samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

ГИД-ДАСТУР — САЙЁҲЛАР УЧУН ҚУЛАЙЛИК

Чоп этиш

Жаҳонда жаннатмонанд юртимизнинг ошуфтаси кўп.

Шу боис, бу муқаддас заминни ўз кўзи билан кўриш, тарихи, маданиятидан баҳраманд бўлиш, азиз қадамжоларини зиёрат қилиш истагида ҳар йили миллионлаб сайёҳлар мамлакатимизга ташриф буюришади.

Улар учун қулайликлар яратиш, оғирини енгил қилиш, туризм соҳасини ривожлантириш, хизмат сифатини ошириш бугунги кунда давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Бу борада қисқа вақт ичида ўнлаб ҳуқуқий ҳужжатлар қа­бул қилинганидан кўпчилигимиз хабардормиз. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси остида қўшни мамлакатлар билан маданий, ижтимоий-иқтисодий алоқаларнинг янада мустаҳкамлангани, дарвозаларнинг кенг очилгани эътирофга лойиқ. Юртбошимизнинг жорий йил 3 февралдаги тегишли фармонига мувофиқ, 2018 йил 10 февралдан бошлаб Исроил, Индонезия, Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур, Туркия ва Япония фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасига мунтазам авиақатновларни амалга оширувчи хорижий авиакомпаниялар ҳаво кемалари экипажларининг аъзолари учун мамлакатимиз ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгилангани, жаҳоннинг 39 мамлакати фуқаролари учун туризм визаларини расмийлаштиришнинг соддалаштирилган тартиби жорий қилингани диққатга сазовор. Бу, ўз навбатида, юртимизга келаётган туристлар оқимининг кун сайин ортиб боришига хизмат қилади.

Айни пайтда ушбу ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда олий таълим муассасаларининг етакчи мутахассислари томонидан туризм соҳасини ривожлантириш, сайёҳлар учун илмий-амалий асосларга эга, замонавий қулайликлар яратиш бўйича қатор илмий изланишлар олиб борилаётгани эътирофга молик. Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали дастурий инжиниринг кафедраси ассистенти Ислом Маматов туризм соҳаси ривожланган бир қанча давлатларнинг тажрибаларини ўрганиб, ахборот коммуникация технологиялари асосида юртимиз меҳмонлари учун қулайлик яратишга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

— Ҳар қандай сайёҳ, авваламбор, бегона мамлакатда қийинчиликларсиз, ўзи учун мақбул йўлни танлаб, мазмунли саёҳат қилишни истайди, — дейди Ислом Маматов. — Бунинг учун шу мамлакатда етарлича хавфсиз муҳит ва шароит яратилган бўлиши айни муддао. Туризм тараққий этган давлатларда сайёҳлик ресурсларларини (шу жумладан, объектларини) лойиҳалаштириш, яратиш ва улардан фойдаланишда географик ахборот технологиялар (ГАТ) фаол равишда татбиқ қилинган. Бундай пайтда сайёҳларни қоғоздаги карта қониқтирмайди. Шу боис уларнинг талабларини тўла қондириш учун ахборот тизимларида ҳудуд тўғрисидаги географик маълумотлар ва навигация воситаларидан фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Ана шундан келиб чиққан ҳолда Жанубий Кореянинг Миллий тадқиқот фонди (National Research Foundation) ҳомийлигида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Самарқанд минтақавий бўлими билан ҳамкорликда туризм марказларидан бири бўлган Самарқандда «SamaPP» гид-дастурини яратдик. Бунда Жанубий кореялик мутахассис Жеонг Жун Ли бизга яқиндан кўмак берди. Ушбу гид-дастур сайёҳнинг ўзи учун нотаниш шаҳарда мустақил ҳаракатланишида муҳим аҳамиятга эга.

