samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Германиялик шифокорлар Самарқандда

Чоп этиш

Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди, Германиянинг "Friedensdorf International" халқаро ташкилоти ҳамкорлигида бемор болалар учун тиббий кўрик ташкил этилди.

Мазкур тиббий кўрикда Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Жиззах, Навоий ва Хоразм вилоятларидан келган қарийб 150 нафар бемор бола германиялик малакали шифокорлар кўригидан ўтказилди. Тиббий кўрикда асосий эътибор куйишдан олинган жароҳат асоратлари, суяк, сийдик йўллари, таянч ҳаракат тизими касалликларига қаратилди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур ҳамкорлик алоқалари 2002 йилда йўлга қўйилган бўлиб, ўтган йиллар давомида 340 нафар бемор бола ўтказилган амалиётлар натижасида ўз дардига шифо топди. Ҳамкорлик доирасида 12 ёшгача бўлган бемор болалар даволанмоқда ва реабилитация қилинмоқда. "Соғ­лом авлод учун" халқаро хайрия фонди ногирон болаларни даволаш, кам таъминланган оилаларнинг бемор фарзандларини ижтимоий ва тиббий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида эътиборли ишларни олиб бормоқда. Айни мақсадда бемор болаларни хорижий мамлакатларнинг нуфузли клиникаларида даволаш бўйича махсус дастур ишлаб чиқилган.

— Қизимнинг оёғи уч йил ичида беш марта синган эди, — дейди Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи Севинч Эргашева. — Ўтказилган тиббий кўрик натижасига кўра, фарзандим 6 ой мобайнида Германияда даволаниб келди. Яратганга шукур, уч йил гипс­да ётган қизим бугун бемалол ҳаракатлана олмоқда. Айни пайтда мактабда ўқияпти, саломатлигида ижобий ўзгаришлар бор. Яна қайта тиббий кўрикдан ўтказиш учун бизни Самарқандга таклиф этишди. Ҳар бир ота-она ўз фарзандини соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишини истайди. Мамлакатимизда бемор болаларни соғломлаштиришга қаратилаётган бундай эътибор ва ғамхўрлик, яратилаётган шароит ва имкониятлардан миннатдормиз.

Тиббий кўрик натижаларига кўра, аҳволи оғир, деб топилган беморлар жорий йилнинг август ойида Германиянинг нуфузли клиникаларига 6 ойдан 3 йил муддатгача даволаниш учун юборилади.

Муаллиф: Умид АЛИМОВ, "Samarqand" мухбири

14.04.2018 149 28 Саломатлик
окна фотограф html php памятники знакомства