samarkandnews.uz – халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ва шаҳар ҳокимлигининг «Samarqand» газетаси раcмий веб-сайти

Виждонли талабалар

Чоп этиш

Ҳозирги талаба ўтган асрнинг саксонинчи йилларида "студент", деб аталарди. Бу даврнинг аломат, ғаройиб воқеалари шунчалик кўпки... Келинг, гапни чўзмасдан мақсадга ўта қолсам дегандим.

Хуллас, тўртинчи босқичда ўқиётганимизда "отахон" курсдошимиз — Қурбонали аканинг чўнтаги "қаҳратонлашиб" қолибди. Якшанба куни ижарадоши — матфак талабаси Сардор билан гапни бир жойга қўйиб, ишлагани "ТошМИ"га чиқишди. "ТошМИ" — "Тошкент мардикорлар институти", деб "расшифрўбка" қилинади. "ТошМИ" Тошкентнинг "Ғунча" кинотеатри ёнидаги улкан кўприк тагида жойлашган эди. Дам олиш кунлари бу ерга талабалар ҳам келишарди.

... Қурбонали ака билан Сардор ҳам ишталаб мардикорлар сафида узоқ туриб, "клиент" кутишди. Қани энди бир кунлик ишга лоақал 10 сўм тўлайдиган валийнеъмат топилса!? Бир ёқда қорин қурғур қулдурайди — тушлик яқинлашмоқда. Бир пайт бозорга миршаблар кириб келишди. Ҳамма ўзини тўрт тарафга урди.

Талатўпда Қурбонали ака билан Сардор югурганича Чорсу бозорига кириб, "қутулишди". Иккаласи ҳам нафас ростлаб қарашса, сомсапазлар растаси ёнида туришибди. Тандирдан узилаётган сомсанинг оромижон бўйи...

— Сардор, сомса еймизми? — Қурбонали аканинг қувлиги тутди.

— Ахир, — Сардор чайналди.

Қурбонали ака дадиллик билан сом­сапазга яқинлашиб, қуюқ ҳол-аҳвол сўрашгач:

— Сомса қанчадан бўлди? — деди салмоқлаб.

— 20 тийин, қани қайноғидан олсинлар, — дея сомсапаз битта сомса тутқазди.

Сомсадан энди бир тишлам узиб, чайнашга чоғланган Қурбонали аканинг кўзи Сардорга тушди.

— Буёққа кел, — дея ёнига имлади уни. Сўнг сомсапазга:

— Буям биздан, — деб танишдирди.

— Студентмисила, — деб сўради Сардорга битта сомса узатаркан сомсапаз.

Иккаласи ҳам тасдиқлагач, сомсапаз ўзининг ТошПИда қандай ўқигани-ю, битиргач, ишламасдан ўзини бозорга ургани...ни мароқ билан сўзлади. Оғзи гапдан, қўли савдодан бўшамаган сомсапаз саховати билан уларнинг ҳар бири 4 тадан сомсани паққос туширишди. Ҳатто, бир пиёладан чой ҳам ичишди.

Қурбонали аканинг парвойи фалак. Сардор эса пиёладаги чойни ичдими, ё ёқасидан ичига тўкилиб кетдими, хаёлида: "Сомсанинг пули нима бўлади?", деган ҳадик ўйнайди.

— Сомса жудаям мазали экан, — деди ниҳоят Қурбонали ака лабу мўйловини дастрўмолчаси билан артаркан, сом­сапазга юзланиб.

— Ҳа, энди, окайлани қўли ширинлигини хаммалари билишади.

— Биз ҳам билавуза, ока-а, — Қурбонали ака тамшанганича пиёлани бўшатди. — Энди бизга рухсат.

— И-е, — сомсапаз "каропка"даги пулларни титкилади. — Нечпул берувдингла?

— Ҳа, энди... — деди Қурбонали ака атайин...

— Ҳа-а, бўлди-бўлди, — сомсапаз шошганича "кассаси"дан 1 сўм 40 ти­йин олиб, Қурбонали акага тутқазди. — Уч сўм бергандингла!..

Алқисса, икковлоннинг ҳам қорни тўйди, ҳам чўнтагига "ғойибдан" тушган 1 сўм 40 тийин билан якшанба кечасини ўтказиб, душанбага етиб келишди. Эрталаб кечаги "1 сўм 40 ти­йин"ликдан ортган буханка нон билан нонушта қилиб, дарсга отланишди.

Не бахтки, Қурбонали акага шу куни стипендия беришди. Кечга яқин хонага келса, Сардор қорнини ерга бериб ётибди: ҳойнаҳой тушлик қилмаган.

— Тур, ўрнингдан, — буюрди "каттакон". — Қорнинг оч бўлса, сомсахўр­лик қиламиз!

Очликдан силласи қуриёзган Сардор акасига эргашди. Тўхтаган жойлари кечаги сомсапазнинг дўкони бўлди. Яна кечагидек сомсахўрлик давом этди: иккаласи 8 та сомсани паққос туширди. Ҳисоб-китоб ҳам "силлиққина" бўлди — Қурбонали ака сомсапазга 3 сўм 20 тийин узатди.

Пулни санаб оларкан, сомсапаз ажабланди:

— И-е, кўп берибдиларми?

— Кўпмас, — деди Қурбонали ака. — Кеча хаёлимиздан фаромуш бўлибди — икки кунлик!

— Ахир, ман силарга "сдачи" ҳам берган эдим-ку.

— "Сдачи"ни ҳам билмасдан чўнтакка уриб кетаверибмиз-да...

Бир қўлидаги пулга, бир икки виждонли талабага боқаркан, сомсапаз ўзича:

— Шундай "устудентлар" ҳам бор экан-а, — деди-ю, яна чаққонлик билан савдога киришди.

Муаллиф: Қувондиқ ХАЛИЛОВ

4.04.2018 163 24 Адабиёт
окна фотограф html php памятники знакомства