Бундай гид-дастурлар дунёнинг кўплаб мамлакатларида яратилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ўз навбатида, жаҳон аҳли эътирофига сазовор бўлган Самарқанд, Бухоро, Тошкент ва бошқа шаҳарларимизда ҳам ушбу дастурнинг жорий қилиниши соҳа ривожида муҳим аҳамиятга эга. «SamaPP» гид-дастурининг биринчи версияси «Android» операцион тизимида ишлайдиган қурилмалар учун мўлжалланган. Бунга сабаб смартфон ва планшетларда фойдаланувчининг айни пайтдаги жойини аниқлаш ва кейинги борадиган манзилига йўналтириш учун GPS-қабул қилгич, компас, Wi-Fi ва бошқа хил техник жиҳозлар мавжуд. Бундан ташқари, бу қурилмани сайёҳ доимо ўзи билан олиб юради ва хоҳлаган жойига олиб бориши мумкин. Шаҳарга янги келган сайёҳ учун интернетга уланиш ортиқча ташвишдир. Айни пайтда уни шундай ташвишдан озод қилиш учун гид-дастур офлайн ҳолатида ҳам фаол ишлайди. «SamaPP»дан фойдаланишни хоҳлаган сайёҳ Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Самарқанд минтақавий бўлими веб-сайтидан ёки Google Play электрон дўконидан (www.play.goog­le.com) ўз мобиль қурилмасига бепул юклаб олиши мумкин.

«SamaPP» мобиль иловасидан турист саёҳат режасини ишлаб чиқиш, сайёҳнинг айни пайтда турган жойидан ке­йинги борадиган манзилига картада йўл кўрсатиш ҳамда шаҳарда жойлашган зиёратгоҳлар, овқатланиш шохобчалари, меҳмонхоналар ва савдо мажмуалари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлади. Бунинг учун дастур менюсидаги бандларга «мурожаат» қилиши кифоя.

— Самарқандга саёҳат учун келган хорижлик меҳмон ушбу дастур ёрдамида ўз саёҳат режасини тузиб олиши мумкин, — дейди Ислом Маматов. — У даст­­­лаб «Самарқандга неча кунга келдингиз?» деган саволга жавоб беради. Шундан сўнг туристга ҳар бир кун учун мумкин бўлган сайёҳлик курслари рўйхати тақдим этилади. Сайёҳ ушбу рўйхатдан ўзи хоҳлаган курсни танлаб, саёҳат режасини шакллантириб олади. Экранда шаҳар харитасининг тасвири пайдо бўлиб, унда  саёҳат йўналиши ташриф пунктларининг тартиб рақамлари билан белгиланган ҳолда кўрсатилади. Менюнинг тегишли бандини танлаб, сайёҳ ушбу тасвир орқали  ҳар бир ташриф пунктига тааллуқли батафсил маълумотларни (пиёда ёки автомашинада борилганда қанча вақт сарф бўлиши, унгача масофа қанча ва бошқаларни) кўриб олиши мумкин.

Сайёҳ  айни пайтда ўзи турган жойдан бирор манзилга бориш траекториясини билиб олиши учун экранга шаҳар картасининг саёҳат режаси кўрсатилган тасвирини чиқариб, ташриф пунктининг тартиб рақамини танлайди ва «Guid me here» тугмасини босади. Экранда йўналишни ва танланган ташриф пунктигача бўлган масофани  кўрсатадиган элемент пайдо бўлади. Яшил чизиқлар билан белгиланган бу элемент сайёҳ ҳаракати давомида сақланиб туради ва объектга яқинлашган сайин масофа кўрсаткичи камайиб боради.

Ислом Маматовнинг ушбу гид-дастурни яратиб, амалиётга жорий этганига кўп вақт бўлмади. Аммо ундан айни пайтга қадар 1500 нафардан ортиқ хорижлик меҳмонлар фойдаланишга улгурди.

— Бетакрор тарихий обидалар, гўзалликка бой маскан — Самарқандга аввал ҳам бир неча бор ташриф буюрганман, — дейди Жанубий кореялик Сан Мён Гим. — Очиғи, бошқа мамлакатлардаги каби сайёҳлар учун қўшимча қулайликларнинг камлиги боис олдинги сафар йўл бошловчи ҳамроҳлигида саёҳат қилишга мажбур бўлганман. «SamaPP» гид-дастури эса бундай эҳтиёжга зарурат қолдирмади. Унинг ёрдамида ватандошларимиз билан Самарқандда мустақил саёҳат қилаяпмиз.

Мана, ташаббускорлик, изланиш инновация ва илмнинг туризм тараққиётига таъсири. Ислом Маматов каби ёш тадқиқотчи олимларнинг сафи кўпайиб борса, юртимизда нафақат туризм, балки ижтимоий-иқтисодий ва бошқа соҳалар ҳам жаҳон стандартлари асосида тараққий этишига шубҳа йўқ.

Муаллиф: Абдуҳошим ЗИЁДОВ, «Samarqand» мухбири

28.02.2018 186 15 Иқтисодиёт
окна фотограф html php памятники знакомства