.

Бутун дунёда бўлаётгани каби мамлакатимизда ҳам ОИВ инфекциясининг олдини олишга қаратилган кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда. Ҳукуматимиз томонидан бу борада қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилиниши эса бу тизимда олиб борилаётган ислоҳотларга замин яратмоқда.    

Ишлаб чиқилаётган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш, қолаверса, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида ишлар кенг кўламли ва босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Йил якунига қадар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан вилоятимиздаги ОИТС ташхис лабораторияларини жаҳон андазаларига тўла жавоб берадиган тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш учун 27 минг АҚШ доллари ажратилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, 347,5 миллион сўмлик реагентлар (катализатор реакциясига киришувчи модда), ИФА (иммунофермент анализ) таҳлиллари ўтказиш учун 70,5 миллион сўмлик 3-4 авлод тест системалари олиб келинди. Шунингдек, 670,6 миллион сўмлик дори воситалари ажратилди.

Иш самарадорлигини ошириш учун муассасага тор доирадаги мутахассисликлар, яъни фтизиатр, провизор, инфекционист, педиатр сингарилар учун қатор штат бирликлари киритилиши бўйича таклифлар бердик. Республика ОИТСга қарши курашиш маркази билан ҳамкорликда мутахассисларимизнинг малакасини ошириб боришга ҳам алоҳида эътибор қаратганмиз. ОИВ инфекцияси, унинг юқиш йўллари, профилактикаси бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини кенг йўлга қўйдик. 

Бу касалликка чалинган шахсларга ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Жорий йилнинг ўзида 71317 нафар хомиладор аёл ОИВ инфекциясига текширилганида, уларнинг 19 тасида ушбу касаллик  аниқланган. Хусусан, инфекция билан зарарланган оналардан туғилган болаларнинг 54 нафарига эса профилактика курслари тайинланди. 

Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида қайталанувчи касалликлар билан оғриган беморларнинг 22158 нафари, ОИВ билан зарарланганларнинг жинсий шерикларининг 549 нафари, ИОГМИҚлардан (инъекция орқали гиёҳванд моддаларини истеъмол қилувчилар) 278 нафари, жинсий алоқа йўли билан юқадиган касалликлари бор шахсларнинг 790 нафари, бетартиб жинсий ҳаёт кечирувчиларнинг эса 161 нафари ОИВ инфекциясига қарши текширувдан ўтказилди.

Худди шунингдек, 18 ёшгача бўлган ОИВ инфекцисини юқтирган болаларнинг 451 нафари, ҳисобда турганларнинг эса 420 нафари ижтимоий муҳофазага олинди.  

Касалликни даволашдан кўра олдини олган маъқул. Соғлом турмуш тарзи, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, саломатлигимизга эътиборли бўлиш узоқ ва бахтли ҳаёт кечиришимизнинг гаровидир. Бу каби касалликларга қарши кураш фақатгина тиббиёт ходимларининг вазифаси эмас, барчамизнинг асосий бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз лозим.

Муаллиф: З. УМИРЗОҚОВ, вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази услубий, профилактик ва эпидемияга қарши тадбирларни ташкил қилиш бўлими мудири

1.12.2018 72 96 Саломатлик
окна фотограф html php памятники знакомства