samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Германияликлар ҳам Самарқандда меҳмонхона қуради

Чоп этиш

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов Германиянинг "RIMC Hotels and Resorts" компанияси вакилларидан иборат делегацияни қабул қилди.

Делегация таркибида "RIMC Hotels and Resorts" компанияси бошқарувчиси Герт Прантнер, "Montana" компанияси бошқарувчиси Богдан Цешинский, германияда чоп этиладиган "Euro-Asia" журнали бош муҳаррири Марат Абишев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари ташриф буюришди.

Учрашувда Э. Турдимов бугунги кунда мамлакатимизда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу жараённинг талаблари, инвесторлар учун яратилаётган имкониятлар, солиқ ва бош­қа тизимлардаги имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот берди. Меҳмонлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди. Уларни, албатта, меҳмонхона қуриш учун ер ажратиш масаласи қизиқтирди. Айни пайтда Самарқанд шаҳрининг бош режаси ишлаб чиқилаётганлиги маълум қилинди. Мазкур жараён бир ярим ойда якунига етиши таъкидланиб, компания ўз лойиҳалари ва таклифларини батафсил етказса, вилоятнинг архитектура кенгаши томонидан ўрганиб чиқилиши айтилди. Келгусида мазкур компания билан, албатта, ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдорлик билдирилди.

Шундан сўнг Герт Прантнер ўз компаниясининг фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди. Унинг таъкидлашича, мазкур компания халқаро меҳмонхона тармоғи ва бошқарув соҳасида фаолият юритади. Айни пайтда унинг халқаро меҳмонхона тармоғида Германиядан ташқари Австрия, Италия, Испания, Швейцария, Хитой ва бошқа кўплаб мамлакатларда қатор меҳмонхоналари мавжуд. Учрашув давомида Испания, Италия, Австрия давлатларидаги меҳмонхоналари ҳақида батафсил маълумот бериб, уларнинг ўзига хосликларини таъкидлаб ўтди.

— Биз бошқа халқаро меҳмонхона тармоқлари каби барча меҳмонхоналарни бир хилда эмас, балки ҳар бир ҳудудга мос тарзда барпо этамиз, — дейди Герт Прантнер. — Бунда ўша мамлакатнинг об-ҳавоси, ҳудуд географияси, давлатнинг қонун-қоидалари, халқининг миллий урф-одатларигача алоҳида эътибор қаратамиз. Меҳмонхоналарда ишчи-хизматчилар ҳам маҳаллий аҳолидан танлаб олинади. Чунки, бугун турли минтақалардан келган меҳмонларни замонавий талаблар асосидаги шарт-шароитлар билан эмас, балки миллий ўзига хослик билан қойил қолдириш лозим. Биз Самарқанднинг довруғига мос, ҳар томонлама сайёҳларга маъқул тушадиган тарзда меҳмонхона барпо этишни мақсад қилганмиз. Вилоят ҳокимлиги томонидан таклифларимиз ижобий қабул қилинганлигидан хурсандмиз. Ўйлаймизки, меҳмонхона тармоғимиз янада кенгайиб, Самарқанддек буюк шаҳар билан боғланади.

Учрашувда меҳмонлар вилоятимизда туризм инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги таклифларини ҳам билдиришди. Инвестицион лойиҳалар мамлакатимизда ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганлиги қайд этилиб, таклифлар қонун доирасида кўриб чиқилиши маълум қилинди.

Делегация аъзолари Самар­қанднинг диққатга сазовор жойларида бўлиб, шаҳримизнинг туристик имкониятларини кўздан кечиришди.

 

Муаллиф: Алишер ИСРОИЛОВ

6.10.2018 261 78 Янгиликлар
окна фотограф html php памятники знакомства